Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Карантин қўйган чекловлар: Ўзбекистонда коронавирус касаллиги аниқланганига икки йил тўлди

646

Ёдингизда бўлса, 2020 йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганди. 11 март куни Франциядан қайтган Ўзбекистон фуқаросида аниқланган оқибати ва натижалари номаълум ушбу касаллик олдида кўпчилик аввалига саросимага тушди. Илк ўлими ҳолати аниқланганда эса ҳамма чора излашга тушди. Вакцина яратилиб, касаллик хуружини пасайтирадиган воситалар топилгунча ҳар ким билганича даволанди. Лекин ҳалигача ушбу юқумли офатни батамом қуритадиган даво усули, дори-дармон топилгани йўқ. Ҳаттоки, дорихоналарда иммунитетни кўтарадиган дори воситалари анқонинг уруғи бўлиб қолди. Тиббий ниқоб ва қўлқоплар нархи бирданига кўтарилиб кетди. «Ниқоб бизнеси» ривожланди. 

2020 йилнинг март ойининг биринчи ярмида аҳолини эмлаш бошланиши маълум қилинди. Нурмат Отабеков Ўзбекистонда дастлабки босқичда 50 мингга яқин киши COVID-19 га қарши эмланишини айтди. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланиб, қолгани фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида коронавирус аниқланган шахслар сони 237 281 нафарга етди. Касалликдан жами соғайганлар эса 234 720 (98 фоиз) нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозиргача мамлакатимизда жами 47,1 миллион дозадан ортиқ вакцинадан фойдаланилди. 

Маълумки, коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгандан буён мамлакатда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан кескин чоралар кўриб келинмоқда. Қуйида буларнинг асосийларини ёдга оламиз:

Ўзбекистон бошқа давлатлар билан авиақатновлар ва автобус учун тўлиқ тақиқ қўйди;

— Давлат ва нодавлат ташкилотларда йиғилиш ва мажлислар ўтказиш тақиқланди;

— Давлат ташкилотларида фуқароларни қабул қилишнинг виртуал усули йўлга қўйилди;

— Вазирлик ва идоралар ходимларининг хизмат сафарларига чиқиши чекланди;

— Ўзбекистонда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, коллеж ва техникумлар, олий таълим муассасалари карантинга ёпилди;

— Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий (Усмонхон Алимов) ўзбекистонлик мусулмонларга мурожаат билан чиқиб, вазиятни тушунтирди. Намозларни карантин вақтида уйда ўқиб туриш фатвоси берилди;

— Республика махсус комиссияси қарорига кўра, сайёҳлик компаниялари, жамоат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарига мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар ички туризмни ривожлантиришга доир тадбирларни тўхтатиш тавсия этилди;

—  Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилди;

— Таътил вақтида ўқувчиларнинг билим олишлари учун «Оилавий», «Маърифат ва маданият», «Дунё бўйлаб» ва «Ёшлар» телеканалларида 30 мартдан бошлаб видеодарслар намойиш этилиши белгиланди;

—  Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилиши айтилди;

— 24 март куни мамлакатда кучайтирилган тартиб эълон қилинди. 65 ёшдан кексаларнинг уйдан чиқишига нисбатан чекловлар ўрнатилди.  Шунингдек, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.

— 27 март куни илк бемор касалликдан вафот этгани маълум қилинди. ССВ хабарига кўра, бемор юрак хуружидан вафот этган. Ҳамма кутган яхши янгилик 29 март куни эълон қилинди. Шу куни касалликка чалинган беморлардан етти нафари тузалиб, вирусология марказидан чиқарилди.

— Карантин қоидаларига риоя қилмаганларга жавобгарлик кучайтирилди, уйдан ташқарида ниқобдан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди. 

— 30 мартдан 20 апрелга қадар барча халқаро авиаташувлар тўхтатилди.

— 1 апрелдан Нукус ва Тошкент шаҳарлари ва вилоятлар марказларида махсус рухсатнома (стикер)сиз автомобиль бошқаришга чеклов ўрнатилди. 6 апрелдан эътиборан ушбу чеклов скутер ва велосипедларга ҳам жорий қилинди. 

— 6 апрелдан бошлаб деҳқон бозорлари ва супермаркетларга киришда ижтимоий масофани қўллаш, ҳар бир харидорнинг ҳароратини ўлчаш мажбурий этиб белгиланди. 

— Коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилгани айтилди. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди;

— Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди;

—  Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилиши кўрсатилди;

—  якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилди. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб бериладиган бўлди;

—   Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади;

—  Халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, «яшил йўлак»лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди;

— энг аввало пойтахт Тошкентни вилоятлар билан боғловчи постлар ёпилди. Кейинроқ вилоятлардаги шаҳарлар ва туманларни боғловчи постларда ҳам автомобиллар ҳаракатига чеклов ўрнатилди. 

— биринчилардан бўлиб пойтахт Тошкентда жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ишни имкон қадар масофавий ташкил этиш талаби қўйилди. 

— Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар Кенгашининг карантин даврида Рамазон ойини қандай ўтказиш юзасидан фатво берди. Унда таровиҳ намозлари, хатми Қуръонлар уйда, оила даврасида ўтказилиши белгиланди.

— 2020 йилнинг 15 августидан фуқароларга ўз уйида 30 кишилик оилавий тантана, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга рухсат берилди.

Коронавирусга чалинганларни даволаш ва карантинда сақланаётган фуқароларни жойлаштириш учун республика ҳудудида ўндан ортиқ касалхона қурилиши ҳам маълум қилинди.

Махсус карантин марказлари, касалларни саралаш ва тақсимлаш пунктлари ҳам тезда ташкил этилиб, дастлабки зарур чора сифатида қўл келди.

Ўзбекистонда ёз ойларига бориб, касаллик авжи нуқтасига етганда йўқотишлар сони анча ошди. Йўқотилганлар изтироби, тузалаётганлар қувончи баравар келаверди. Айримларнинг ваҳима сабаб касалликни оғир ўтказгани эса энг ёмони бўлди.

Пандемия бошида «оммавий иммунитет» ҳақида кўп бора гапирилган: «агар инфекцияга чалиниш ёки эмлаш натижасида ковидга нисбатан етарлича одам иммунитетга эга бўлса, вирус камроқ хавфли бўлиб қолади», дея тахмин қилинган.

Вакциналар касалликнинг энг оғир оқибатларидан самарали ҳимояланган бўлса-да, ҳатто энг яхши вакциналар ҳам инсонларнинг инфекцияга чалиниши ва вирус тарқалишини тўлиқ тўхтата олмайдиганга ўхшайди. Зеро, деярли ҳар ойда коронавируснинг янги штамлари тарқалмоқда. Мутахассислар фикрича, вирус билан узоқ вақт яшашга тўғри келиши мумкин. Чунки у ривожланади. Бунинг натижасида вакциналарни мунтазам янгилаб туришга тўғри келади.

«Омикрон» штамининг тарқалиши эса вазиятни ўзгартирди: ҳатто эмлаш кўрсаткичлари юқори бўлган мамлакатларда ҳам расмийлар одамларни кучайтирувчи дозаларни олишга ундамоқда ва ижтимоий ажратиш чораларини қайтадан жорий қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бутун дунё уйига, касаллик қўли етмас жойларга қамалишга ошиқди. Уйида ўтириб, иши, муайян маънода эрки, ҳаловатини йўқотганларнинг кўпи янги турмуш тарзи, қатъий қоидаларга кўниколмади. Масофадан туриб ишлаш имкони йўқлар эса даромадидан айрилди, рўзғорни тебратиш ташвиши икки ҳисса ошди. Лекин шунда ҳам ҳаётини бир изга тушириб, кулфатдан йўл топиб чиқиб кетганлар ҳам учради. Аммо инсон иродаси, сабри, матонати ва ақлини беаёв синайдиган касалликка ҳаммаям дош беролмади. Бироқ инсонлар саломатлик энг улуғ неъматлардан бири экани, яқинлар қадри, улар дийдори, меҳр-оқибат, чин инсонийлик фазилатларни англадик. Синовли кунларда бир-биримизни қадрлай бошладик. Одамлар бир муддат уйда қолиб, бир-бирини қўллаб, қалбан бирга бўлишди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Измир соҳилларида 65 муҳожир қутқарилди, юзлаб муҳожирлар ҳибсга олинди

36 12:20 16.08.2022

Қирғизистонда биринчи “Халқ қурултойи” чақирилади

108 11:45 16.08.2022

Ғарбнинг буюклари пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида...  

281 11:15 16.08.2022

Ўзбекистонда «Имом Бухорий» ордени таъсис этилади

184 10:55 16.08.2022

«Тез ёрдам» машинасида сув ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

169 10:35 16.08.2022

Франция ғазнасидан миллионлаб пул ўғирлаган 4 нафар исроиллик ҳибсга олинди

172 10:10 16.08.2022
« Орқага