Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашиш ва соғлиқни сақлаш масалаларини муҳокама қилиш учун Афғонистон пойтахти Кобулга келди. Бу ҳақда TOLO News хабар бермоқда.
Учрашувларда асосий масала Жаҳон банкининг Афғонистон соғлиқни сақлаш секторига ёрдамларни тўхтатиб қўйгани бўлади. ЖССТ раҳбари секторни молиялаштиришни тиклаш бўйича толиблар билан музокара ўтказади.
Август ойининг охирида ЖССТнинг Афғонистондаги вакили Аҳмад Мандҳари афғон соғлиқни сақлаш муассасаларида дори-дармон захираси тугаётганини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, ички миграция ва тартибсизликлар коронавирус тарқалишини кучайтириши мумкин.
Аввалроқ БМТ раҳбари Антониу Гутерриш афғон иқтисодиёти буткул таназзулга учрамаслиги ва мамлакатга ажратиладиган гуманитар ёрдамлар самарали тақсимланиши учун “Толибон”га қарши бир қатор санкцияларни бекор қилишга чақирган эди.