Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1337

АМИРЛАР АМИРИ

Умар ибн Хаттобнинг халифа сифатида биринчи қилган ишлари Шомдаги Ислом лашкарларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар билан бирга саркарда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг лашкарбошиликдан бўшатилиб, ўрнига Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бош лашкарбоши этиб тайинлангани ҳақида фармойишни юбориш бўлди.

Унда ҳазрат Умар лашкарбоши Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни ёзган эдилар: “Ўзи Боқий қолувчи, Ундан ўзга ҳамма нарса эса фоний бўлувчи, бизни залолатдан ҳидоятга, зулматдан нурга чиқарган Аллоҳга тақво қилишингни тавсия этаман. Дарҳақиқат, сени Холид ибн Валиднинг аскарига омил қилдим. Уларнинг ишини ҳақ билан бошқар. Ўлжа умидида мусулмонларни ҳалокатга бошлама. Уларни ўзинг яхши билмаган, кириш-чиқишидан хабаринг йўқ ерга туширма. Сарияларни фақат кўпчилик билан юбор. Мусулмонларни ҳалокатга тушириб қўйишдан сақлан. Ҳақиқатан, Аллоҳ мени сен билан, сени мен билан синайдиган бўлди. Кўзингни дунёдан юм, кўнглингни ундан четда қил. Дунё сенданолдингиларни ҳалок қилганидек сени ҳам зинҳор ҳалок қилмасин. Сен уларнинг қулаган жойларини кўргансан”.

Бу хабар етиб борганда мусулмон лашкарлари Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу қўмондонлиги остида Ярмукда румликлар билан катта жангга кириш арафасида эди. Шунинг учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам одамларга хабарни жангдан кейин айтишга қарор қилдилар. Фақат жанг мусулмонларнинг зафари билан тамом бўлганидан кейингина хабарни уларга айтдилар.

Музаффар лашкарбоши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, эй Абу Убайда! Хабар келиши билан айтсанг бўлмасмиди!” деди. “Мен сенинг жангдаги шаштингни қайтаришни истамадим. Биз дунёнинг султонини хоҳламаймиз. Биз дунё учун амал ҳам қилмаймиз. Ҳаммамиз Аллоҳнинг йўлидаги биродарлармиз”, деди камтарлик билан Абу Убайда ибн Жарроҳ. Шундай қилиб, у киши Ислом тарихида биринчи бўлиб амирул умаро – амирларнинг амири бўлдилар.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу катта мансабга эга бўлганларидан кейин ҳам заррача ўзгармадилар. Қўл остиларида ўша вақтдаги дунёнинг энг кучли ўрдуси турганига қарамай, оддий аскардек юравердилар. Шомдаги одамлар Исломдан олдин ҳашам-дабдабага ўрганиб қолишган эди. Мусулмонлар амирул умаросининг ҳоли бирпасда ҳаммаёққа шов-шув бўлиб тарқалиб кетди. Бу гапдан хабардор бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўз шахслари ҳақида турли афсоналар тўқиган одамларга хутба қилиб “Эй одамлар! Мен қурайшлик бир мусулмонман, холос. Сизлардан қизилингизми, қорангизми, бирортангиз мендан тақвода афзал бўлсангиз, ўшанинг ихтиёрида бўлишга тайёрман”, дедилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бир неча йиллар амирул умаро бўлиб ишлаганларидан кейин ҳам бу ҳолат ўзгармади. У кишининг зоҳидликларига ҳатто дунёдан юз ўгирганликда шуҳрат қозонган ҳазрат Умар ҳам қойил қолдилар. Шунинг учун ҳам ҳазрат Умар дўстлари Абу Убайда ибн Жарроҳни жуда ҳам яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. У киши ҳамма амирлари, омиллари ва волийлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бўлишини орзу қилар эдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайда ибн Жарроҳни бош қилиб бизларни Қурайш карвонини пойлаш учун юбордилар. У зот (алайҳиссалом) бизни бир идишдаги хурмо билан таъминладилар, бошқа нарса топа олмадилар. Абу Убайда бизларга бир дона-бир донадан хурмо берар эди. “Уни нима қилар эдинглар?” деб сўрадим. “Гўдак сўрганга ўхшатиб, сўрар эдик. Сўнгра устидан сув ичар эдик. Баъзиларимиз таёқларимиз билан барг қоқиб келар эдик. Кейин уни ҳўллаб ер эдик”, деди”. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо яна бундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳни соҳил томон жўнатиб, уларга Абу Убайда ибн Жарроҳни амир этиб тайинладилар. Улар уч юз киши эди. Уларнинг орасида мен ҳам бор эдим. Биз йўлга чиқдик. Йўлнинг бир қисмидан ўтганимизда емишимиз деярли тугаб қолди. Шунда Абу Убайда бутун қўшиннинг емишларини тўплашни буюрди. Ҳаммаси тўпланган эди, икки халта хурмо бўлди. У бизни ҳар куни оз-оздан егулик билан таъминлар эди. Ниҳоят, у ҳам тугашга келиб, бизга битта-биттадан хурмо тегадиган бўлди”. Мен “Битта хурмо нима ҳам бўларди?!” дедим. (Жобир) айтади: “Унинг қадри тугаганда билинди. Кейин денгизга етиб бордик.

Қарасак, кичик тоғдек бир кит (турибди). Бутуy қўшин ундан ўн саккиз кеча еди. Сўнг Абу Убайда буюрган эди, унинг қовурғаларидан иккитаси тик қилиб қўйилди. Кейин у бир улов келтиришни буюрди. Унга (бир киши) минди. Сўнгра икки қовурғанинг тагидан ўтган эди, уларга тегмади”. “Уюунул асар” китобида зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни бир сарияга бошлиқ қилиб, Зул Қисса номли жойга юборганлар. Ўшанда Бани Меҳроб ва Саълаба қабилалари бирлашиб, мадиналикларнинг Ҳайфада боқилаётган чорва молларини ғорат қилишган (талашган) эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар олдига Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошлиқ қирқ кишилик сарияни юбордилар. Улар Зул Қиссага етиб бориб, мазкур қавмнинг таъзирини бериб қайтишди.

ВАФОТИ

Ҳижратнинг 18 (милодий 639) йили Шомда жуда ёмон бир касаллик тарқалади. Араблар у касалликни “тоуни амвос” дейишарди. Касаллик дастлаб Фаластиндаги Амвос қишлоғидан чиққан бўлиб, бу касалликдан бир ой ичида йигирма минг мусулмон вафот этади. Шомда вабо тарқалаётгани ҳамма ёқда шов-шув бўлганда Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидаги амрни олди: “Менинг сенга бир ҳожатим чиқиб қолди. Сендан бошқа ҳеч ким мен учун уни ҳал қила олмайди. Агар ушбу мактубим сенга кечаси етиб борса, тонг отмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан. Агар ушбу мактубим сенга кундузи етиб борса, кеч бўлмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан”. Абу Убайда розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб “Мўминлар амирининг менга тушган ҳожатини билдим. У киши боқий эмас кимсани боқий қилмоқчи”, дедилар. Сўнгра қуйидаги мактубни ёздилар: “Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингни билдим. Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон сенга ушбу мактубим етиб борса, мени талабингдан ҳалол қил. Менга қолишга изн бер”. Ҳазрат Умар мактубни ўқиб, қаттиқ йиғладилар. У кишининг атрофида турганлар “Нима, Абу Убайда ўлибдими, эй мўминлар амири?” дейишди. “Йўқ. Лекин ўлим унга яқинлашибди”, дедилар у киши. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу одамлар орасида юриб, уларни сабрга чақирар эдилар. Охири дард у кишининг ўзларига ҳам хуруж қилди. Синчалоқларига кичкина бир нарса чиқди. Одамлар у кишига тасалли бермоқчи бўлиб, ҳеч нарса эмас, дейишди. У киши бўлса “Аллоҳдан умидим бор, шунга ҳам барака берса ажаб эмас”, дедилар. Охири у киши хасталаниб ётиб қолдилар.

Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади: “Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларни чақириб “Мен сизларга бир васият қиламан. Агар уни қабул қилсангиз, яхшиликда бардавом бўлурсизлар. Намозни ўқинглар, закотни беринглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж ва умра қилинглар. Бир-бирингизга насиҳат қилинглар. Амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизни ҳалок қилмасин. Агар бир одам минг йил яшаса ҳам, албатта, менинг сиз кўриб турган ҳолимга тушиши бор. Аллоҳ таоло Бани Одамга ўлимини ёзган. Улар ўлишади. Уларнинг энг фаросатлиси ўз Раббига итоаткорроқ бўлгани ва қайтар куни учун кўпроқ амал қилганидир. Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи! Эй Муоз, одамларга намоз ўқиб бер”. Ана шундан кейин Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу вафот этдилар. Жанозаларини Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўқиди. Вафот этганларида бир неча қурол, бир қўйнинг териси ва битта сув идишигина қолган. Абу Убайда Ўрдун ноҳиясида вафот этганлар, қабрлари Шариат дарёсининг ғарб томонида, Амё қишлоғида.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга етганда қаттиқ йиғладилар ва узоқ дуо қилдилар. Ҳатто у киши ўзларига қилинган суиқасддан сўнг ўлим тўшагида ётганларида одамлар ўзларидан кейинги халифа ким бўлишини сўраганларида “Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ тирик бўлганида ўшани халифа қилар эдим. Агар Раббим мендан у ҳақда сўраса, “Аллоҳнинг аминини ва Унинг Расулининг аминини халифа қилиб қўйдим”, дер эдим,” дедилар. Аллоҳ таоло икковларидан ҳам рози бўлсин!

давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм) (62-қисм) (63-қисм) (64-қисм) (65-қисм) (66-қисм) (67-қисм) (68-қисм) (69-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

2631 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1240 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1252 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

1714 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1191 22:10 28.01.2021
« Орқага