Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (49-қисм)

913

ШАҲИДЛИК МАҚОМИ

Ислом давлатининг юқорида тилга олинган уч бообрў кишисини жисман йўқ қилиш хаворижларнинг миясини бир сония ҳам тарк этмас эди. Улар бу йўлда ҳам пинҳона, ҳам ошкора режалар тузишарди. Бир куни улардан уч киши бир жойда тўпланиб, ҳар уч бошлиқни, яъни Али, Муовия ва Амрни бир кунда, бир пайтда ўлдиришга қарор қилишди. Бу нияти бузуқ хаворижлар Абдураҳмон ибн Мулжам, Барқ ибн Абдуллоҳ ва Умар ибн Абу Бакр исмли кимсалар эди. Учаласи ваъдани бир жойга қўйиб, уч томонга – Абдураҳмон ибн Мулжам ҳазрат Алини ўлдиргани Куфага, Барқ ибн Абдуллоҳ Муовияни ҳалок этгани Шомга, Умар ибн Абу Бакр эса Амрни қатл қилгани Мисрга жўнаб кетишди. Ваъдалашилган куни эрталаб Барқ Муовияга пичоқ санчади. Бироқ тиғ Муовиянинг думбасига теккани сабабли у ўлмай қолади, қотил эса қўлга олиниб, ўлдирилади. Умар Мисрга бориб Амр ибн Осга пичоқ урдим деб ўйлаб, Амр бетоблиги сабабли унинг ўрнига намозда имомлик қилаётган Хорижа ибн Ҳубайбни ўлдириб қўяди. Абдураҳмон ибн Мулжам ҳазрат Алини ўлдириш учун Куфага келганида куфалик ошналари уни яшириб қўйишади.

Абдураҳмон ибн Мулжам хаворижларнинг катта бошлиқларидан эди. У ўшанда Қитом исмли гўзал аёлга совчи қўйган эди. У аёлнинг отаси ва акаси Наҳравон жангида ҳалок бўлган эди. Бу аёл ибн Мулжам унга совчи қўйганида унга иккита шарт қўйиб, “Аввало, менга уч минг дирҳам берасан, сўнг эса Алини ўлдиришинг шарти билан сенга тегаман” деган эди. У эса “Аллоҳга қасамки, бу шаҳарга Алини ўлдиришдан бошқа мақсад билан келганим йўқ” деган эди. У уйланганидан кейин яқинларидан ажраган аламзада аёл тинмай уни Алини ўлдиришга чорларди. Келишилган куни Абдураҳмон ибн Мулжам хотини тавсия қилган Вардон исмли шериги билан ҳазрат Алининг намозга чиқадиган жойларида кутиб турди.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ўша куни кечаси ҳазрат Али тинмай безовта бўлаверадилар. У кишининг аҳли аёллари бундан ташвишга тушишди ва тўпланишиб, у кишидан эҳтиёт бўлишни илтимос қилишди. Шунда Али ибн Абу Толиб уларни тинчлантириб, “Албатта, ҳар бир одамга икки фаришта вакил қилинган. Улар уни қадари келгунча ҳимоя қилиб турадилар. Қачон қадари келса, қадари билан унинг орасини очиб қўядилар” дедилар. Сўнгра туриб, бомдод намозини адо этиш учун масжидга ёлғиз ўзлари жўнадилар. У киши йўл-йўлакай одамларни намозга уйғотиб келавердилар. Абдураҳмон ибн Мулжам пойлаб туриб, у кишининг қоқ пешоналарига қилич билан урди. Қон отилиб, ҳазрат Алининг соқолларини бўяди.

Одамлар қаттиқ яраланган ҳазрат Алини уйларига олиб кетишди. У киши йўлда зўрға кўзларини очиб, ўзларини кўтариб кетаётганларга “Намоздан кеч қолманглар” дедилар. Одамлар намозни ўқиб бўлиб, ҳазрат Алидан хабар олиш учун югуришди. Шу пайт қотилни ҳам тутиб келишди. Али ибн Абу Толиб кўзларини аранг очиб, қотил Абдураҳмон ибн Мулжамни танидилар ва “Сенмидинг? Сенга доим яхшилик қилган эдим-ку!” дедилар. Сўнгра ўғилларига, ўз одамларига назар солдилар. Уларнинг барчаси қотилни парчалаб ташлашга шайланиб турар эдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларга “Буни яхши жойда ушлаб, яхшилаб қаранглар. Агар яшаб кетсам, уни нима қилишни ўзим биламан. Қасос оламанми, афв қиламанми, бу менинг ишим. Агар ўладиган бўлсам, уни менинг ортимдан жўнатинглар. У билан Раббил оламиннинг ҳузурида хусуматлашаман. Мен учун бундан бошқани ўлдирманглар. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошганларни хуш кўрмайди”, дедилар.

Халифанинг кўп яшамасликлари маълум бўлиб қолганда бир гуруҳ эътиборли кишилар ҳазрат Алидан ўз ўринларига катта ўғиллари имом Ҳасанни тайин қилишларини сўрашди. У киши “Мен сизларга амр ҳам қилмайман, бундан қайтармайман ҳам, ўз ишларингизни яхши биласизлар”, дедилар. Кейин имом Ҳасан бошлиқ ўғилларини чақириб, васиятларини айтдилар: “Раб бингиз Аллоҳга тақво қилишингизни ва фақат мусулмон ҳолингизда вафот этишингизни васият қиламан.

Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг, тафриқага тушманг. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта, орани ислоҳ қилиш на¬моз ва рўзадан афзалдир”, деганларини эшитганман. Қуръон борасида Аллоҳдан ўта эҳтиёт бўлингиз. Амал қилишда биров сиздан ўта олмасин. Камбағаллар ва мискинлар ҳақида Аллоҳдан ўта эҳтиёт бўлингиз. Уларни ўз маошингизга шерик қилингиз. Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан асло қўрқмангиз. Сизга ёмонликни соғинган ва тажовуз қилганларга У Зотнинг Ўзи кифоя қилади. Амри маъруф ва наҳйи мункарни сира тарк этмангиз. Худди Аллоҳ сизга амр қилганидек одамларга гўзал сўзни айтингиз. Ўзаро бирликни лозим тутинглар, тарқоқликдан эҳтиёт бўлинглар. Яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ёрдамлашинглар, гуноҳ ва ёмонлик йўлида ўзаро ёрдамлашманглар”. Шундан сўнг то жон таслим қилгунларига қадар Аллоҳ азза ва жалланинг зикри билан машғул бўлдилар.

Мўминлар амири ҳазрат Алига ҳижрий 40 (милодий 661) йили рамазон ойининг 17-жума куни бомдоддан олдин суиқасд қилинган бўлса, шанба куни шом пайтида жон таслим қилдилар. У киши бу дунёни тарк этганларида олтмиш уч ёшда эдилар. Халифаликлари уч ойи кам беш йил давом этди. Ибн Саъднинг таъкидлашича, ҳазрат Алини ўғиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн ҳамда Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювишган, жанозаларини имом Ҳасан ўқиган. Машҳур муаррих ибн Касирнинг таъкидлашича, ҳазрат Али Куфадаги Дорул Хилофага дафн қилинганлар. У кишининг яқин кишилари жаноза маросимларини ва дафнларини хаворижлардан махфий тутиш учун яширин ҳолда ўтказишган. Шунинг учун у кишининг жанозалар и ва дафнлари ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар кам.

Али ибн Абу Толибнинг дафнларидан сўнг шариат ҳукмига биноан, қотил Абдураҳмон ибн Мулжамдан қасос олинди. Қасос олишни Али ибн Абу Толибнинг ўғиллари имом Ҳасан адо этдилар. Халифа Али хорижийларнинг ёлланма қотили томонидан шаҳид этилганларидан сўнг ўринларига ўғиллари Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу сайландилар. Ҳазрат Алининг халифалигини тан олган Ислом ўлкалари у кишининг катта ўғилларига байъат қилишди. Шу тариқа ҳазрат Ҳасан розияллоҳу анҳу Хулафои рошидиннинг бешинчиси бўлдилар. Ҳазрат Ҳасан Куфа халифалигида олти ойгина турдилар. У киши аввалдан Ислом бирлигининг бузилишидан хавфда ва хафа эдилар. Ҳакам воқеасида ҳазрат Али томонларидан вакил вазифасини бажарган Абу Мусо каби ўйлар, мусулмонлар қонининг тўкилишини сира истамас эдилар. Иқтидорлари ва қўллари остида аскарий қувватлари бўлгани ҳолда буюк фидокорлик кўрсатдилар. Ҳижрий 41 йили халифалик тахтини тегишли шартлар билан, ўз истакларига биноан Шом волийи Муовияга топширдилар. Ислом бирлигининг қайтадан тикланишига хизмат қилдилар. Расули акрамнинг ҳадисларига муносиб бўлдилар. Буюк Пайғамбаримиз неваралари Ҳасан ҳақларида “Бу ўғлим саййиддир. Умид қиламанки, бу билан Аллоҳ икки мусулмон жамоатнинг ўртасини ислоҳ айлайди”, деб марҳамат қилган эдилар. Халифа Ҳасаннинг олти ой давом этган ҳукмдорлиги билан Хулафои рошидин даври ниҳоясига етди. Халифалик тўлиқ ўттиз йил давом этди. Ҳазрат Ҳасан бу даврнинг сўнгги халифаси бўлдилар.

Икки шаҳиднинг шаҳид отаси Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўзларининг бутун умрлари ва имкониятларини Ислом хизмати йўлида сарфлаган бўлсалар, бутун халифалик фаолиятларини мусулмонлар орасида пайдо бўлган фитнани зарарсизлантиришга сарф қилдилар. Худди Аллоҳ таоло у кишини Ислом уммати тарихидаги энг оғир пайт учун сақлаб турганга ўхшарди. Аллоҳ таоло мўминларнинг фидойи ва жасоратли амиридан рози бўлсин!

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Масжидда қоровул бўлган олимлар султони

728 22:00 05.03.2021

Ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлигини ўрганувчи илм

139 21:00 05.03.2021

Илк бор: Рим папаси Ироққа келди (фото)

618 20:05 05.03.2021

Қозоғистон вакцинаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин

137 19:30 05.03.2021

12 ёшли Абдулқодир устознинг саволларига қандай жавоб берди?

705 19:22 05.03.2021

Канада: “Башар Асаднинг жиноятлари текширилиши керак”

176 19:00 05.03.2021
« Орқага