Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (48-қисм)

786

ХАВОРИЖЛАР ФИТНАСИ

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу билан Муовия ибн Абу Суфён тайинлаган ҳакамлар сулҳ тузишга киришганларидан кейин хаворижларнинг хуружи янада кучайиб кетди. Хаворижлар аслида кимлар эди? “Хавориж” сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрат Алига қарши чиққанлари учун шу номни олишган эди.

Маълумки, Сиффин жангидан сўнг ҳазрат Али ва Муовия ибн Абу Суфён қўшинларини сулҳга келтириш мақсадида ҳакамлик иши ташкил этилганида ҳазрат Али саҳоба Абу Мусо Ашъарийни, Муовия эса Амр ибн Осни вакил қилиб тайинлашган эди. Ўртада келишув бўлиб, ҳар икки томон ҳам унга рози ҳолда имзо чекишди ва иттифоққа келишганини эълон этишди. Шундан сўнг Абу Мусо ўрнидан туриб, “Мен билан Амрнинг раъйимиз бир фикрда тўхтади. Умид қиламанки, шояд Аллоҳ бу билан Ислом умматини ҳозирги танг аҳволидан қутқариб, нажот йўлини кўрсатса!” деди. Ҳар икки ҳакамнинг якдил қарорига кўра, ҳазрат Али билан ҳазрат Муовия вазифаларидан озод қилиниб, мусулмонлар уммати ичларидан ўзлари севган ва ишонган одамларини халифа этиб сайлаб олишларига келишилди. Аммо Абу Мусонинг аввал сўз олганидан фойдаланиб қолган Амр ибн Ос фикридан қайтиб, ҳазрат Алини ишдан бўшатишга рози ҳолида “ҳазрат Усмон тайинлаган эди”, деган баҳонада Муовияни вазифасида қолдиришга қарор қилганини эълон этди.

Кутилмаган бу гапдан икки ўртада қаттиқ тўқнашув бўлди. Лекин имконият бой берилган, ғишт қолипидан кўчган эди. Абу Мусо хижолат чеккан ҳолатда Маккага қараб жўнади. Шом аҳли ҳам ўз юртига кетди. Халифалик Муовияга

топширилди. Муовия Шомга ғалаба қилган ҳолида музаффарона юриш билан кириб борди. Ҳазрат Али эса ўз аскарлари бошида улар орасида фасод оралаган ҳолда қайтиб кетдилар. Мана шу воқеадан кейин лашкар ичидан бир гуруҳи ўзини “хаворижлар” деб атаб, бир-бирлари билан сўкишган-тортишган ҳолатда ажралиб чиқиб кетди. Исломдаги бу илк фирқа кейинчалик турли фирқа ва гуруҳлар пайдо бўлишининг ибтидоси бўлди. Улар бошда ҳазрат Алига ёрдам бериш, у кишини қўллаш мақсадида тўпланган эдилар. Ўртада тузилган ҳукм шартномасидан кейин улар ҳазрат Алини тарк этиб, ташлаб чиқиб кетишди. Хаворижлар асосан, Басра ва Куфа аҳолисидан ташкил топган эди. Улар ҳазрат Алининг қўшинидан ажралиб чиққач, ўзларига Абдуллоҳ ибн Расмий деган кишини халифаликка сайлаб олишди. Улар ўз раъйларига қарши чиққан кишиларни ўлдиришга киришдилар.

Айни пайтда ҳазрат Усмон ва Алиларга лаънат ёғдира бошлашди. Улар улкан Ислом мамлакатининг турли жойларида фитна-фасод уруғини соча бошлашди. Ҳазрат Али уларни тинчитиш учун аскарларни қуроллантириб, хаворижларга қарши жанг қилишга мажбур бўлдилар. Қаттиқ жанглар орқали уларни бутунлай тор-мор қилдилар.

Шундан сўнг ҳазрат Али лашкарларини Шомга қарши юриш бошлашга чорладилар. Аскарлар эса урушларда қаттиқ чарчашганини баҳона қилиб, маълум вақтга дам олишга рухсат сўрашди. Ҳазрат Али муҳлат бериб, “Ҳаммангиз урушга яхши тайёрланинг, шомликлар ишини бир ёқли қилмагунча ҳеч ким уйига кетмасин” деб талаб қўйдилар. Аммо аскарлар битта-битта бўлиб Куфага кетиб қолишди. Ҳазрат Алининг қароргоҳлари бутунлай бўшаб қолди. Али аскарлари ичида юз берган бундай парокандаликдан фойдаланган Муовия ишонга кишиси Амр ибн Осни ўз томонидан Мисрга волий этиб тайинлади. Амр Мисрга катта қўшин билан бориб, уни бутунлай ўзига бўйсундирди ва шундан кейин Муовия ҳазрат Али тайинлаган волийни бўшатиб, Мисрни тўлалигича Амрга топширди. Ушбу воқеалардан кейин хаворижларнинг хуружлари янада кучайиб кетди. Улар ҳазрат Али ҳакамлик ишини қабул қилгани учун “кофир бўлди” деб фатво чиқаришди. Ҳолбуки, улар ҳазрат Алининг энг ишончли ва содиқ тарафдорлари эдилар. Али ибн Абу Толиб улар билан турли услубларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, жўяли насиҳатлар қилдилар, аммо сира фойдаси бўлмади. Ниҳоят, уларни йўлга солишдан умидларини узганларидан сўнг “Агар бизга қарши хуруж қилмасангиз, сизларни масжидларимиздан тўсмаймиз. Модомики, қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча сизларга қарши уруш очмаймиз”, дедилар.

Сўнгра ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта аскар билан Шом сари юриш қилдилар. Аммо йўлда кетаётганларида ортларидан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хаворижлар пайтни ғанимат билиб, ер юзидаги энг катта фасод ишларга қўл урган эдилар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзлари учун ҳалол ҳисоблаб, бегуноҳ мусулмонларнинг қонларини тўкиш, йўлтўсарлик қилишни бошлаб юборишган эди. Улар ўлдирган бегуноҳ кишилар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди. Абдуллоҳ ва аёлининг бирдан-бир “айб”лари ҳазрат Али тўғриларида, ўша пайтда дунёдаги энг афзал мусулмон ҳақида тўғри гапни айтганлари эди.

Икки ўт орасида қолган ҳазрат Али хаворижларни тинчитиш учун орқага қайтишга қарор қилдилар. Чунки улар одамларнинг йўқлигидан фойдаланиб, лашкарга қўшилишлари, юришга кетганларнинг бола-чақалари ва аҳли-аёлларини ҳам нобуд қилишлари мумкин эди.

Ҳазрат Али ўз одамлари билан хаворижларни таъқиб қилиб, Мадоинга етиб бордилар ва уларга ваъз-насиҳат қилиб огоҳлантирдилар. Аммо хаворижларга бу гап-сўзлар таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай, бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошлашди. Вазият чигаллашиб кетганидан сўнг ҳазрат Али сафдошлари Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга омонлик байроғини тикиб, “Ким ушбу байроққа келса, омондадир! Ким Куфага кетса, омондадир! Ким Мадоинга қайтса, омондадир!” деб жар солишни буюрдилар. Бу иш фойда берди. Хаворижларнинг кўпчилиги омонликни танлади. Фақат Абдуллоҳ ибн Ваҳб Росий бошлиқ мингга яқин хавориж урушни ихтиёр этди. Ҳазрат Али ўз одамларига урушни зинҳор биринчи бўлиб бошламасликни қаттиқ тайинлаб қўйган эдилар. Хаворижлар биринчи бўлиб уруш бошлашди. Урушда уларнинг деярли барчаси қирилиб кетди. Ҳазрат Али аскарларидан етти киши шаҳид бўлди, холос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида хаворижларнинг чиқиши ҳақида олдиндан айтиб қўйган эдилар. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Менинг умматимдан Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқади. Сизнинг қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Намозингиз ҳам уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Рўзангиз ҳам уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Исломдан ўқ камондан терс чиққандек чиқишади. Ўз¬ ларича буни ўз фойдаларидан деб ҳисоблайди¬лар. Ҳолбуки, бу уларнинг зараригадир. Агар уларга мусибат етказадиган лашкарлар ўзларига Набийлари тили билан ҳукм қилинган нарсани билишса, амалдан тўхтаб қолиша¬ди. Ўша нарсанинг белгиси – уларнинг ичи¬ да бир одам бўлади. Унинг билагида чиғаноғи бўлмайди. Унинг билагининг учида сийнанинг тугмачасига ўхшаш тугмача бўлади. Унинг устида оқ туклар бўлади” (Муслим ва Абу До¬ вуд ривояти).

Хаворижлар билан жанг тугаган заҳоти ҳазрат Али ана шундай сифатга эга бўлган одамни ахтаришни топширдилар. Бироқ бундай одам топилмади. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу унинг топилмаётганидан хафа бўлган ҳолда ўзлари ахтара бошладилар. Ниҳоят, ўликлар уйилиб ётган жойдан юқорида айтилган сифатли бир жасад чиқди. Шунда ҳазрат Али “Аллоҳу акбар! Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ёлғончи бўлмадим! Ана у: қўли қисқа, унда суяк йўқ, учида аёл киши сийнаси тугмачасига ўхшаш нарса бор! Унинг устида бешта-еттита тук ҳам бор!” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир фитначи қавм чиқиши ҳақидаги башоратлари тасдиқланди: ҳазрат Али хиёнат билан мусулмонлардан ажраб чиққан хаворижларгақарши қаттиқ жангга кириб, уларнинг барини қириб ташладилар. Хаворижлик ҳарбий куч сифатида тугатилгани билан фикр, жамоат ва фитна шаклида сақланиб қолган эди. Уларнинг аламзада қолдиқлари мусулмонларнинг раҳбарлари ҳазрат Али, Муовия ва Амр ибн Осни жисман йўқ қилиш режасини тузишарди.

(давоми бор) 

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

463 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

677 22:05 26.01.2021
« Орқага