Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (59-қисм)

1043

ҲАММА ИШДА БИРИНЧИ

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг тақдирларида Аллоҳ уни аввалдан Ислом шавкати йўлидаги оламшумул жанглар ва фатҳлар учун тайёрлаб бориши ёзилган экан. У киши ёшлигидан камон отишни жуда кўп машқ қилар эдилар. Шу тариқа ўз даврининг энг моҳир ва машҳур мергани, камончиси бўлиб етишдилар. Ислом қуёши қалбини имон нури ила ёритган лаҳзадан бошлаб охирги диннинг мухлис жангчисига айландилар. У ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам душманга юзма-юз келишдан тап тортмас, душман устига шерларча ташланар эди.

Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари мушриклардан беркиниб намоз ўқиб юрган пайтлар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бир гуруҳ саҳобийлар билан Макка дараларидан бирида борар эдилар. Бир пайт бир гуруҳ мушриклар уларнинг устига бостириб келиб қолди. Улар мусулмонларнинг динини сўкиб, ўзларига тажовуз қилишди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туянинг суяги билан мушриклардан бирининг бошига уриб ёрди. Бу Ислом йўлида тўкилган биринчи қон эди. Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек, дин йўлидаги бошқа ишларда ҳам биринчилардан бўлиш унга насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн берилганида Саъд ибн Абу Ваққос биринчилардан бўлиб дин-диёнат, имон-эътиқод йўлида Маккадан Мадинага ҳижрат қилдилар.

Ҳижратдан кейинги барча ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида турганлардан бири Саъд ибн Абу Ваққос бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳижратларидан кейин жойлашиб, дастлаб қилиниши лозим бўлган ишларни ҳам саранжомлаб олганларидан сўнг керакли жойларга турли топшириқлар билан қуролли гуруҳлар (сариялар) юбора бошладилар. Ана ўша сариялардан энг биринчиси сафида Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эди. Бу ҳақда Саъднинг ўзлари шундай дейдилар: “Араблардан Аллоҳ йўлида биринчи ўқ отган одам менман!” Бу тарихий воқеа шундай содир бўлган эди: ҳижратнинг биринчи йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убайда ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб бошлиқ сарияни Робиғга юбордилар. Бу биринчи сария ҳисобланар эди. Гуруҳ Қурайш карвони билан тўқнашиши керак эди. Мушрикларга Абу Суфён бошчилик қилар эди. Мусулмонлар гуруҳи олтмиш нафар муҳожир саҳобадан иборат бўлган. Мусулмонларнинг бу биринчи юришида биринчи байроқ ҳам тикилди. Биринчи байроқдорликка Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёр қилинган эди. Шу тариқа мушриклар билан мусулмонлар орасида биринчи қуролли тўқнашув содир бўлди. Ана шу тўқнашувда Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб камондан ўқ отдилар. Учинчи сария ҳам бевосита Саъд ибн Абу Ваққос раҳбарлигида Ҳижознинг Хироз деган жойига юборилган. Демак, у киши энг аввалги мусулмон қўмондонларидан ҳам ҳисобланади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи қўриқчилари ҳам бўлганлар. Мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада эканларида бир кеча уйқулари қочди ва “Саҳобалардан бир солиҳ киши мени қўриқлаганида яхши бўларди”, дедилар. Шуни гапириб турганларида бир нарса шитирлаганини эшитдик. У зот “Бу ким?” дедилар. “Саъд ибн Абу Ваққосман”, деди. “Нимага келдинг?” деб сўрадилар На- бий алайҳиссалом. “Пайғамбар алайҳиссаломдан хавотирга тушиб, у зотни қўриқлагани келдим”, деди Саъд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуо қилиб, хотиржам уйқуга кетдилар”. Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар. Шунда қуйидаги машҳур воқеа содир бўлди. Бу ҳақда Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзларидан шундай ривоят қилинади: “Фатҳ йили бемор бўлиб, ўлим ёқасига келиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргани келдилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг молим кўп, биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан иккисини садақа қилайми?” дедим. “Йўқ” дедилар. “Ярмини-чи?” дедим. “Йўқ” дедилар. “Учдан бирини-чи?” дедим. “Учдан бири ҳам кўп. Аслида фарзандларингни беҳожат қилиб ташлаб кетганинг уларни одамлардан тиланиб юрадиган боқиманда қилиб ташлаб кетганингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай эҳсон қилсанг ҳам, албатта мукофотини оласан. Ҳатто аёлингнинг оғзига тутган луқманг учун ҳам”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан қолиб кетаманми?” дедим. У  зот шундай дедилар: “Сен мендан кейин қолиб, Аллоҳнинг розилигини ирода этган ҳолда солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлади. Шоядки, сенинг қолишингдан бир қавмлар манфаат топиб, бошқалари зарар кўрса. Лекин бечора Саъд ибн Хавла…” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Маккада вафот этганига ачинаётган эдилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насоий ривояти).

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

2960 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1472 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1385 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

3143 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1486 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1321 22:10 28.01.2021
« Орқага