Таваллуди
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний 1372 (ҳижрий 773) йили ҳозирги Қоҳиранинг бир қисми бўлган Фустат шаҳрида туғилган. Унинг тўлиқ исми Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Аҳмад ибн ал-Каноний ал-Асқалоний ал-Мисри аш-Шофеъийдир. У ота-боболаридан бирининг номи билан Ибн Ҳажар тахаллусини олган, Асқалоний (Ашкелон) эса аждодларининг асл туғилган шаҳри номидан олинган.
Бўлажак олим болалигидан айрилиқнинг аччиқ азобини тотиб кўрган. Онаси у эмизиклик вақтида, отаси эса Ибн Ҳажар тўрт ёшга тўлмаганидаёқ вафот этиб кетишган. Аммо Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги туфайли етим бола буюк олим бўлиб етишди.
Унинг тарбияси билан мисрлик йирик савдогар Закиюддин Ҳарубий шуғулланган. Унинг саъйлари билан Ибн Ҳажар тўққиз ёшида Қуръони Каримни ёд олди. 1383 (ҳижрий 784) йили эса ҳадис илмини ўрганиш учун илк марта Қоҳирадан ташқарига чиққан. 11 ёшли Ибн Ҳажар ал-Асқалоний Ҳажга кетаётган васийси Закиюддин Ҳарубий билан бирга Маккага жўнаб, у ердаги уламолардан сабоқ олди.
Орадан бир йил ўтиб Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ватанига қайтиб, шу ерда ўқишни давом эттирди. Унинг устозлари ўша даврнинг уламоси бўлган, улар орасида қуйидагиларни таъкидлаш жоиз:
Сирожуддин Ибн Мулаққин ҳадис ва ислом ҳуқуқи соҳасидаги энг йирик олим, айрим манбаларда ислом илмларининг турли соҳаларида уч юзга яқин асар ёзган;
Қоҳирадаги шофеий мазҳабининг таниқли олими, Ал-Азҳар университетида дарс берган Сирожуддин Балқиний ҳам ўзининг мадрасасини асос солган бўлиб, ундан кўплаб буюк дин олимлари ва солиҳ кишилар етишиб чиққан. У ислом илмларининг қатор соҳаларидаги асарлар ёзган;
Иззо ибн Жамо, Мисрнинг олий қозиси, ўз замонасининг минг уч юз уламосидан илм олган.
Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний бу ва бошқа нуфузли илоҳиёт олимлари билан таҳсил олиб, бу билан тўхтаб қолмай, диний илм излаб янги саёҳатларга чиқди. Шом, Ҳижоз, Яманни зиёрат қилди.
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний асарлари
Ибн Ҳажар ҳадис ва у билан боғлиқ илмлар бўйича эътироф этилган мутахассис бўлиб, ислом оламининг турли бурчакларидан ўз динида илм ва маърифатга чанқоқлар излаб топадиган таниқли шахсга айланди. Ибн Ҳажар жуда сермаҳсул муаллиф бўлиб, ислом илмларининг деярли барча соҳаларида бир юз элликдан ортиқ асар қолдирган.
Лекин Ибн Ҳажарнинг энг катта асари ўн беш жилдлик «Фатҳул-Борий би-шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий»дир. Бу Имом Ал-Бухорийнинг машҳур «Ал-Жомиъус-саҳиҳ» ҳадислар тўпламининг шарҳидир.
Рамазон ойида Ибн Ҳажар Асқалоний шогирдларига «Саҳиҳул-Бухорий»ни тушунтириб, шарҳлаб дарс берар эди. Мутолаа якунланган кечада эса уламолар ва талабалар таклифи билан зиёфат уюштирилди. Бухорий китобига бўлган бу муҳаббат Ибн Ҳажарни унинг шарҳини ёзишга ундади ва у «Фатҳул-Борий би-шарҳи Саҳиҳул-Бухорий» деб номланган китобни ёза бошлади. Бу асарни ёзиш учун олимга қарийб чорак аср вақт керак бўлди. Уни 1415 (ҳижрий 817) йилда ёзишни бошлаган ва 1439 (ҳижрий 842) йили тугатган.
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг хулқи
Ибн Ҳажар ҳаё ва сабр, тақво ва зоҳидлик, оддийлик, фидойилик ва сахийлик каби фазилатлари билан ажралиб турадиган инсон эди. У кундузи рўза тутиб, тунларини таҳажжуд билан ўтказадиган обид ва солиҳ киши эди.
Аммо шу билан бирга у ҳазиллашишни ва кулгили ҳикояларни тинглашни яхши кўрарди. У ўзининг ёқимли ва мароқли нутқлари билан суҳбатдошларини ўзига тортар, у билан мулоқотда бўлган ҳар бир киши, хоҳ кекса олим, хоҳ ёш талаба, унинг зўр феъл-атвори, нафис одоби гувоҳига айланарди.
Имом Асқалоний илм олган пайтларида тўрт қизи бор эди. Дарсдан сўнг уйга келгач, аввало ўрганган сабоқларини хотинига айтиб берарди. Аёли эса ўз навбатида, бу сабоқни тўртта қизига ўргатарди. Шундай қилиб, у зотнинг ўзи буюк олим бўлди, хотини ва тўрт қизи ҳам олималардан бўлишди.
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бутун умри давомида шозилий тариқат пирларидан бўлган Муҳаммад ал-Ҳанафий (раҳимаҳуллоҳ) билан мустаҳкам алоқада бўлган.
Шайх Муҳаммад Ҳанафийнинг таржимаи ҳолини тузувчи Ал-Баттануний «Сиррус-Софий» асарида ёзадики, Ибн Ҳажар шайх Ҳанафийнинг қаршисида тиз чўкиб ўтирган, кўзларини кўтариб, унга қарашга журъат этмаган. Шундан сўнг, Ибн Ҳажар унинг қўлидан ўпиб, шайхдан юз ўгирмай жўнаб кетган.
Унинг шогирди, муҳаддис имом Ас-Сахавий «Ад-жавоҳир ва-д-дурар фи таржамат шайхулислом ибн Ҳажар» асарида ёзишича, имом кечаси намоздан кейин мажлис ва дарсларда доим қўлида тасбеҳ тутганлигини эслаган.
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг вафоти
Буюк Ислом олими ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳижрий 852 йил зулҳижжа ойининг 18, шанба куни хуфтон намозидан сўнг бу дунёни тарк этган.
Олим вафот этган кун Миср султони бошчилигидаги жуда кўп одамлар имомнинг жаноза намозига тўпланишди.
Жаноза намози нафақат Қоҳирада, балки Макка, Қудс, Ал-Халил ва бошқа жойларда ҳам ўқилган.
Солиҳ инсон сифатида муносиб ҳаёт кечириб, миллионлаб инсонлар қалбидан жой олган буюк муҳаддиснинг машҳур «Фатҳул-Борий» китоби бугунги кунгача Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганишни хоҳловчилар учун қомус бўлиб хизмат қилмоқда.
Ёқуб Умар тайёрлади