Кеча, 17 сентябрь куни Жазоирнинг собиқ президенти Абдулазиз Бутефлика 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Deutsch Welle Жазоир давлат телеканалига асосланиб хабар берди.
Бутефлика Жазоирга энг узоқ муддат раҳбарлик қилган президент бўлиб, у 1999 йилдан 2019 йилгача мамлакатни бошқарган. 2013 йил инсултга чалинганидан сўнг қийинчилик билан гапирадиган ва ногиронлар аравачасида юрадиган бўлиб қолган эди. Шунинг учун собиқ президент оммага камдан-кам кўринадиган бўлди ва халқ орасида турли миш-мишлар ҳам оралади.
У 2019 йилда бешинчи марта президентликка сайланиш мақсадида ўз номзодини илгари сурмоқчи бўлди. Бироқ унга қарши намойишлар авж олиши натижасида сайловда қатнаша олмади ва муддатидан олдин истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Маълумот учун: ҳозирда Жазоир президенти лавозимини Абдулмажид Таббун эгаллаб турибди.