Торонто шаҳри ва унинг атрофида яшайдиган уйғурлар «Маунт Кармел» тарихий черковини сотиб олиб, масжидга айлантиришди, дея хабар бермоқда «Анадолу» агентлиги.
1873 йилда қурилган мазкур черков 610 минг Канада долларига сотиб олинди. У масжидга айлантирилганидан кейин Ислом маданият маркази деб атала бошлади. Канада уйғурлари уюшмаси раҳбари Эътибор Ортишнинг айтишича, бу ерда намоз ўқишдан ташқари, ижтимоий фаолиятлар ҳам олиб борилади.
«Биз бу ерда фарзандларимизга таълим берамиз, уларнинг Ғарб маданиятига ассимиляция бўлишининг олдини оламиз, уларга Шарқий Туркистоннинг бой маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини ўргатамиз», – дейди у.
Торонто ва унинг атрофида яшайдиган уйғурлар масжид учун анча вақт жой қидиришларига тўғри келди. «Маунт Кармел» черковининг масжид бўлиши очилишига бағишланган маросимда черковнинг собиқ пастори Робин Уилки ҳам қатнашди.