Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (28-қисм)

797

ИККИ НУР ЭГАСИ

Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф розияллоҳу анҳу атоқли саҳобалардан, Хулафои рошидиннинг учинчисидир. Ҳижратдан қирқ етти йил аввал туғилганлар. Қурайш қабиласидан, умавий уруғидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сулолалари билан бешинчи отада (Абдуманофда) бирлашади.

“Сабиқуни Ислом” дейилган ва ҳазрат Хадичадан кейин мусулмон бўлган саккиз зотдан тўртинчиси, Абу Бакр далолатлари ила мусулмон бўлганларнинг биринчиси эдилар. Жаннат башорати берилган ўн саҳобадан бири.

Ҳазрат Умардан сўнг халифа бўлганлар, халифаликлари ўн икки йил давом этган. Исломга киргач, ҳазрат Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Руқайя исмли қизларига уйланиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Руқайя вафотидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир қизлари – Умму Кулсумга уйландилар ва “Зуннурайн” (икки нур эгаси) деган лақаб олдилар. Бадр ғазотидан ташқари (унда Руқайянинг бетоблиги сабабли қатнаша олмаганлар) барча жангларда иштирок этганлар. Бадавлат киши бўлганларидан “Рум қудуғи”ни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилганлар, қўшинларни ғазотга тайёрлаганлар.

Ҳазрат Усмон халифаликларининг иккинчи ярмида катта фитналар бошланиб кетди. Асли яманлик яҳудий бўлган Абдуллоҳ ибн Сабаънинг яширин фирқаси мусулмонларга қарши фасод ва душманлик фаолиятини бошлади, ҳазрат Усмонга туҳмат-бўҳтонлар уюштирди, машҳур “Мактуб масаласи” тўқиб чиқарилди. Бу фитналар ҳазрат Усмонни шаҳид этиш билан ҳам тўхтамади.

Ҳазрат Усмон пайғамбарликнинг ваҳий котибларидан эдилар, чиройли ёзар, кучли хатиб эдилар, доимо Қуръон ўқирдилар. Ҳазрат Абу Бакр тўплатган Мусҳафнинг асосий нусхаларини кўпайтириб, ҳамма томонга тарқатгани учун у зотга “Ноширул Қуръон” номи берилганди. Расули акрамдан 146 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 35 (милодий 656) йили саксон икки ёшларида рўзадор ва Қуръон ўқиётган ҳолларида Ислом душманлари томонидан ўлдирилганлар. Қабрлари Бақиъ қабристонида.

ТАВАЛЛУД

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу фил йилининг олтинчи санасида, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан олти йил кейин Тоиф шаҳрида дунёга келганлар. Оналари Арво бинти Қурайз ибн Ҳабиб ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф эди. Момолари эса Набий алайҳиссаломнинг аммалари бўлмиш Байзо бинти Абдулмутталибдир. Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўрта бўй, яъни новча ҳам, пакана ҳам эмас, чиройли юзли, оппоқ, ёноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, серсоқол, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, билакларини тук қоплаган, жингалаксоч, бошининг тепасида сочи йўқ, олд тишлари энг гўзал одамлардан эди. Сочлари қулоқларидан пастга тушиб турарди. Уларни сарғиш ранг билан хинолаб оларди.

Ибн Асокирнинг Абдуллоҳ ибн Ҳазм Музанийдан ривоят қилишича, “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни кўрганман. Ҳеч қачон ундан кўра чиройлироқ эркак ёки аёлни кўрганим йўқ”. Шу билан бирга, у киши ёшликларидан гўзал ахлоқлар, олий инсоний фазилатларга одатланиб бордилар. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу ўта ҳаёли ва иффатли зот эдилар. Мазкур сифатлар билан бир қаторда, оталари ҳам, ўзлари ҳам Қурайшнинг катта савдогарларидан бўлганлари баробарида бу киши жуда ҳам сахий эдилар, ўз қавмларига кўп хайр-эҳсон қилар эдилар.

ИСЛОМ БИЛАН ШАРАФЛАНИШ

Тарихчиларнинг таъкидлашича, ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликлари ҳақида биринчи бўлиб холаларидан эшитганлар. Ўшанда ҳазрат Усмон ҳазрат Абу Бакр билан тез-тез учрашиб турар эди. Ҳазрат Абу Бакрнинг мусулмон бўлганларидан уч кун ўтгач, у кишининг олдига бордилар. Абу Бакр ҳазрат Усмоннинг ўйга толганини кўриб, унга нима бўлганини сўрадилар. Усмон холалари Саъда бинти Курайздан эшитганларини айтиб бердилар. Шунда Абу Бакр унга қараб “Эй Усмон! Сен пухта одамсан.

Ҳақни ботилдан ажратишинг осон. Қавмимиз ибодат қилаётган мана бу бутлар нима ўзи?! Унсиз, эшитмайдиган, кўрмайдиган, зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган тошлар эмасми?!” деди. “Тўғри айтасан. Аллоҳга қасамки, худди шундай, эй Абу Бакр”, деди Усмон. “Ундай бўлса, холанг – Курайзнинг қизи сенга тўғри айтибди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳ уни Ўз пайғамбарлиги ила халойиққа юборди. Унинг олдига бориб, гапларига қулоқ осишни истайсанми?” деди у. “Ҳа”, деди Усмон. Шу тариқа ҳазрат Усмон дўстлари Абу Бакрнинг сўзига кириб, Исломни қабул қилдилар, яъни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тарғиботлари билан мусулмон бўлдилар.

Бугина эмас, эркаклардан биринчи бўлиб имонга келган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари мусулмон бўлган куннинг ўзидаёқ жаннат башоратига сазовор бўлган зотлардан беш кишининг Исломга киришига сабабчи бўлганлар. Ана шу беш киши орасида ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ўша пайтда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўттиз тўртда эди. Ибн Исҳоқнинг таъкидлашича, Абу Бакр, Али ва Зайд ибн Ҳорисадан кейин Исломга келган киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлганлар.

Ҳазрат Усмоннинг мусулмон бўлганларини эшит ган амакилари Ҳаким ибн Ос у кишини ушлаб олиб келиб, уйда занжирбанд қилиб қў яди. Жиянининг “қилмиши”дан қаттиқ ғазабланган Ҳа ким у кишига қараб “Ҳали сен ота-боболарингнинг динидан қайтиб, аллақандай динни қабул қилдингми? Аллоҳга қасамки, яна ота-боболаринг динига қайтмасанг, кишандан ҳаргиз озод қилмайман”, деди. Унинг сўзларини эшитган Усмон шундай жавоб қайтардилар: “Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, бу диндан асло қайтмайман. Сиз эса қўлингиздан келганини қилаверинг”. Амаки Усмондаги бундай сабот ва қатъиятни кўргач, уни занжирдан бўшатиб, ўз ҳолига ташлаб қўйишдан бошқа илож топа олмади. Исломга янги кирган Усмон розиялллоҳу анҳу биринчи кунларданоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин сирдошларидан бирига айландилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Масжидда қоровул бўлган олимлар султони

659 22:00 05.03.2021

Ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлигини ўрганувчи илм

132 21:00 05.03.2021

Илк бор: Рим папаси Ироққа келди (фото)

562 20:05 05.03.2021

Қозоғистон вакцинаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин

133 19:30 05.03.2021

12 ёшли Абдулқодир устознинг саволларига қандай жавоб берди?

652 19:22 05.03.2021

Канада: “Башар Асаднинг жиноятлари текширилиши керак”

168 19:00 05.03.2021
« Орқага