Охирги пайтларда Ўзбекистонда, хусусан, пойтахтимиз Тошкент йўлларида тирбандлик ҳосил бўлаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунга автомобиллар сони йилдан-йилга ортиб бораётганидан ташқари, йўл инфратузилмаси талаб даражасида тартибга солинмаётгани ҳам сабаб бўляпти. Тирбандлик ортгани сайин иқтисодиётга ҳам, экологияга ҳам, инсон саломатлигига ҳам хавф ортиб бораверади.
Жорий йилнинг 13 декабрь куни президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 18-сон автобус саройи фаолияти билан танишди. Давлатимиз раҳбари шаҳар кўчаларида тирбандлик ортганини, жамоат транспорти хизматлари қониқарсиз эканини танқид қилди. Мутассаддиларга Тошкент шаҳри учун қўшимча мингта замонавий автобус сотиб олиш, 7 та ер усти метро бекатини тезроқ ишга тушириш бўйича кўрсатма берди.
Президент топшириғига асосан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро тезкор штаб тузилди. Шунга биноан, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ га тегишли 8 та автобус саройлари ва йўналишларга Ички ишлар вазирлигидан 212 нафар ходимлар жалб этилиб, вазирлик қарамоғига шаҳарнинг 7, 8 ва 18-сонли автобус саройлари бириктирилди. Шунингдек, автопаркларга Ички ишлар вазирлиги тасарруфида бўлган 30 та “ISUZU” русумли йўловчи ташувчи автобуслар ажратилди. Бундан ташқари, Тошкентда 475 кмга яқин 34 та алоҳида автобус йўлакчалари ташкил этиш ҳаракати бошланди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг автобусда юргани, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ масъуллари билан қилган йиғилишлари акс этган видеолар тарқалди. Йиғилишлардан бирида вазирнинг таъкидлашича, қайсидир автобус саройининг ҳайдовчилари 17 км масофага газ тўлдириш учун борар ва 5-6 соат навбатда туриб, кейин яна шунча йўл босиб келар экан. “Улар яхши дам олиб, тетик ҳолда ишга чиқиши керак эмасми? Қачон дам олади улар?!” деди вазир масъулларга юзланиб. Вазирнинг айтишига қараганда, бир ой ичида автобус ҳайдовчилари иштирокида уч-тўрт марта йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Чарчоқ аломати билан ишлаётган ҳайдовчи йўловчиларга чиройли муомала қилолмаслиги ҳам тайин.
“Ҳайдовчилар билан гаплашдик, “2.5 млн сўм ойлик оламан”, дейди. “Мукофот пули-чи?” десак, “Мукофот пули йўқ, аксинча, уни буни баҳона қилиб жарима қилади”, дейди. Шу масалага ҳам Президентимиз эътибор қаратиб, маошларни икки марта ошириш ҳақида кўрсатма бердилар. Бу ишларни асли сиз қилишингиз керак эмасми?! Ўзи 2.5 млн маошга ишласа, унга яна жарима солинса, бунақа шароитда ким ишлайди? Яна мингта автобус олиб келамиз, деяпмиз. Ваҳоланки, ҳозирнинг ўзида ҳайдовчиликка 20 фоиз вакант жой бор экан”, деди Бобожонов.
Дарҳақиқат, ўйлаб кўрайлик, мана шу масалаларга президентнинг шахсан ўзи аралашиши керакми? Бизнингча, бу каби муаммолар роса борса, шаҳар ҳокими даражасида ечилиши керак. Акс ҳолда қуйи бўғин раҳбарларининг нима кераги бор?
Ушбу муаммо кўтарилгандан бери имкон қадар барча ўзгаришларни кузатиб келяпман. Ечим қандай бўлиши қизиқтиряпти мени. Агар фақат ҳайдовчиларнинг моддий рағбати-ю автобуслар сонининг кўпайтирилиши билан кимфояланишса, вазият деярли ўзгармайди. Ўзгарсаям қисқа муддатда яна ўз ҳолига қайтади, деб ўйлайман. Бундай тушкун хулосага келишимнинг ўзига хос сабаблари бор, албатта.
Мен ҳам кўплар қатори йиллар давомида жамоат транспортидан фойдаланганман. Тошкентда каминага энг ёқадигани метро эди. Биринчидан, ёзда салқин, қишда иссиқ. Иккинчидан, йўл ҳақини олдиндан тўлаб кирасиз ва ҳайдовчи (машинист) пулга аралашмайди. Учинчидан ва энг асосийси эса ишлаш соати тайин, ҳар бир бекатда поезд қанча дақиқадан сўнг келишигача кўрсатиб туради, келаётган бекат номи эълон қилиниб борилади.
Автобус, машрутка ва ҳозирда пойтахт йўлларида юрмай қўйган трамвай ва троллейбуслар ҳақида бундай деб бўлмасди.
Биринчидан, келиш-кетишида тартиб йўқ, олдиндан билмайсиз; кутган йўналишингиздаги автобус келмай қолган пайтлари ҳам кўп бўлади. Иккинчидан, ҳайдовчи ва кондукторларнинг дарди йўловчиларни манзилга хавфсиз ва вақтида етказиш эмас, кўпроқ пул топиш; ҳатто ортидаги автобус етиб келгунча “одам йиғиб” тураверадиган ҳайдовчилар бор. Учинчидан, айниқса, ёзда роса иссиқ бўлади. Тўртинчидан, бекатларда шароит йўқ. Бешинчидан, ё ҳайдовчи вақтингизни ўғирлаб, йўл кира билан шахсан шуғулланади ёки кондуктор тиқилинчдаям одам оралаб пул олади (узр, бадгумонроқ одамман, йўлкиранинг қанчадир қисминиям “чўнтак қилиб” кетадилар деб ўйлайман, ёки кунлик пул топиш мажбуриятилари ҳаддан ортиқ юқори). Санайверса, камчиликлари кўп.
Бу каби вазиятларни шахсий ёки хизмат машинаси бор кишилар бир-икки марта жамоат транспортида юргани билан “кўриши” деярли имконсиз. Транспорт ёки Ички ишлар вазирларининг автобусда юргани ҳақидаги хабар ва видеолар чиққанини назарда тутиб айтяпман бу фикрларни. Чунки вазир тугул, оддий раҳбарча ҳам кутаётган автобуси кеч қолса, такси тутиб кетаверади. Аммо ойликка кун кечирадиган ва таксида юрса, рўзғор халтаси тешиладиган одамлар қанча кечикмасин, автобус ёки “машрутка”ни кутишга мажбур. Шунинг учун амалдорлар бу каби қийинчиликларни ўз таналарида ҳис қилиб кўришлари қийин, деб ишонаман.
Каминада бу вазият ўнгланишидан умидим йўқлигини айтдим. Буни тушунтиришим учун ҳозирда ўзим яшаб турган Туркиядаги жамоат транспортлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтишга тўғри келади.
Истанбул шаҳрига келганлар билади, шахсий машинада ҳайдашдан кўра, жамоат транспортида юриш қулайроқ. Ҳатто баъзида кўзлаган манзилингизга таксидан кўра, метро ёки трамвайда тезроқ етиб оласиз. Бу муаззам шаҳарда метро, трамвай, автобус, “маршрутка” (қардошларимиз дўлмиш ёки минибус дейишади), таксилардан ташқари, Тошкентда учрамайдиган метробус, телеферик (дор йўли), вапўр (кема) ва денгиз автобуслари ҳам маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг узоғини яқин қилмоқда.
Улардан фақат автобуслар фаолияти ҳақида тўхталмоқчиман. Туркиядаги автобусларда кондукторларни кўрмайсиз. Ҳайдовчи йўл ҳақи билан шуғулланмайди, фақат назорат қилади, аммо қўлига пул ушламайди. Ҳар бир шаҳарда жамоат транспортларининг алоҳида электрон карточкаси бўлади. Истанбулдагисини “Истанбул карт” дейишади. Ундаги турли воситалар билан тўлатиш мумкин.
Автобусларнинг фақат олди эшигидан чиқилади, бу қатъий талаб. Ҳар бир автобусга киришда махсус жиҳоз ўрнатилган. “Истанбул карт”ингизни унга яқинлаштирасиз – тамом – керакли маблағ автоматик тарзда ечиб олинади.
Туркияда йўлкиралар Ўзбекистонга нисбатан қимматроқ. Бунинг сабаби турклар нефт маҳсулотларини деярли юз фоиз хориждан сотиб олишади. Масалан, шу кунларда Истанбулда автобус йўлкираси 7 лира 67 қуруш (танга). Лекин йўналиши қисқароқ автобусларда арзонроқ. Барча йўналишлар бўйича талаба ва ўқувчилар учун тўлови 3,74 лира. Ўқитувчилар ҳам бошқаларга нисбатан арзонроқ тўлайди – 5.49 лира.
Энг қизиғи, йўлкира нархлари бир транспортдан тушиб, бошқасига минганингизда камайиб боради. Масалан, кки соат ичида бошқа уловга чиқсангиз, 5,48 лира тўлайсиз, учинчисига чиқсангиз яна ҳам озроқ. Бу ҳисоб-китоблар автоматик тарзда амалга ошаверади.
Туркияда ногиронлар, пенсионерлар, ғозийлар ва шаҳидларнинг яқинларига ўз вилоят ва туманларида жамоат транспортида бепул юриш учун махсус “карт” берилади. Шу жумладан, тўрт ёшгача чақалоғи бўлган оналарга ҳам йўлкира текин. Худди шундай имтиёз оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам берилган.
Мабодо “карт”ингизда етарли маблағ қолмаган бўлса, шунда ҳам ҳайдовчи қўлига пул ушламайди. “Бошқа бирор кимга илтимос қилинг, сиз учун картасини босиб қўйсин”, дейди. Шунақа пайтларда сизга бошқа йўловчилар ёрдамга келади ва аксарият пайтда йўлкира тўлаб юборган ҳожатбарор берган пулингизни олмайди. “Соғ бўлинг!” дейди беозор жилмайиб.
Пулини тўлаган йўловчилар ичкарига сурилади. Манзилга етганда эса ўрта ёки орқа эшикдан тушиб кетаверади. Агар бирор ногирон аравасидаги киши келиб қолса, ҳайдовчи тушиб, орқа эшиклардаги махсус “йўлакча”ни тушириб, аравани итариб чиқариб қўяди, бошқалар ҳам қараб турмайди, албатта.
Барча автобусларда кузатув камералари бор. Улар орқали “марказ” уловнинг ичи-ю ташини онлайн кузатиб туради, жумладан, ҳайдовчининг ўзини ҳам. Йўл давомида бирор муаммо юз берса, масалан, йўл транспорт ҳодисаси ёки улов бузилса, дарҳол “ёрдамчи куч” юборилади. Бундан ташқари жамоат транспортларида йўловчи кўпайиб кетса, орқадаги уловга тезроқ йўлга тушиш буюрилади (бундан ташқари йўловчиларнинг қўл телефонларига тирбандлик ҳақида сўровномалар келиб туради). Барча ҳайдовчиларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.
Деярли барча уловларнинг ойналари иссиқ пайтлари қорайтирилади, совутгич тизими ишлайди, қишда эса, табиийки, иситилади. Кимдир тушмоқчи бўлса, махсус тугмачани босади ва ҳайдовчига керакли ишора берилади. Орқа томондан босилса, ўша эшикнинг ўзи очилади, ўрта эшикни очиб ўтирмайди. Ёки аксинча... Автобусларда телефонларни қувватлантириб олиш учун керакли жиҳозлар ўрнатилган. Ҳар бир бекатга яқинлашишдан олдин ва бекатга тўхтаганда унинг номи автоматик равишда эълон қилиниб борилади. Бундан ташқари, автобус салонининг олди тарафидаги монитор орқали ҳам яқинлашиб қолган бекатлар номи кўрсатиб борилади. Ҳар бир автобусда имконияти чекланган одамлар учун алоҳида ва қулай жойлар ташкил қилинган.
Автобусларда фақат Истанбул Транспорт Академияси ўқув курсларини тамомлаган ҳайдовчилар ишлай олади. Ҳар бир ҳайдовчи маълум тизим асосида балл йиғиб боради. Аҳолининг мамнунлиги, хавфсиз ҳайдаш ва бошқа техник мезонларга кўра ўз балларини оширган ҳайдовчиларга қўшимча мукофотлар берилади. Йўловчилардан шикоятлар тушган, ҳаракат хавфсизлигини бузган, йўловчиларга хавф туғдираётган ҳайдовчилар белгилангандан пастроқ балл олса, шартнома бекор қилинади.
Ойлик маошлар босиб ўтиладиган километрлар бўйича тўланади. Масалан, “А” йўналиш ўн км бўлса, бир кунда 9 марта бориб келган ҳайдовчи билан ораси 15 км бўлган “Б” йўналишда 6 марта қатнаган ҳайдовчи тенг маош олади. Чунки ҳисоблаганда икки ҳам 90 км масофани босиб ўтган бўлади. Барча йўналишдаги ҳайдовчилар ҳар ой қандай маош олишларини назорат қилишлари мумкин. Шу сабабли автобуслар тўлдириш учун бекатларда ортиқча кутиш ёки йўловчи талашиш учун автобусдагиларнинг ҳаётини хавфга қўйганча “пойгалар” қилиш учрамайди.
Истанбулнинг 16 миллион аҳолиси бор ва агар сайёҳлар билан қўшиб ҳисобласак, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини бемалол 20 млн.дан ошади, дея оламиз. Майдони 5 712 квадрат километр бўлган мазкур шаҳри азимда ҳар куни 814 та автобус линиясида 6 минг автобус 3 миллион 785 минг йўловчига хизмат қилади (солиштириш учун: Тошкентнинг майдони 357,84 квадрат километр ва расман 2.6 аҳолиси бор. Демак, Истанбул пойтахтимиздан ҳудуд жиҳатидан тахминан 15 марта катта, аҳолиси эса 6-7 баробар кўп).
Истанбулда автобуснинг келиш вақтини деярли ҳар бир бекатда жойлашган электрон монитор орқали кузатиб туриш мумкин. Бундан ташқари, мобил телефондаги махсус иловада ҳам бу вақтларни кузатиш мумкин. Бирор бир йўналиш бўйича қатнайдиган жамоат транспортларининг кунлик ҳаракат жадвалини ҳам онлайн кузатиш имкони бор.
Шахсий машинада юрадиганлар ҳам аксарият ҳолларда жамоат транспортларига устунлик беради, тенг келиб қолган ҳолатларда автобус ёки минибусларга йўл бўшатади. Буларнинг барчаси йўловчиларнинг жамоат транспортлари бўлган ишончларини оширади.
Энди юқоридаги ишончсизлигим сабаби оз бўлса ҳам англашилган деган умиддаман. Фикримча, турк қардошларимиздан тажрибасини ўрганишимиз керак. Кондукторлардан воз кечиш, ҳайдовчиларнинг “пул ушлаши”га барҳам бериш, уларнинг зиммасидаги “режа” деган юкни олиб ташлаш ва электрон тўлов тизимига ўтишимиз шарт. Бунақа аппаратлар жуда қиммат туради деб ўйламайман.
Акс ҳолда яна озгина вақт ўтгандан кейин вазият “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаверади.
Абдулазиз Муборак, Azon.uz нинг Туркиядаги махсус мухбири