Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Иймонга келган йигитни “суннат қилиш” керакми?

3610

Бу саволга тез-тез дуч келиб турамиз. Кимдир вояга етгач, ҳидоят топади, Ислом динини қабул қилади. Агар у эр киши бўлса, дарров масала бошланади: “Хўш, энди нима бўлади, буни суннат (хатна) қилиш керакми, ёки йўқ?” Мазкур саволга ўттиз йиллар нари раҳматли уламо Шамсиддин қорипочча жавоб бериб кетганлар, бу гап қулоғимда қолган. Аввало сўзни у зот билан озгина таништиришдан бошласак ва шу баҳона жаннатмакон устозимизни озгина хотирласак, рози бўласиз, деган умиддаман...

Шамсиддин қорипочча деса, нафақат наманганликлар, балки бутун марказий осиёдаги аҳли илмларнинг кўз ўнгида диний уламо ва ҳофизи Қуръон, дин йўлида соч-соқоли оқарган, салобатли ва нуроний сиймо гавдаланади. У зоти шариф таниқли уламолар Умархон домла ҳафизиҳуллоҳ, раҳматли Довудхон ва Олимхон домлалар қатори каминага оқ-қорани танитган Билолхон домла Рустамхон ўғилларининг ҳам устозлари эдилар.

Ўтган асрнинг 90-йиллари Наманган шаҳридаги «Эшон Шайх» масжидида (маҳаллий аҳоли Сой бўйи масжиди дейди) узоқ йиллар имомлик қилганлар. Собиқ Иттифоқ даврида динни қўлида чўғ тутгандай тутиб, юзлаб шогирдлар етиштириб чиқарганлар. Таърифлари шуки, муомалалари ноҳоятда ҳалим, очиқ кўнгил, очиқ юз, аммо диний масалаларда қатъий фикрлари билан ажралиб турардилар. Тақволи, соддадил зот эдилар.

Ўша пайтлари мадрасада ўқиш билан бирга «Эшон Шайх» масжидида яшаб турардик. Шу баҳона кўплаб аҳли илмлар қатори Шамсиддин қорипочча билан ҳам кўришиш, у зоти бобарокотнинг нурли суҳбатларидан баҳраманд бўлиш насиб этган. Ёшлари саксонларга яқинлашиб қолган қорипочча ҳар жума куни бомдод намозидан кейин “Дашт” деб номланадиган қабристонга, марҳум падари бузрукворлари ва волидаи муҳтарамаларининг зиёратига борар эдилар. У кишининг ҳайдовчилари мени домлага “тиргак бўлиш” учун бошлаб олардилар. Шундай ажиб ва саодатли кунларни насиб этганига Аллоҳга қанча ҳамд айтсам ҳам камлик қилади.

Биз билан бирга таҳсил оладиган татаристонлик курсдошимиз бор эди. Унинг отаси татар, онаси рус бўлиб, болалигида онаси қаттиқ қаршилик кўрсатиб, хатна қилдиргани кўнмаган экан. Шунда ёш муллаваччалар, ёши катта масжид ходимлари суннат лозимлигини муҳокама қилиб кетдилар. Шифокорга боришга келишилди. Аммо шу орада кимдир “Бир оғиз қорипоччадан сўрайлик”, деб қолди. Кўплашиб устозга юзландик. Шунда у зот: “Хатна қилиш суннат, сатри аврат эса фарз. Фарзни бузиш эвазига суннат қилинмайди. Бу нарса унинг иймонига нуқсон етказмайди. Масалага илм билан ёндошиш керак”, дедилар.

Ҳамма жим бўлиб қолди. Бир қараса оддий масала, лекин ҳаммамизнинг ҳам хаёлимизга келмаган экан бу жиҳати. Бизга бир умрлик сабоқ бўлди бу...

Шу гапга ҳам ўттиз йил бўлибди. Ижтимоий тармоқ ривожланаётган замонда мазкур саволга дуч келиб қолсам, кўз ўнгимда раҳматли Шамсиддин қорипоччанинг мунаввар сиймолари гавдаланади.

Аллоҳ жойларини жаннатда қилсин...

Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Иймондан илҳомланган сармоялар

1566 12:30 12.07.2021

Асл бахтингиз оддий ва осойишта ҳаётингиздир. Бағрикенглик, муҳаббат ва иймон бўлса...

791 16:30 11.05.2021

Худонинг борлигини қандай биламиз? | Аллоҳга бўлган иймон

1177 14:30 05.05.2021

Ақида дарслари: «Соф эътиқод сари» Козимжон Иброҳим. 3-суҳбат Нималарга иймон келтиришим фарз?

604 12:00 01.05.2021

"Унинг дуоси ижобат бўлди..."

4336 10:30 16.04.2021

Эфиопиялик Буртикон

1825 11:35 05.04.2021
« Орқага