ШОМ ВОЛИЙИ
Халифа Умар бир неча мулозимлар билан Шом сафарига чиқди. Мақсад – у ердаги мусулмонларнинг аҳволини ўз кўзи билан кўриш, ҳолидан хабар олиш, Шом волийи, машҳур саҳоба Абу Убайда ибн Жарроҳнинг арз-илтимосларига қулоқ осиш эди. Ўнлаб отлар карвони кечга яқин Ҳижоздан келадиган йўлда биринчи бўлиб тўқнашиладиган Шом қишлоғи – Сирғга етиб келди. Бу ерда халифа Умар ва унинг йўлдошларини Ажнод (Фаластин, Ўрдун, Дамашқ, Химс, Қунсурайн) амирлари Шом волийи бошчилигида кутиб олгани чиққан эканлар. Абу Убайда ҳазрат Умар отининг жиловидан ушлаб, халифанинг эгардан тушишига ёрдамлашди. Икковлон қучоқлашиб кўришишди. Ҳол-аҳвол сўрашилди. Халифа Умар Расулуллоҳнинг машҳур саҳобаларидан доно ва жасур Абу Убайдани жуда ҳурматлар, унинг дилини ранжитмасликка тиришарди. Абу Убайда гап орасида Шомда вабо тарқаганини айтиб қолди. Ҳазрат Умар бир сапчиб тушдилар. Вабо давоси мушкул, ўта юқумли касаллик бўлганидан, бирор тадорикини топиш лозим эди. Ҳазрат Умар ибн Аббосга юзланиб буюрдилар:
– Эй Аббоснинг ўғли, менга биринчи муҳожирларни чақириб кел. Ибн Аббос ҳамсафарларидан бир неча кишини бошлаб келди. Ҳазрат Умар уларга маслаҳат солдилар: “Шомда вабо тарқалибди. Нима қиламиз – кириб бораверамизми ёки ортга қайтамизми?” Муҳожирлар тортишиб қолишди. Бирлари Шомга бораверишни маслаҳат беришса, бошқалари беҳуда ҳалок бўлмаслик учун Ҳижозга қайтишни мақбул кўришарди. Ҳар иккови томоннинг гаплари ҳам жўялига ўхшаб кўринарди:
– Шомлик мусулмон биродарларимизнинг ҳолидан хабар олгани чиққан эдик. Бу хабарни ҳамма эшитган, дўст-душман қараб турибди. Дўстларимизни ҳафа қилиб, душманларимизни шод қилиб, ортга қайтсак, қандай бўларкин?
– Сен билан шунча одам Шомга кетяпти. Улар орасида Расулуллоҳнинг саҳобалари, Ясрибнинг машҳур аъёнлари ҳам бор. Шунча одамни вабо тарқаган жойга олиб бориш уларни ўлимга маҳкум қилиш ила баробар эмасми?
– Жўнанглар олдимдан, – дедилар ҳазрат Умар уларнинг ихтилофга бораётганларидан тутақиб. Сўнг Аббосга буюрдилар:
– Менга ансорийларни чақириб кел!
Улар ҳам муҳожирлар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вабо ҳақидаги кўрсатмаларидан бехабар эканлар. Ансорлар ҳам иккиланиб қолишди. Умар ноилож ҳамсафарларидан бошқа бир гуруҳни чорлашга жазм этди:
– Менга ҳув анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел!
Фатҳ муҳожирларидан икковининг ҳам гапи бир жойдан чиқди:
– Одамлар билан орқага қайтишни, вабо тарқаган жойга бормасликни маслаҳат берамиз!
Ниҳоят, ҳазрат Умарнинг кўнгли таскин топди. У одамлар орасига жарчи юборди:
– Ҳаммага маълум қил, эрта тонг чоғи уловимга минурман, орқага қайтурмиз!
Шунда Абу Убайда шундай деб қолди:
– Аллоҳнинг қадаридан қочибми?
Шом волийининг бу гапи ҳазрат Умарга малол келди, оғир ботди. Аммо сиртига чиқармади. Чунки халифа шундай машҳур саҳобийни хафа қилиб қўйишдан қўрқарди. Буни Расули акрамга хиёнат деб тушунарди. Лекин барибир бир оз оғринганларини изҳор қилиб қўйди:
– Бу гапни сендан кутмагандим, эй Абу Убайда. Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочяпмиз. Мана сенинг бир қанча туянг бўлса-ю, уларни иккига бўлинган водийда ўтлатаётган бўлсанг. Бўлакларнинг биринчисида ўт-ўлан мўл-кўл, иккинчиси эса қуп-қуруқ, қовжираган. Туяларни у ўтлоқда ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан, бунисида ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан...
Шу пайт аллақаёққа ҳожати билан кетиб қолган Абдураҳмон ибн Авф келиб қолди-ю тортишувга нуқта қўйилди. Ҳазрат Умар тортишувга сабаб бўлган вабо ҳақида сўради. Абдураҳмон ибн Авф шундай деди: “Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қачон бирор ерда вабо чиққанини эшитсан¬гиз, у ерга борманг, қачон сиз турган ерга вабо тарқаса, ундан қочиб чиқманг” деганларини эшитганман”. Ҳазрат Умарнинг юзларига табассум қалқди: “Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарларнинг саййиди шундай деб кўрсатма берган эканлар-у боядан бери нега беҳуда тортишиб ўтирибмиз”. У киши ҳамроҳларига буюрди:
“Қани, отларга мининг! Ҳижозга кетамиз. Шомга эса кейинроқ келамиз. Хуш қол, эй Абу Убайда! Хуш қолинг, Ажнод амирлари!”
(давоми бор)
(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм)
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм)
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм)
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм)
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм)
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм) (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм)
(61-қисм) (62-қисм) (63-қисм) (64-қисм) (65-қисм) (66-қисм) (67-қисм) (68-қисм)
Аҳмад Муҳаммад