Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Энциклопедия таърифи

534

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм)

47 – Энциклопедия, ёки қомус, ёхуд мавсуа илм маълумотларининг ҳаммаси ёки аксарига шомил, одатга кўра сарлавҳалар остида баён қилинган, тажриба ёки машққа муҳтож этмайдиган муайян тартиб билан берилган ва мударрис ёки шарҳлар воситачилигини талаб этмайдиган, истифода учун мавзуга қизиқиш билан умумий ўрта ўқимишлилик етарли бўлган услубда ёзилган муаллафотга айтилади. Шу билан бирга мўътамад манбаларга нисбат бериш ва мутахассислардан иқтибос олиш каби ундаги маълумотларга ишонч сабаблари ҳам мавжуд бўлиши керак.

Унга бу номни олишга ҳақли этадиган энциклопедиянинг ху­сусиятлари қуйидагилардир: шо­миллик, осон тартиб, муфассал услуб ва ишончлилик.

Тушунтиришга оид бу умумий таърифдан маълум бўляптики, Фиқҳий энциклопедия ана шу хусусиятларни ўзида жамлаган бўлиши керак. Ундаги тартиб асоси фиқҳда муомаладаги истилоҳлар (фиқҳнинг боблари ва машҳур масалалари сарлавҳаси бўла оладиган сўзлар) бўлиши даркор. Бу истилоҳлар алифбо тартибида берилиши керакки, мутахассис ёки бошқалар ўрганиш манбасига осон етиб борсин.

Унга ишонч сабаблари эса, далилларни баён қилиш ва асл манбаларга нисбат бериш билан пайдо бўлади. Шундан унинг барча маълумотлари ўртасида боғлиқлик, ўзаро тўлдириш ва муносиб баён уйғунлиги юзага келиши керак.

Демак, энциклопедия юқорида ишора қилинган ҳамма хусусиятлар риоя қилинмаган Мудавванлар, Мутавваллар (муфассал баёнли китоблар), Мабсутлар (тўлиқ баёнли китоблар) ёки фиқҳий китобларнинг Уммаҳотлари эмас. Қасддан ёки шунчаки тўғри келиб қолиб бир ёки бир неча хусусиятнинг топилиши, хусусан, ишончли фиқҳий маълумотларнинг анчасини қамраб олган китобларни мажозан энциклопедия дейишни мумкин этади, лекин ҳақиқатан эмас. Чунки уларнинг энг муҳим хусусиятларга эҳтиёжи бор: услубнинг енгиллиги ва мутаносиб баёнининг чегаралари белгиланишидан таш­қари ундаги баҳсларга асос қилиб тартибли истилоҳларнинг олиниши ҳам муҳим. Ислом фиқҳи ана шуларга ўхшаган манбалари билан бойдир. Улар бир ёки кўпроқ мазҳаб фиқҳида бошланғич энциклопедия ўлароқ, таҳлилий фиҳристлар вазифасини ўтаб, бу хизматлари билан муайян вақтгача энциклопедиянинг ўрнини босиши, унинг ўрнини тўлдириб туриши мумкин.

Фиқҳий энциклопедиядан кўзланган мақсадлар

48 – Фиқҳий энциклопедия жиддий мазмун ва мавзуларнинг ҳар бирини алоҳида чуқур муолажа қилиш ҳақиқатдан ажралиб туради. Жамоавий ҳаракат самараси ўлароқ турли фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидан ташқари, мутахассислар ва бошқаларга, хусусан, олий таълим, суд ва қонунчилик тизими кишиларига шариатга доир ўз билимларини чуқурлаштиришга кенг имконият яратади. Ҳамда фиқҳий меросни жонлантириш ва ҳалқаро ҳуқуқни қиёсий ўрганишда ўзининг аҳамиятини кўрсатади. Энциклопедияни яратишдан кўзланган энг муҳим мақсад ҳам аслида шу!

Энциклопедия ислом шариатига қайтишни осонлаштиради. Буни у замон муаммоларига, хусусан, қонунларни шариатдан олиб такомиллаштиришга оммавий юзланиш бўлиб турганда, тўғри ечимлар чиқариш билан енгиллаштиради. У шунингдек, дин ҳукмларига эътибор қаратишга, ҳамда фуқаҳолар Китоб ва Суннатдан истинбот этган ҳаётнинг барча ишларини тартибга соладиган ҳукмлардан бохабар бўлишга восита ҳамдир. Бунинг эса Аллоҳнинг розилиги ва гўзал ҳаёт билан нажот ва ютуққа эришишда ўрни жуда каттадир.

Энциклопедия дунё юзини кўриши билан, бугунги илм ва маърифатлар шакл ва услубда етиб келган ҳолатга ҳамқадамлик юзага чиқади. У асл мазмуни ва бой меросига энди гўзал кўриниш ва осон тартибни ҳам қўшиб олади. Бу эса нашр ва маълумотларни тақдим этиш оламида осонлик ва тезкорлик пайдо қилади.

Фиқҳий энциклопедия тарихи

49 – Фиқҳий энциклопедия нашри қадимий ва янги исломий орзудир. Бу таклиф этилган тушунча ва йўлларининг фарқланишига қарамай, ислом уммати уйғонишига камарбаста бўлган кўпчиликнинг интилишидир. Бироқ фиқҳга нисбатан янгича бу илмий лойиҳани амалга оширишга илк муҳим чақирув 1951 йил Парижда бўлиб ўтган Исломий фиқҳ хафталиги конференциясида янгради. Бунда Ислом оламининг кўзга кўринган фақиҳларидан кўпчилиги иштирок этишганди. Конференция таклифлари ичида исломий-ҳуқуқий маълумотларни янги услуб ва алифбо тартиби билан берилган фиқҳий энциклопедияни тайёрлашга чақириқ ҳам ўрин олганди.

Тарихий ва оламшумул бу қарорнинг ижроси 1956 йил Дамашқ жомиасининг Шариат факультетида ташкил этилган Ҳайъат томонидан рўёбга чиқарилди. Бу иш Давлат қарори билан бошланди ва кейинчалик Сурия ва Миср бирлашганда янгидан Давлат қарори билан мустаҳкамланди. 1961 йили энциклопедия баҳсларидан намуналарни ўзида жамлаган биринчи қисм китоб бўлиб чиқди. У фикр ва мулоҳазаларни ўрганиш учун икки мамлакат олимлари томонидан ёзилганди. Шундан кейин Сурияда Ибн Ҳазм фиқҳи луғати ва фиқ­ 50 ҳий истилоҳларни излаш қўлланмаси каби айрим тайёргарлик ишлари нашр қилинди.

Мисрда Энциклопедия ғоясини амалга оширишни Вақф ишлари вазирлиги ўз зиммасига олди. 1961 йил Исломий ишлар Олий Мажлиси томонидан Энциклопедиянинг биринчи қисми нашр қилинди. Бугунга келиб мазкур ишнинг ўн беш қисми нашр этилган. Иш ҳали ҳануз алифбонинг биринчи ҳарфи – “А”да турибди. Нашр амалга ошириш муддатидан анча кечикмоқда.

1967 йил бу лойиҳани амалга оширишни Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги ўз зиммасига олди. Бундай ўзгариш лойиҳани амалга оширишда мусулмон мамлакатлардаги молиявий ва ақлий кучларни бирлаштиришга бўлган эҳтиёждан келиб чиқди. Чунки фиқҳни замонавий кўринишда, таълимига қизиқтирадиган ва унга амал қилишни осонлаштирадиган шаклда тақдим қилиш фарзи кифоя бўлиб қолганди. Бунга ўхшаш амалдан фазл ва ажрни ғанимат билиш ва умматнинг ҳаммасидан гуноҳ ва масъулиятни соқит қилиш мақсади бу ишга кишиларни ундаши керак эди.

Бу ўринда бир нарсани, албатта, айтиб ўтишимиз керак. Ислом фиқҳи хизматида ҳаракатларнинг турлича бўлишининг ҳеч зарари йўқ. Чунки бу соҳа замонавий услуб ва техник маҳорат борасида қаттиқ янгиланишга муҳтож. Сурия, Миср ва Кувайтда тайёрланаётган уч энциклопедия маҳсулидан маълум бўлишича, уларнинг ҳар бири ислом фиқҳини майдон ёки услубда бошқаси такрорламаган кўринишда беҳожат қилиши мумкин экан. Бундай хилма-хиллик турли эҳтиёжлар ва турфа эътиборларни қондиради, ҳамда ўқувчиларни унга яқинлаштиради.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Имомлар таърифи

669 21:05 15.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Энциклопедия иловалари

598 22:05 14.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Кувайтда амалга оширилган Фиқҳий энциклопедия лойиҳасининг босқичлари

587 22:00 13.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий энциклопедия билан танишув

629 22:05 11.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳнинг тақсимотлари

652 22:05 10.10.2021
« Орқага