Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Масжидлар

Жаҳондаги энг йирик 10 масжид

2861

Мусулмон оламида масжидларнинг ўрни беқиёс. Улар нафақат ибодат, балки маърифат, саховат, ахборот алмашинуви марказлари ҳамдир. Эътиборингизга дунёдаги энг катта масжидлар ўнлигини ҳавола этамиз.

Масжидул Ҳаром — ҳимояланган масжид (Макка, Саудия Арабистони)

Ислом оламининг маркази — Макка шаҳрида жойлашган Масжидул Ҳаром энг улкан, барча мусулмонлар талпинувчи мўътабар масжид дунёдаги энг катта масжиддир. Ушбу масжид мажмуаси ер юзидаги илк ибодатхона — Каъбани ўз ичига олади. Афсоналарга кўра, Каъбани биринчи қурувчилар фаришталар бўлган. Асрлар давомида мавжуд бўлган асосий масжид имкон қадар кўпроқ диндорларни қабул қилиш учун қайта-қайта қурилган. Умумий саҳни 400 минг кв. метр бўлиб, 1,1 миллион нафар намозхонни сиғдира олади. Бу кўрсаткич Ҳаж мавсумида 4 миллион нафарга қадар ортиб кетади. Каъба эшиги 280 килограммлик соф олтиндан ясалган. Ҳар бирининг баландлиги 90 метрдан ортиқ тўққизта минораси, тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. 

Қуръони Каримда «Масжидул Ҳаром» ибораси бир неча маънода ишлатилади. Бу ҳудуд, Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган кунида ҳаром қилинган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир: дарахти кесилмайди, ўсимлиги юлинмайди, ҳайвонлари овланмайди ва уруш қилиб бўлмайди. Ичида ва атрофида ёмонликлар ва шариатда кўрсатилган бир қанча ишларни қилиш ҳаром бўлган масжид дегани.

«Масжиди Набавий» — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари (Мадина, Саудия Арабистони)

Мадинада жойлашган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиди дунёдаги иккинчи энг катта масжиддир. Масжид қурилиши 622 йилда бошланган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари иштирок этган. Масжид ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн этилган жой мажмуа ичида жойлашган бўлиб, деворлар билан ўралган. Дафн этилган жой тепасида яшил гумбаз кўтарилган. Шунингдек, «Масжидун Набавия»да Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳумларнинг ҳам қабрлари жойлашган. 

Масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтириб борилган. Дарҳақиқат, ҳозир масжид бутун эски шаҳарни қамраб олади. Масжидун Набавийга 600 мингга яқин одам сиғади. Ҳаж зиёрати мавсумида у 1 миллион намозхонни сиғдира олади. Масжиднинг майдони тахминан 400 минг квадрат метрни эгаллайди.  Масжиднинг 105 метрли иккита ва 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27 та томи, 400 дан ортиқ устунлари, 6 800 та қандиллари бор. Саҳни 100 минг кв. метрдан ортиқ.

Файсал масжиди (Исломобод, Покистон)

Покистон пойтахти Исломободда жойлашган «Фейсал» масжиди дунёдаги энг катта масжидлардан биридир. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланиб, 1986 йилда якунланган. Ибодатхона қурилишига Саудия Арабистони ҳукумати ҳомийлик қилган. Масжид биноси гўзал ҳудудда жойлашган. Лойиҳаси анъанавий масжидларни эслатмаслиги туфайли қурилиш жараёнида дастлаб кўплаб норозиликлар бўлган. Аммо кўринишидан бадавийлар ўтовини эслатувчи масжид тўлиқ қуриб битказилганидан кейин ундаги маҳобат ва қулайликлар барчага манзур бўлган. Файсал масжиди баландлиги 90 метр бўлган тўрт минора билан ўралган. Масжид умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади ва 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.

«Истиқлол» (Мустақиллик) масжиди (Жакарта, Индонезия)

Индонезия «Мустақиллик» масжиди Жануби-Шарқий Осиёдаги энг катта масжиддир. Дунёнинг энг кўп мусулмони жамланган давлатга мос бу йирик масжид қурилишига 1949 йилда Индонезиянинг мустақилликка эришиши туртки бўлган. Аввалига ғоя, кейинчалик лойиҳага айланган бу ташаббусга 1961 йилда киришилган ва давлат, эҳсонлар ва ҳомийлар кўмагида ўз бағрига 120 минг кишини сиғдира оладиган бу йирик масжид барпо қилинган.

Ҳасан II масжиди (Касабланка, Марокаш)

Марокашнинг энг йирик шаҳри Касабланка (Дорул Байзо)да жойлашган Ҳасан II жомеъ масжиди нафақат улкан ҳажми, балки гўзаллиги билан ҳам кўпчиликни ҳайратга солади. Бинонинг улкан шиша залидан тўғридан-тўғри  Атлантика океанининг ажойиб манзараси очилади. Масжид 1986-1989 йилларда қуриб битказилган бўлсада, ўз фаолиятини 1993 йилда бошлаган. Масжид минорасининг баландлиги 210 метр бўлиб, бу борада энг баланд кўрсаткич ҳисобланади. Умумий майдони 9 гектарга яқин бўлган масжидда умумий ҳисобда 105 минг киши ибодат қила олади. Қурилиш ва жиҳозлаш учун сарфланган 800 миллион долларнинг ҳаммаси ихтиёрий равишда қилинган эҳсонлардан жамланган.

«Бадшаҳи» масжиди (Лаҳор, Покистон)

Ушбу масжид XVII аср ўрталарида Покистоннинг Лаҳор шаҳрида бобурийлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори буйруғи билан қурилган. “Бадшаҳи” кўҳна шаҳар устида кўтарилган баланд супа устида барпо этилган. Масжид ҳовлисининг ўлчамлари 159×527 метр. Бино саккиз минорадан иборат: тўрттаси хонақоҳнинг бурчакларида ва бир хил масофада масжидни ўраб туради. Ташқи минораларнинг баландлиги 62 метр. Асосий кириш эшиги ғишт билан қопланган кенг ҳовлига очилади. Масжид 60 000 тагача намозхонни бағрига сиғдира олади.

«Ал-Солиҳ» масжиди (Сана, Яман)

«Ал-Солиҳ» масжиди Яман пойтахти Санадаги асосий ва энг катта жоме масжид ҳисобланади. У мамлакатнинг биринчи президенти Али Абдулла Солиҳнинг буйруғи билан, асосан, ўзининг шахсий маблағи (тахминан 60 миллион доллар) эвазига қурилган ва унинг номи билан аталган. Масжид ҳайратланарли даражада гўзал. Ҳар бирининг баландлиги 100 метр бўлган олтита минора кўриниб туради. Гўзал гумбазлар, турли хил тошлар, жумладан қора базальт ва қизил, оқ ва қора оҳактошлар, витражлар ва шиша деразалар билан безатилган. Масжид 2008 йилда расман очилган. Масжид бинолар мажмуасидан иборат бўлиб, уларнинг энг каттаси 27 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайди. Асосий зал 44 000 тагача намозхонни сиғдира олади.

Шайх Зайд масжиди (Абу Даби, БАА)

Шайх Зайд масжиди нафақат ўзининг катталиги, балки ҳайратланарли гўзаллиги билан ҳам машҳур. Бу Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти — Абу Даби шаҳрининг асосий безакларидан биридир. Масжид ички безаги билан сайёҳларни ўзига ром этади: биноларни безаш учун рангли мармар ва ярим қимматбаҳо тошлар ишлатилган. Бундан ташқари, дунёдаги энг катта ва ҳашаматли қандил ҳам шу ерга ўрнатилган. Масжиднинг майдони 22 минг квадрат метрни ташкил этади. Унда бир вақтнинг ўзида 40 мингга яқин киши намоз ўқиши мумкин.

Жоме масжиди (Деҳли, Ҳиндистон)

Деҳли жоме масжидининг қурилиши бобурийлар империяси қироли Шоҳ Жаҳон II даврида бошланган. Унинг номи муҳташам Тож Маҳал мақбара-масжиди қурилиши туфайли тарихга кирган. Жоменинг қурилиши 1656 йилда якунланган. Масжид мажмуаси тўрт бурчакли минорали баланд қизил девор билан ўралган. Бу ерга зинадан кўтарилиб, улуғвор дарвозалардан ўтиб, уч томондан бирига кириш мумкин. Ичкарида кенг майдон, периметри бўйлаб гўзал камар шаклидаги галерея, таҳорат олиш учун сув омбори ва ҳар бири баландлиги 40 метр бўлган учта гумбазли ва иккита минорали хонақоҳлар бор. Масжид 25 мингга яқин одамни сиғдира олади.

«Байрам» масжиди  —  Ийдгоҳ (Қашқар)

Дунёдаги 10 та энг йирик масжидлар рейтингини Хитойдаги энг катта масжид — «Байрам» масжиди (Ийдгоҳ) якунлайди. Масжид Шинжон-Уйғур автоном районининг Қашқар шаҳрида жойлашган. Масжид 1442 йилда қурилган. Унинг қадимий бўлимлари IX-X асрларга тегишли. Кейинчалик масжид кенгайтирилган ва қайта қурилган. Бинонинг ўзига хос хусусияти — бу ғишт қўшимчалари бўлган сариқ ғиштли дарвоза. Мажмуа майдони 16 800 кв.м. бўлиб, 20 000 нафаргача намозхонни сиғдира олади

Маълумот учун: Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам йирик масжидлар жойлашган. Жумладан, 2018 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркия билан ҳамкорликда қуриб битказилган масжид бир вақтда 20 минг намозхонни сиғдира олади. Остонадаги «Ҳазрат Султон» масжиди эса 11 гектарлик ҳудудда жойлашган бўлиб, умумий майдони 17 минг квадрат метрдан ортиқ. Сиғими эса 5 минг кишини ташкил қилади.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги Марказий Осиёда энг йирик бўлиши ва жорий йилда ишга тушиши кутилаётган масжид ўз бағрига 120 минг кишини сиғдириши мўлжалланган. Қатарлик ҳомийлар кўмагида 2009 йилдан буён қурилаётган бу масжид битганидан сўнг дунё етакчилари сафидан жой ола билади.

«Ҳазрати имом» мажмуаси Ўзбекистондаги энг йирик масжид ҳисобланса, Андижон вилояти Асака туманидаги «Холид ибн Валид» масжиди ҳам йирик масжидлар қаторида туради.

P.S.: Жума, ҳайит намозларида масжид асосий биносига қўшимча ён-атрофдаги майдонларда ҳам ибодат қилинишига кўра йирик масжидлар рўйхати турли манбаларда турлича кўрсатилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қирғизистонда биринчи “Халқ қурултойи” чақирилади

29 11:45 16.08.2022

Ғарбнинг буюклари пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида...  

200 11:15 16.08.2022

Ўзбекистонда «Имом Бухорий» ордени таъсис этилади

152 10:55 16.08.2022

«Тез ёрдам» машинасида сув ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

153 10:35 16.08.2022

Франция ғазнасидан миллионлаб пул ўғирлаган 4 нафар исроиллик ҳибсга олинди

151 10:10 16.08.2022

Саудия валиаҳди қирол Салмон номидан Каъбани ювди 

335 09:45 16.08.2022
« Орқага