Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1794

Бир куни Зайд ибн Амр одамларга аралашмасдан Қурайшнинг байрамларидан бирини қандай ўтказишларини томоша қилиб турди. Одамлар қимматбаҳо сундус саллаларини ўрашди. Олий навли яманий чопонларини кийишди. Аёллар ва болалар ҳам энг гўзал кийимлари билан безанишди. Бойлар олдиларига ҳайвонларни солиб ҳайдашди. Уларни ҳам бутларига атаб сўйиш учун турли зийнатлар билан безатиб олишган эди. 

Зайд ибн Амр ортини Каъба деворига суяган ҳолда одамларни томоша қилатуриб “Эй Қурайш жамоаси, қўйни Аллоҳ яратган. У Зот осмондан ёмғир тушириб, уни суғорган. У Зот ерда набототни ўстириб, уни тўйдирган. Энди бўлса, сизлар уни У Зотдан бошқанинг исми билан сўясизларми? Мен сизларни жоҳил қавм деб биламан!” деди. 

Шу пайт Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг отаси Хаттоб ўрнидан туриб, унинг олдига келди ва бир шапалоқ тушириб “Ҳалок бўлгур, биз ҳозиргача сенинг мана шундай аҳмоқона гапларингни эшитиб, сабр қилиб келар эдик! Энди сабримиз тугади!” деди ва ўз қавмининг эсипастларига амр қилиб, унга озор бердирди. Зайд Маккадан чиқиб, Ҳиро тоғига кетишга мажбур бўлди. Хаттоб бир тўп ёш қурайшликларга уни Маккага киритмасликни топширди. У Маккага фақатгина яширинча кирадиган бўлди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф динида бўлган Зайд ибн Амр тинмай ҳақиқатни изларди. Бу йўлда у аввал яҳудийлик ва насронийликни ўрганди. Аммо уларда ўзига ёққан бирор нарса топа олмади. У Иброҳим миллатини ахтариб юриб, охири Шомга борди. Унга китобни биладиган бир роҳиб борлигини айтишди. 

У ўшанинг олдига бориб, бўлган воқеани унга айтиб берди. У эса “Эй маккалик, сен Иброҳимнинг динини излаётганга ўхшайсан?” деди. “Ҳа! Мен излаётган нарса ўша”, деди Зайд. “Сен бугунги кунда йўқ бўлиб кетган динни излаяпсан. Аммо ҳақ сенинг юртингда намоён бўлади. Аллоҳ сенинг қавминг ичидан Иброҳим динини янгилайдиган кишини элчи қилиб юборади. Агар сен уни учратсанг, унга эргаш”, деди. 

Зайд ваъда қилинган пайғамбарни топиш учун шошилганча Маккага қайтди. У йўлда келаётганда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоят ва ҳақ динига пайғамбар этиб юборди. Аммо Зайд Маккага етиб кела олмади. Уни йўлда бир гуруҳ аъробийлар ўлдиришди. Зайд ўлимидан олдин “Аллоҳим, мени ушбу яхшиликдан маҳрум қилган бўлсанг ҳам ўғлим Саъидни ундан маҳрум этмагин”, деб дуо қилди. Унинг дуоси ижобат бўлди, Аллоҳ таоло Зайднинг ўғли Саъидни ўша яхшиликдан маҳрум қилмади. Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтириб, Исломга кирди. 

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ёлғиз ўзигина мусулмон бўлмади, балки у киши билан бирга хотини – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг синглиси Фотима бинти Хаттоб ҳам Исломга кирди. Бу бахтиёр оиланинг мусулмонлиги баракотли бўлди. Улар ўзларидан бошқаларнинг ҳам, ҳатто бўлажак халифа Умар ибн Хаттобнинг ҳам Исломга киришларига сабаб бўлишди.

Муаррихлар юқорида ҳазрат Умар бобида зикри келган ўша воқеани шундай ҳикоя қилишади: “Бир куни Умар қиличини яланғочлаб кўчага чиқди. Унга йўлда Бани Зуҳралик бир киши учраб қолди. У “Йўл бўлсин, эй Умар?” деб сўради. “Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман”, деди Умар. “Муҳаммадни ўлдирсанг, Бани Ҳошим ва Бани Зуҳрадан қандай омонда қоласан?” деди бояги одам. “Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан?!” деди Умар. “Сенга ажиб бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг ҳам диндан чиқишди! Ҳа, сенинг динингдан чиқишди!” деди. 

Умар йўлидан қайтиб, куёви ва синглисининг олдига борди. Уларнинг олдида Хаббоб ибн Арат ҳам бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уй ичига беркиниб олди. Умар кирди ва “Бу шивир-шивир нима?” деди. Улар Қуръони каримнинг Тоҳа сурасини қироат қилишаётган эди. Иккови “Шунчаки гаплашиб тургандик”, дейишди. Умар “Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсан?” деди. Шунда куёви унга “Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса...” дейиши билан Умар унинг устига ўзини ташлаб, ерга ётқизди ва калтаклай бошлади. Синглиси уни ўз эридан нари қилиш учун келган эди, у синглисини уриб, юзини қонга белади.

Ғазабланган сингил “Агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса, мен “Ашҳаду аллаа илааҳа илаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу!” деб гувоҳлик бераман!” деди. Шунда Умар “Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар, ўқиб кўрай-чи” деди. У ўқишни билар эди. Синглиси “Сен нопоксан, буни фақат покланганлар ушлайди. Тур, ғусл қилиб кел” деди. У туриб, покланиб келди. Сўнгра ёзилган нарсани олди. У Тоҳа сурасини “Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт”, оятигача ўқиди ва “Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар” деди. Умарнинг гапини эшитиб, Хаббоб беркинган жойидан чиқиб “Эй Умар, хурсанд бўл, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан пайшанба кечаси “Аллоҳим, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз этгин”, деб қилган дуолари сенинг хақингда бўлишини орзу қиламан”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам Сафо пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига юриб борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Талҳа ва бошқалар туришган эди. Ҳамза “Анна Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни қатл қилиш осон бўлади”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичкарида эдилар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. У зот чиқиб, Умарнинг олдига келдилар. 

Унинг ёқасидан ва қиличбоғидан тортиб туриб “Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?” дедилар. Умар “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва Расулуҳу!” деди”. Ана шу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозларининг борича, бутун Маккани бошларига кўтариб “Аллоҳу акбар!” деб такбир айтишди. Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу кейинчалик ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзига қилган муомаласини эслаб юрди.

ҲИЖРАТДАН СЎНГ

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганида ёши йигирмага ҳам етмаган эди. У мушрикларнинг озор-қийноқларидан машаққатга учраган бошқа дин қардошлари каби Маккада кўп қийинчиликларга учради. Сўнг биринчилардан бўлиб Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан дин қардоши қилиб қўйдилар.

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча жангларида қатнашдилар. Фақат узрли сабабга кўра, Бадр жангида қатнаша олмадилар. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом уни Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан бирга махсус топшириқ билан бошқа томонга юборган эдилар. Икковлари топшириқни шараф билан адо этиб қайтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам саҳобалар билан Бадрда ғалабага эришиб, Мадинага келиб турган эдилар. Икки саҳоба муҳим жангда қатнаша олмай, музтар туришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг хафалигини дарҳол бартараф этдилар. У зот алайҳиссалом Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ва шеригининг бошқалар қатори катта савобга эришишганини эълон қилдилар ва иштирокчиларга тақсим қилинган ўлжадан уларга ҳам тақсим қилдилар. Саъид ибн Зайд ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумолар ўринлатган махсус топшириқ ҳақида тарихчилар шундай ёзишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш карвони Шомдан қайтиши яқинлашаётганини эшитдилар ва Мадинадан чиқишларига ўн кун қолганда Саъид ибн Зайд билан Талҳа ибн Убайдуллоҳни карвон хабарини билиш учун юбордилар. Улар Ҳавраага етиб бориб, ўша жойда олдиларидан карвон ўтиб кетгунча кутиб туришди. Саъид билан Талҳа қайтиб келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу хабар етиб келди. У зот саҳобалар орасида сафарбарлик эълон қилдилар. Сўнгра карвон олдини тўсиш учун чиқдилар. Карвон соҳил билан юриб, тезлаб ўтиб кетди. Улар йўллари тўсилишидан қўрқиб, кечаю кундуз юрарди. Саъид ва Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга карвон хабарини етказиш учун Мадинага қараб юришди.

Улар у зотнинг йўлга чиққанларини билишмаган эди. Улар Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшликлар билан Бадрда тўқнашган куни етиб келишди ва жангда қатнаша олишмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Бадр ўлжасидан улуш бердилар ва савоб ваъда қилдилар. Шу тариқа иккови худди жангда қатнашгандек бўлди ва Бадр аҳлидан ҳисобланди”.

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссалом қатнашган Уҳуд, Хандақ, Ҳудайбия ва бошқа барча жангларда фидокорлик намуналарини кўрсатди. Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу “Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Абдураҳмон ибн Авф ва Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳумнинг мақоми жангда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида, намозда ортларида бўлар эди”, деган. Саъид Бани Қурайза жангида ҳам ўзини кўрсатдилар. У киши бу ғазотда кўзга кўринган қаҳрамонлардан бирига айландилар. У Бани Қурайзани йигирма беш кун қамал қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Қурайза жангида тушган ўлжалардан иштирокчиларга шариатда кўрсатилган ҳиссаларини бердилар. Қолган нарсаларини эса Саъид ибн Зайдга бериб, уларни Нажд бозорида сотишни, пулига уруш учун от ва қурол-аслаҳа олишни буюрдилар. Саъид ибн Зайд бу муҳим топшириқни ҳам қойиллатиб бажардилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг розиликларини топдилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм) (62-қисм) (63-қисм) (64-қисм) (65-қисм) (66-қисм) (67-қисм) (68-қисм) (69-қисм) (70-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

3297 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1841 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

3389 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1731 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1531 22:10 28.01.2021
« Орқага