Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Назм

Иймонга дарз кетса - қиёмат кўпар

1572

Жаноб Расулуллоҳ: “Ғайбнинг  калити  бештадир”, дедилар, кейин: “Дарҳақиқат, қиёматнинг қачон бўлмоғини фақат Оллоҳнинг ўзи билур” деган  оятни  ўқидилар. (ҳадисдан)

Мусоҳаба қизиб кетган дам, 
Пайдо бўлди нотаниш одам. 
Савол берди кирган чоғиёқ, 
«Иймон недир эй Расулуллоҳ?»
— Иймон — Оллоҳ, фаришталарни, 
Пайғамбарлар, ҳисоб, қадарни: 
Ўлимдан сўнг қайта тирилмоқ— 
Барчасини ҳақ дея билмоқ. 
Бояги зот қавмни этиб лол, 
“Ислом не?” — деб ташлади савол.
— Ислом — ёлғиз Оллоҳга тоат, 
Ширк келтирмай қилмоқ ибодат. 
Фарз закотни бермоқ бегумон, 
Рўза тутмоқ келса рамазон.
“Эй пайғамбар, нимадир эҳсон?”
Тағин савол беради меҳмон.
— Эҳсон — дилдан ибодат қилмоқ, 
Қошимда деб Оллоҳни билмоқ. 
Сиз кўрмайсиз Оллоҳингизни, 
Аммо кўриб турар У сизни.
— Айтинг, қачон бўлгай қиёмат? 
Расулуллоҳ қилур марҳамат:
— Билимдонроқ эмасдур чиндан 
Сўралгувчи сўрагувчидан. 
Ялангоёқ, бетайин бир жон — 
Юрт устида бўлса ҳукмрон;
Ўз хожасин туғса гар аёл
Бу қиёмат белгиси — аён; 
Бошланажак қиёмат қай кун, 
Кўкдан қачон ёгади ёғин; 
Кимга қайдан, қандай ризқ унар, 
Ким қаерда, қай ҳолда ўлар; 
Қандоқ фарзанд кўради аёл, 
Булар ёлғиз Оллоҳга аён... 
Расулуллоҳ тўхтагани он, 
Турди-кетди нотаниш меҳмон.
 Қайтармоққа чиқишди, аммо 
Топилмади изи ҳам ҳатто. 
Шу сўзлар-ла сўнг Расулуллоҳ 
Қавмни этди бир сирдан огоҳ:
 — У Жаброил, келганди бу кун 
Сизга динни ўргатмоқ учун.

ИЗОҲ: Бу воқеани Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Бошқа бир ҳадисда эса нотаниш кимса кириб келиб, Расулуллоҳнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўгиради-да, савол беради. Пайғамбар алайҳиссалом ҳар гал жавоб қайтарганларида “Тўғри”, деб қўяди. Кейин индамай чиқиб кетади. Саҳобалар уни қайтариб келиш учун чиққанларида ахтариб топишолмайди. Бу ерда сал бошқачароқ ривоят қилинган. Аммо мазмун, моҳият бир хил.

“Парвардигорим мени кўриб турибди, мен унинг қошидаман”, дея ибодат қилиш-банданинг эҳсони экан. Бунинг ажри қандай бўлишини тасаввур қилаверинг!

“Аёл ўз хожасини туғса” жумласини ҳар ким  ҳар хил талқин этган. Биз ўқиган ривоятда шундай изоҳ бор: “Аёл ўз хожасини (яъни, гапига итоат қилмайдиган, аксинча ўзига буйруқ қиладирган нобакор фарзанд) туғса...”

Ота-оналарга итоатсизлик, уларга беписандлик билан муомала қилиш қиёматни яқинлаштирар экан.

Аъзам ЎКТАМ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қаддингни ростла!

1984 22:00 15.05.2021

Дил аро ёдинг мужассам...

1511 07:00 06.05.2021

Рамазонда рўза тутганлар

1206 20:00 03.05.2021

Адолат нелигин Умардан сўранг...

2215 22:00 23.04.2021

Абдулла Қодирий: “Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз...”

4548 18:00 23.04.2021

Умр ҳисоби

1371 08:30 22.04.2021
« Орқага