Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Касал қизига меҳрибон ота миллионерга айланди  

4043

Англияда механик бўлиб ишлайдиган Томас исмли киши бор эди. У таомини зўрға топиб ерди. Аллоҳ таоло унга бир қиз фарзанд ато қилганди. Қизи беш ёшга кирганида оёқ пайларига тузалмас дард тегиб, бўйи ўсмай қолди. Кейин билишса, у энди юролмас ҳам экан. Томас қачон уйга қайтиб, қизининг хонасига кирса, уни йиғлаб ўтирган ҳолда кўрарди. Буни кўриб қизининг олдидан чиқиб, жаҳл билан деворларни тепар, бақирар ва ўзини овутиш мақсадида спиртли ичимликлар ичар эди. У ҳар доим “Нима учун, Худо, мени камбағал қилдинг, унинг устига қизимни ҳам шу аҳволга солдинг?” – деб нолиб юрарди.

Бир кун ишхонасидаги дўстига дардини тўкиб солди. Дўсти: “Эй биродар, қизлар бу Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир, яъни Аллоҳ таоло қизларга Ўзининг Жамол сифатидан баъзи сирларни яшириб қўйган. Уни қидириб топиш керак, ҳаракат қилиш керак, қизингга яқин бўлиб, сирлардан фойдаланиб қол. Аллоҳ таоло бу дунёда сенга берган қиз фарзандингдаги сирини бир кун сенга ошкор қилади” дейди. 

Бу гапдан кейин Томас ишдан чиқиб уйга қайтди. Ҳар доимгидек қизи йиғлаб ўтирар эди. У одатдагидек жаҳл қилиб ҳамма нарсани уриб асабийлашмади, аксинча, қизини орқасига миндирганча хона бўйлаб юришни бошлади. Қиз йиғлашдан тўхтади, бу ҳолатдан Томас яна ҳам тезроқ юра кетди, қиз аста кула бошлади. Бироздан кейин қизча қўлларини қушнинг қаноти каби кўтариб қиқир-қиқир кула бошлади. Буни кўриб Томаснинг шавқи ошиб, анча йилдан бери маҳзун қалбида бахт деган нарсани ҳис қилди. Бундан мамнун бўлиб, қизини кўчага олиб чиқди. Кунлар ўтиб бу одат тусига кирди. 

Бир куни унинг қўшниси: “Томас, анчадан буён ҳар куни югуриб юрганингни кузатаман. Йилда бир марта бўладиган Британия Қироличасининг хайрия марафонида қатнашиб кўрмайсанми?” – деб таклиф билдириб қолди. Томас ўйлаб кўришини айтди ва марафон бошланадиган куни иштирокчилар билан сафга турди. Томас ўшанда маррага учинчи бўлиб келган, лекин ҳамманинг назари унда эди. Чунки у елкасида опичиб олган ногирон қизи билан бошқалардан ажралиб турарди.

Шундан кейин ота ва қиз ҳар куни машқ қилишга тушишди, ҳаракат қилишди ва кейинги йилги марафонда маррага биринчи бўлиб келишди. Унга “Марафон ғолиби ва фарзандига энг яхши эътибор берувчи меҳрибон ота” сифатида қиролича томонидан тўққиз миллион доллар мукофот берилди.

Шу кундан бошлаб Томас Буюк Британиянинг милионерларидан бирига айланди. У пулининг бир қисмига ширкат очиб, пештоқига: “Қизлар, бу – Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир”, – деб ёзиб қўйди. 

“Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!  

ГУЛОРО ОРИПОВА

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хитойда марафон пайтида 20 киши ҳалок бўлган

1571 09:30 23.05.2021

Тошкент шаҳрида марафон сабаб айрим кўчалар ёпилади

726 10:30 27.03.2021

Избосканда коронавирус йўқми?

1414 19:59 26.05.2020

«Samarkand Half Marathon» хайрия югуриш пойгаси бўлиб ўтади

801 12:05 21.09.2019
« Орқага