Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Камолиддин Раббимов: «Украина-Россия, Россия ва коллектив ғарб муносабатларининг янги босқичи бошланяпти»

3877

«РФ Давлат Думасидаги «Единая Россия» партияси фракциясининг раҳбари Путинга мурожаат қилди. Катта эҳтимол билан ушбу мурожаат Украинанинг Донбассига кириш учун "ҳужжат" бўлади. Россия ДНР ва ЛНРдагиларни ўзининг ватандоши деб ҳисоблаб, уларни ҳимоя қилиш керак деган позициядан ҳаракатни бошламоқчи. Биринчи навбатда у ердаги жангчиларга қурол-яроғ етказиб бериш тўғрисида гап кетяпти. Аммо охирида "фуқароларни ҳимоя қилиш учун барча зарурий чораларни кўриш" сўралган. Шуниси энг ёмони, чунки "зарурий чоралар"га ҳамма нарса кириши мумкин», деб ёзади Ғайратхўжа Сайид Али ўз телеграм каналида.

Биз рус сиёсатчисининг мазкур баёноти ортида нима бўлиши мумкинлиги ва икки мамлакат муносабатлари қандай ўзанга тушаётганлиги билан қизиқиб сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг нуқтаи назари билан қизиқдик.

Камолиддин Раббимов икки славян давлати ва Ғарб муносабатларини қуйидагича шарҳлади.

«Украина-Россия Федерацияси ўртасидаги зиддиятлар кун сайин сифат жиҳатидан юқорилаб бормоқда. Бу икки қўшни давлат ўртасидаги тортишувнинг тарихи узун. Собиқ СССР тарқалгач, бу давлатлар қарама-қарши геосиёсий ориентир олишди. Кейинги бир ойдаги Россиянинг коллектив ғарбга ва Украинага нисбатан ультиматумлари кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. 

Россия Президенти В.Путин янги геосиёсий ўйин бошлагани аниқ. Лекин экспертлар Путиннинг тактикаси ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишса-да, унинг стратегик мақсади нима эканлиги борасида кўп баҳслашадилар. 

Йил сайин Украина ўзининг Европа Иттифоқи ва НАТОга бўлган интилишини кучайтириб келмоқда. Ўтган ўттиз йил ичида расмий Москва ўзининг бисотидаги барча тинч воситаларни ишга солиб Украинани ўзининг орбитасида ушлаб туришга ҳаракат қилди. Лекин бугун мутлақ аксарият украиналиклар учун Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш, бу билан сиёсий эркинликлар ва иқтисодий фаровонликларга эришиш – энг катта миллий орзуга айланиб улгурган. 

Мана шундай вазиятда В.Путин янги сиёсий ва геосиёсий ўйин бошлади. Декабрь ойида Путин таклиф қилган ультиматум шаклидаги шартлар ғарб томонидан тўлиқ ва узил-кесил инкор қилинди. Аслида бу шартларнинг инкор қилинишини расмий Москванинг ўзи ҳам яхши тасаввур қилган бўлиши керак. 

Демак, Украина-Россия, Россия ва коллектив ғарб ўртасидаги стратегик тирашувнинг янги босқичи бошланяпти. Путиннинг шартлари инкор қилинганидан кейинги босқичи. 

Охирги кунларда россиялик сиёсатчилар, пропаганда билан шуғулланувчи ОАВлари “Украина Луганск ва Донецк вилоятларига ҳарбий ҳужум қилмоқчи” деган ахборот кампаниясини бошлаган. Россия ахборот майдонида Украинага информацион-психологик ҳужум, мутлақ янги даражага кўтарилган. 

В.Путин олдида мураккаб дилемма турибди. Бир томондан, Украинани НАТОга интилишини мажруҳлаш, расмий Киевни ўзининг назоратига олиш. Бошқа томондан, коллектив ғарбнинг қақшатқич иқтисодий ва сиёсий санкцияларига чап бериш, назорат остига олинган ёки олиниши мумкин бўлган украин жамиятини ўз тасарруфида ушлаб туриш. Бу иккала вазифани бир вақтда бажариш деярли имконсиз. Айнан шунинг учун ҳам экспертлар орасида “Путин ҳаммани алдаяпти” деган қараш ҳам анча кучли. Чунки, Россия ҳарбий жиҳатдан қанчалик қудратли бўлмасин, Украина ҳам кичик ва ҳарбий жиҳатдан маргинал давлат эмас. 

Тасаввур қилиш мумкинки, Россиянинг Украинага қарши гибрид, яъни аралаш уруши, босими тугамайди, давом этаверади. Лекин тўлақонли ҳарбий босқин қилиш билан В.Путиннинг стратегик манфаатларига етишиш имконини бериш эҳтимоли кам. 

Шунинг учун, В.Путин коллектив ғарбнинг қопқонига у қадар осон тушмаса керак. Шунинг билан бирга В.Путиндан янги ҳарбий-сиёсий технологияларни кутиш мумкинки, бу ёндашувларнинг Украина геосиёсий мустақиллиги учун салбий таъсири юқори бўлиш эҳтимоли мавжуд».

26 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг:

“– Ҳеч кимга сир эмас – бугун жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифа, керак бўлса, масалаларнинг масаласи бўлиб турибди”, деган сўзлари Украина каби бизнинг ҳам олдимиздаги вазифаларни белгилаб беради.

Мамлакат мустақиллиги ҳар бир давлат, шу жумладан Ўзбекистоннинг ҳам биринчи навбатдаги масаласидир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

294 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

391 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

203 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

641 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

139 09:40 20.05.2022

Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистондан электр учун қарзи ошиб бормоқда

347 08:56 20.05.2022
« Орқага