Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (50-қисм)

582

УҲУД ҚАҲРАМОНИ

(Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу)

Абу Муҳаммад Талҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб розияллоҳу анҳу Ашараи мубашшарадан бўлган атоқли саҳобалардан. Қурайш қабиласидан, ҳазрат Абу Бакр каби Тамим уруғидандир. Сулоласи учинчи отада Абу Бакр билан, еттинчи отада (Муррада) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сулолалари билан бирлашади. Исломга илк кирган маккалик мусулмонларнинг саккизинчиси. Бадр жангидан бошқа барча ғазотларда қатнашган (Бадр чоғи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни топшириқ билан Шомга юборгандилар). Шўро асҳоби бўлмиш олтиликнинг бири. Саҳобалар ичида жуда бой эди, сахий ва фазилатли бўлган, кўп хайр-эҳсон қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 38 та ҳадис ривоят қилган, улар уч “Саҳиҳ” китобига киритилган. Ислом душманлари уюштирган фитна шамоли Талҳани ҳам четлаб ўтмади. Жамал воқеасига аралашиб қолди ва тасодифий ўқдан яраланди. Басрага олиб келиниб, ҳижрий 36 (милодий 656) йили ўша ерда вафот этди.

МУСУЛМОН БЎЛИШИ

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қурайшликларнинг савдо карвони билан Шомда эди. Карвон Басрага кириб келгач, Қурайшнинг катта тижоратчилари шаҳарнинг гавжум бозорига ошиқишди ва савдони қизитиб юборишди. Талҳа ҳали ёш ва тажрибасиз бўлишига қарамай, ақл-фаросатлилиги ва закийлиги туфайли кўпни кўрган савдогарлар билан рақобатлаша олар, фойданинг энг каттасига эришар эди. Талҳа эртадан-кечгача вақтини турли ўлкалардан одам ёғилиб келаётган бозорда ўтказарди. Худди шу жойда рўй берган бир воқеа унинг ҳаётини тубдан ўзгартирибгина қолмай, тарихнинг кейинги эврилишларидан дарак ҳам берди.

Келинг, яхшиси сўзни Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг ўзига берайлик, бу ажойиб ҳодисани ўзи гапириб бера қолсин: “Бир куни Басра бозорида турганимизда насроний роҳибларидан бири атрофидагиларга “Ҳой тожирлар, одамлардан сўраб кўринглар-чи, ораларида маккаликлар бормикан?” деб қолди. Мен унга яқин турганим учун жавобга шошдим: “Мен маккаликлардан бириман”. “Сизларнинг орангиздан Аҳмад чиқдими?” сўради у. “Аҳмад ким бўлди?” сўрадим. “Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибнинг ўғли”, жавоб берди роҳиб. Айни шу ойда пайғамбарларнинг энг охиргиси чиқиши керак эди… У сизларнинг Макка заминингиздан чиқади, кейин қора қоялар, хурмозорлар ва суви чиқиб турган булоқлар ўлкасига кўчади. Унинг ҳузурига шошил, йигитча”. Роҳибнинг сўзлари юрагимга маҳкам ўрнашди.

Шу заҳоти туяларимни ўрнидан турғизиб, йўлга тайёргарлик кўра бошладим. Карвонни ҳам кутмай Маккага жўнадим.

Шаҳарга яқинлашишим билан одамлардан:

– Йўқлигимизда Маккада бирор нарса содир бўлдими? – деб сўрадим.

– Ҳа, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ўзини пайғамбар деб эълон қилди, ибн Абу Куҳофа эса унга эргашди, – дейишди.

Яхши хулқли ва хушмуомала Абу Бакрни яхши билардим. У софдил ва ҳалол савдогар эди, биз у билан дўст эдик, кўп вақтимизни бирга ўтказардик. Абу Бакр қурайшликлар тарихини яхши билар, уларнинг насабларини бир неча аждодларигача айтиб бера олар эди.

Унинг олдига бориб:

– Муҳаммад ибн Абдуллоҳга пайғамбарлик келгани ва унга эргашганинг ростми? – деб сўрадим.

– Ҳа, – деди у, – худди шундай бўлди.

Кейин у менга Пайғамбар ҳақларида гапириб берди ва уларга қўшилишга чақирди. Абу Бакрга басралик роҳиб ҳақида гапириб берганимда у бўлган воқеадан ҳайратга тушди ва:

– Бирга Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига борайлик, бу ҳақда айтиб берасан, Аллоҳнинг динига кириш учун нима дейишларини ҳам ўзларидан эшитасан, – деб таклиф қилди.

Абу Бакр билан Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келганимизда у зот Қуръони каримнинг бир неча оятларини ўқиб бериб, Исломга кириш таклифини қилдилар. Аллоҳ қалбимни Исломга мойил қилди ва Пайғамбарга басралик роҳиб ҳақида гапириб бердим. Айтганларим Муҳаммад алайҳиссаломда катта таассурот қолдирди, бу у зотнинг юзларида акс этиб турарди…

Кейин у кишига Шаҳодат калималарини айтдим. Шу тариқа Абу Бакр шарофатидан Исломга илк кирганларнинг тўртинчиси бўлдим”.

* * *

Талҳанинг қавми унинг мусулмон бўлганидан қаттиқ хафа ва аламда эди. Айниқса, онаси Саъба бинти Хазрамий унинг мусулмон бўлганидан жуда норози эди. У тинмай ўғлини қарғар, бу йўлдан қайтариш учун қабиладошларини ишга солар эди. Қурайшликлар уни калтаклашдан, ҳақоратлашдан чарчашмасди. Қавм унинг эсини киритиб қўйиш учун нималар қилмади дейсиз? Аммо улар қанчалик тиришмасин, Талҳа имонида қилт этмайдиган маҳобатли тоғдек мустаҳкам турарди.

Унинг ота-боболар динига қайтишидан умидини узган қавми азоб бериш ва бошига бало солишнинг бошқа йўлини тутди. Масъуд ибн Харош шундай ҳикоя қилади: “Мен Сафо билан Марва орасида саъй қилаётган эдим. Қарасам, бир қанча одам қўлларини бўйнига боғлаб олган бир йигитга эргашиб юришибди. Улар уни олдиларига солганча ҳайдаб, бошига уришар эди. Йигитнинг ортидан келаётган бир кампир уни тинмай қарғаб борарди. Шунда “Бу йигитга нима бўлган?” деб сўрадим. “Бу йигит Талҳа ибн Убайдуллоҳ, олдинги динидан қайтиб, Бани Ҳошимнинг боласига эргашган”, деб жавоб беришди. Унинг ортидан қичқириб бораётган кампирнинг кимлигини сўраган эдим, “У йигитнинг онаси Саъба бинти Хазрамий”, дейишди...” Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, кейинроқ Абу Бакр Сиддиқ, Усмон Зиннурайн ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумнинг оналари билан бирга Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Саъба бинти Хазрамий розияллоҳу анҳо ҳам Исломга кирган. Кейин у киши ҳижрат ҳам қилган ва ўғлидан кейин вафот этган.

Талҳанинг Исломга кириши қариндошлари ва яқинларига яшин ургандай таъсир қилди. Бир куни “Қурайшнинг арслони” лақабини олган Навфал ибн Хувайлид уни арқон билан Абу Бакр Сиддиққа маҳкам қўшиб боғлаб, шу ҳолда маккалик безориларнинг қўлига топширди. Улар эса икковларини инсон кўрмаган қийноқларга солишди. Шу сабабга кўра, Талҳа ва Абу Бакр Сиддиқ “боғланганлар” лақабини олишди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Масжидда қоровул бўлган олимлар султони

705 22:00 05.03.2021

Ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлигини ўрганувчи илм

136 21:00 05.03.2021

Илк бор: Рим папаси Ироққа келди (фото)

604 20:05 05.03.2021

Қозоғистон вакцинаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин

136 19:30 05.03.2021

12 ёшли Абдулқодир устознинг саволларига қандай жавоб берди?

692 19:22 05.03.2021

Канада: “Башар Асаднинг жиноятлари текширилиши керак”

175 19:00 05.03.2021
« Орқага