Туркиянинг энг мафтункор шаҳарларидан бири бўлган Истанбул шаҳрида музейлар кўп. Уларнинг орасида Фотиҳ туманида жойлашган Тўпқопи саройи энг машҳури бўлса, Ислом маданияти ва ютуқларини кўз-кўз қилувчи бир қатор маданият ўчоқлари ҳам борки, уларни кўпчилик билавермайди. Шулардан бири Истанбул (Босфор) бўғозининг ўртароқ қисмида, Сариер тумани Амирғон маҳалласида жойлашган Сакип Сабанжи музейидир.
Шундоққина бўғознинг ёқасида жойлашган мазкур музей Сабанжи университетига қарашли бўлиб, унда бой хаттотлик намуналари, Усмонийлар халифалиги даврига оид ноёб қўлёзмалар, қийматли китоблар, султонларнинг қўлёзмалари ва ўша давр рассомларининг мўйқаламига мансуб сувратлар, уй ва кутубхона жиҳозлари жой олган. Гарчи музей 2002 йилда очилган бўлса ҳам, бинонинг ўзига яраша қизиқарли тарихи бор.
Истанбулдаги Босфор бўғозидаги энг қадимги аҳоли пунктларидан бири бўлган Амирғондаги Отли кўшк саройи 1927 йили италиялик архитектор Эдуард Де Нари томонидан қурилган. Қасрнинг биринчи эгалари Мисрнинг Хидивлар оиласи ҳисобланади. Кўп йиллар ёзги қароргоҳ сифатида фойдаланилган вилла бир муддат Черногория давлатининг элчихонаси вазифасини ҳам бажарган. 1950 йилда Туркиянинг машҳур ишбилармонларидан бири Ҳожи Умар Сабанжи томонидан сотиб олинган. Унинг вафотидан кейин (1966) фарзандлари отасининг номига вақф очишади. Ҳожи Умар Сабанжи вақфи маблағлари ҳисобига 1974 йилдан буён 120 дан ортиқ ўқув юртлари, талабалар учун ётоқхоналар, тиббий муассасалар, спорт салонлари, маданият марказлари, ижтимоий ёрдам ошхоналари қурилган. Бундан ташқари вақф томонидан шу кунгача 60 мингга яқин талабага стипендия (туркчаси бурс) ажратгани ҳам диққатга сазовор.
Ҳожи Умарнинг олти нафар фарзанди бўлиб, уларнинг барчаси отасининг изидан борди: тижорат ва хайрия ишларида бардавом. Масалан, 1994 йилда улар Сабанжи университетини ташкил этишган. Ўғилларидан бири Сакип Сабанжи отасидан қолган бой хаттотлик ва расм коллекциясига эга саройни 1998 йили музейга айлантириш учун Сабанжи университетига бериб юборди. 2002 йилда замонавий галерея қўшилиши билан очилган музейнинг кўргазма майдонлари 2005 йилда тартибга солинган ҳолда кенгайтирилди ва техник даражада халқаро стандартларга эришди.
Сакип Сабанжи 2004 йили Форбес журналининг миллиардерлар рўйхатида 147-ўринни эгаллаган. Халққа меҳрибонлиги, хайрсеварлиги туфайли унинг номи Сакип оға сифатида тилга тушганди. 2004 йил 12 апрелда вафот этганида унинг жанозасида тахминан 100 минг киши иштирок этганди.
Отли кўшкнинг юқори қаватида Усмонли хаттотлигининг муҳим асарларидан иборат хаттотлик тўпламида Қуръоннинг нодир қўлёзмалари ҳам мавжуд. Музейнинг расм коллексияси илк турк расми намуналари ва Усмонлилар халифалигининг охирги даврида Истанбулда ишлаган Фаусто Зонаро ва Иван Айвазовски каби хорижий рассомларнинг асарларидан иборат. Асарлари жамланган маҳаллий рассомлар орасида Усмон Ҳамди Бей, Шакар Аҳмад Пошо, Сулаймон Саййид, Фикрат Муалла ва Иброҳим Чалли каби номлар бор.
Отли кўшкнинг биринчи қаватида Сабанжилар оиласи фойдаланган XVIII-XIX асрга оид декоратив санъати асарлари ва ноёб мебеллар жой олган. Музей боғида Рим, Византия ва Усмонли даврига оид археологик ва тош буюмлар кўргазмага қўйилган.
Мазкур маданият ўчоғига Фотиҳ туманидан бориш жудаям қулай. Машҳур Эминўни даҳасидан Сариерга борадиган вапур (кема) орқали бориш энг яхши вариант. Бундан ташқари метро, трамвай ва автобуслар орқали ҳам етиб олиш мумкин. Чипта нархи ҳам қиммат эмас: 50 лира. Чоршанба кунлари эса бепул. Истанбулга келсангиз, мазкур музейга албатта ташриф буюринг. Бежиз айтишмайдию, минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши деб.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири