Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (47-қисм)

1260

Жуда кўп муаррихлар ҳазрат Алининг мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳога қилган ушбу гўзал муомалалари ва илтифотларини шарҳлашга киришиб, шундай сўзларни ёзишади: “Бу шундай гўзал муомалаки, тарихда бунга ўхшаш муомала ҳақида аввал эшитилмаган. Бу бирон-бир китоб саҳифасида ҳам қайд этилмаган. Ғолибнинг мағлубга қилмайдиган амалини ҳазрат Али томонидан қилиниши у кишининг буюк бир қалб эгаси эканларига далолат этади. Ойша онамиз ҳазрат Али жангда ғалаба қозонганларидан сўнг “Эй ибн Абу Толиб, қўлингга тушдик, энди ўзинг юмшоқкўнгиллилик қил!” дедилар. Ҳазрат Али эса Ойша онамизнинг гапларига илтифот кўрсатдилар, одил музаффардан кўра, кечирувчи музаффар ғолиброқ деб ўйладилар. Ҳазрат Али Мадинага кетаётган Ойша онамизга катта карвон жиҳозладилар, ўн икки минг дирҳамли совға бердилар, ҳеч нарсадан камитмай, катта эҳтиром ва иззат-икром билан кузатиб қўйдилар. Ойша онамиз кузатувчилар орасида турган Алини кўриб “Аллоҳга қасамки, мен билан Али ўртамизда аввалда ҳам ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У менинг ҳузуримда энг яхши кишилардан ҳисобланади”, дедилар. Ҳазрат Али ҳам Ойша онамизнинг гапларига жавобан “Ойша онамиз рост айтдилар, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай хусумат бўлган эмас, у киши жаноб Пайғамбаримизнинг дунё ва охиратдаги муборак завжаларидир”, дедилар.

Шундан сўнг ҳазрат Али жанг майдонида айланиб юриб, ҳалок бўлганларни бирма-бир кўрдилар, уларга қаттиқ ачиндилар. Кейин ҳамма жасадларни жамлаб, жаноза ўқидилар ва уларни бирга дафн қилишни буюрдилар. Ҳар икки томондан минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг қони тўкилган эди. Шу пайтда ҳазрат Алини энг қийнаб, дардига юз дард қўшаётган нарса ҳам ана шу бегуноҳ тўкилган қонлар эди. Мазкур туя ҳодисаси кўпчилик учун катта ва ибратли дарс бўлди. Жумладан, ҳазрат Али ўзларига қарши тарафдагиларнинг ўзларига байъат қилмаганлари ҳақида фикр қилдилар. Халифа сифатида иш олиб бориш учун ҳамманинг байъати зарур экани аён бўлди. Шунинг учун ҳам ўша ернинг ўзида байъат қилмаганлардан байъат олишни йўлга қўйдилар, ҳатто ярадорлардан ҳам байъат олинди. Халифа ҳазрат Али ушбу фитналарнинг асосий сабабчилари ҳазрат Усмонга қарши бош кўтарган ва у кишининг ўлимларига сабаб бўлган кимсалар эканини равшан тушуниб етдилар. Уруш тўхташи билан фитначиларнинг ҳеч кимга билдирмай Басрадан ғойиб бўлишгани ҳазрат Алининг фикрларини тасдиқловчи яна бир далил бўлди. У киши яна бир балони қўзғашмасин деб улар ортидан одам юбордилар.

СИФФИН ЖАНГИ

Ҳазрат Али Жамал воқеасидан ҳали ўзларига келмай туриб, у кишини Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутиб турарди. Шом волийи Муовия ибн Абу Суфён қўл остидаги қўшинда душманлик кайфиятини уйғотиб, янгидан у зотга қарши курашга отлантираётгани хабари келиб қолди. Муовия аскарларга катта сахийлик кўрсатиб, ҳадялар улашар, шу тариқа уларни ўз томонига ағдариб оларди. Лашкар ичида фитна шу даражада кучайтириб юборилдики, ҳазрат Алини Усмон розияллоҳу анҳунинг хунини ўз вақтида олмаганликда айблашдан ташқари халифа Усмонни қатл этишда иштирок этган ибн Сабаъ қўшинини ўзига қўшиб олгани учун ҳам масъулдир, деган даъвога уларда қаноат ҳосил қилдирди. Бу машъум хабарлар ҳазрат Алига етиб келганидан сўнг у киши Жарир ибн Абдуллоҳни бир мактуб билан Муовияга юбордилар ва уни ўзларига байъат этишга даъват қилдилар.

Муовия йигирма йилдан бери Шом волийи вазифасида ишлаган, жуда катта бойлик ва мартабани қўлга киритган эди. У бемисл нуфузга эга бўлган салоҳиятли бошқарувчи ва сиёсат кишиси эди. Ҳар бир одамнинг нозик нуқтасини топар ва шу еридан ушларди. Пул билан қўлга киритиладиган нарсаларни пул бериб сотиб оларди. Фикрларидан фойдаланиладиган одамларни эса сира назардан қочирмас эди. Ҳазрат Али ишдан бўшатган кишиларни ўз томонига ағдариб олишни унутмади. Амр ибн Ос каби бир дононинг ҳам жиловини қўлга киритган, муваффақият қозонган тақдирда Амрга Миср волийлигини беришни ваъда ҳам қилган эди. Муовия вазиятдан тўғри фойдаланиш йўлларини топган, шомликларни ҳазрат Усмоннинг қасосини олиш учун яхши тайёрлаган эди.

Ҳазрат Али ўзи ва сўзи бир, ичи ҳам, таши ҳам тоза, тўғри ва шарафли бир зот, ниҳоятда диндор киши бўлганлари учун замоннинг зайлига юриб, сиёсат ўйинларига мурожаат қилмадилар, ғалвали йўлларни танлашни ўзларига эп кўрмас эдилар. Аммо у кишининг ишни тинч йўл билан битириш, мусулмонларнинг қони тўкилмаслиги, ораларидаги ихтилоф яна ҳам катталашмаслиги учун қилган барча уринишлари фойда бермади. Шундан сўнг ҳазрат Али Муовиянинг қилмишини мусулмонлар жамоасига қарши чиқиш деб баҳоладилар ва ўттиз олтинчи сананинг ражаб ойидан ўн икки кун қолганида лашкар билан Шом сари юрдилар. У киши Нухайла деган жойга келиб, чодир қурдилар. Басрадан у ернинг волийи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан етиб келиб, ҳазрат Алига қўшилдилар. Бу хабар Муовияга етганда у киши ҳам Шомдан лашкар тортиб чиқди. Икки томон ҳижрий ўттиз олтинчи (милодий 656) йили Фурот дарёси бўйидаги Сиффин текислигида учрашди.

Ҳазрат Али бирданига уруш ҳаракатларини бошлаб юборганлари йўқ. У киши олдинига Муовиядан байъат олиш учун унга Жарирни элчи қилиб жўнатдилар. “Муҳожирлар билан ансорларнинг бари менга байъат қилишди. Сизга ҳам шундай қилишни маслаҳат бераман. Ўз мақсадингиз учун Усмоннинг шаҳодатини баҳона қилиб кўрсатмоқчимисиз?! Усмоннинг қотилларидан интиқом олмоқчи бўлсангиз, аввало бизга итоат этинг, сўнг адолат талаб қилинг. Шунда биз ҳам масалани ҳал қиламиз!” деган эдилар Муовияга ёзилган мактубда ҳазрат Али. Аммо Муовия Усмоннинг қотилларини топиб бериш талаби устида қаттиқ турди ва бунинг оқибатида икки мусулмон қўшини бемаъни бир жангга киришга мажбур бўлди.

Ўшанда ҳазрат Алининг қўшини тўқсон минг, Муовия аскарлари эса саксон беш минг эди. Уруш босқичма-босқич бир юз ўн кун давом этди. Икки томондан етмиш минг мусулмон жон таслим қилди. Жанг асносида ҳазрат Али Муовияни яна итоатга чорладилар. Аммо волий Муовия “Усмонга қарши исён қилганлар топширилмагунча ҳеч қандай келишув бўлиши мумкин эмас!” деб қатъий жавоб қилди. “Эй Муовия, халифа Усмоннинг қонини даъво қиляпсанми? Усмон қамалда экан, сендан қўшин сўралган пайтда қаерда эдинг?! Нега Усмонга ёрдам беришга шошилмадинг? Билиб қўй, бу ишда сен ҳам масъулсан!” деб жавоб беришди унга. Жангда мусулмонларнинг бегуноҳ қони тўкилаётганини кўриб, ҳазрат Али чидаб тура олмадилар. У киши мусулмонларнинг ҳалок бўлишини тўхтатиш ва ишни тезда бир ёқлик қилиш мақсадида отлари билан жанг қилаётган сафларни ёриб ўтиб, Муовияни яккама-якка олишувга чақирдилар. У чиқмади. Ўша куни кечқурун ҳазрат Али Муовияга мактуб юбордилар. Унда “Эй Муовия! Нима учун мен билан сенинг орамизда одамлар ўлиши керак?! Мен билан яккама-якка олишувга чиқ! Ким қарши томонни ўлдирса, ўша ҳукмга эга бўлади”, деб ёзилган эди. Муовия ўзининг энг яқин маслаҳатчиси Амр ибн Осга гап очди. У аввал “Инсоф қилибди, яккама-якка олишувга чиқ”, деди. Аммо бу маслаҳатдан Муовиянинг қаттиқ жаҳли чиққанини кўргандан кейин “Унга қарши ўзим чиқаман”, деди. Эртасига икки тараф яна жангга тайёрлана бошлади. Ҳамма ўз жойини эгаллаган пайтда Амр ибн Ос чиқиб, ҳазрат Алини яккама-якка олишувга чақирди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу чиқдилар ва икковлари яккама-якка олишувни бошлашди. Ҳазрат Алининг биринчи ҳамласидаёқ Амр от устидан ўзини ерга отиб, енгилганлигининг ишорасини қилиб узала тушиб ётиб олди. Ҳазрат Али унга бир қараб қўйдилар-да, ҳеч нарса қилмасдан, қайтиб кетдилар.

Уруш қизигандан-қизиб, икки томондан мусулмонлар қони сел бўлиб оқарди. Иттифоқо, урушнинг энг нозик палласида Муовияга ёрдамга етиб келган Амр ибн Оснинг ҳийласи вазиятни батамом ўзгартириб юборди. Бу Муовиянинг ҳаётини ҳам, истиқболини ҳам қутқариб қолди. Амр Шом аскарларига Қуръонни чиқартирди. Муовия аскарлари найзаларининг учига Қуръони каримни боғлашлари билан жанг дарҳол тўхтади. Табиий равишда келишув бошланди. Тарқалган Шом қўшини бирлашди. Бироқ Али қўшинида ихтилоф юзага келди. Қўшиннинг асов фитначилари ҳисобланган хорижийлар халифа қўшинида жуда кўпайиб кетган эди. Ҳазрат Алига қарши бўлганларнинг бошида шулар туришар эди. Волий Муовия икки тарафдан биттадан ҳакам сайланишини таклиф қилди. Халифа Али жангни янгиламоқчи эдилар, лекин ҳеч кимга гап уқтира олмаганлари учун “ҳакам усули”га чорасиз рози бўлдилар. Муовия Амр ибн Осни, хорижийлар эса Абу Мусо Ашъарийни ҳакам ўлароқ қабул қилишди. Ҳижрий 37 йили ҳакамлар қарори ёзилди ва имзоланди. Амр ибн Ос волий Муовиянинг Сиффин урушида ютқазаётганини кўриб, бу урушни ҳийла билан қандай тўхтатган бўлса, ҳакам усулидан ҳам бир наф келмаслигини тушунгач, айнан шундай йўлни тутганди. Икки томон ўртасида ўзаро бир неча хатлар ёзилиб, охири бир сулҳ тузилди. Унга кўра ички урушлар тўхтатилди. Куфа (Ироқ) халифалиги ҳазрат Алига берилди, Шом тарафи эса Муовияда қолди. Икки халифа ўзаро бир-бирларининг халифаликларини тан олдилар ва тасдиқладилар. Шу тариқа Ислом олами иккига ажралди, Ислом бирлиги бўлинди, парчаланди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

463 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

677 22:05 26.01.2021
« Орқага