Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Шахслар томонидан  мажбурлаш

522

(180-қисм 181-қисм 182-қисм 183-қисм 184-қисм 185-қисм 186-қисм 187-қисм 188-қисм 189-қисм 190-қисм 191-қисм 192-қисм 193-қисм 194-қисм 195-қисм 196-қисм 197-қисм 198-қисм 199-қисм 200-қисм)

12.  Шориъ махсус ҳолатларда баъзи шахсларга бировни мажбурлашга ижозат беради. Масалан, Шориъ шуфъада шафиъга  кўчмас мулкни харидорнинг розилигисиз ҳам у олган нарх эвазига эгалик қилиш хуқуқини берди. Бу шафиънинг ихтиёрий ҳақидир .

13.  Шориъ ражъий талоқ қилинган аёл иддада бўлса, у хоҳламаса-да, талоқ қилган кишига қайтиш ҳуқуқини берган. Чунки қайтиш валийга, маҳрга ва аёлнинг розилигига муҳтож эмас. Бу Шориъ томонидан эркакка идда муддатида собит қилинган ҳақ бўлиб, ақдлашув вақтида у айтилмаган ёки талоқ вақтида ҳам шарт қилинмаган. У бунда ўз ҳақини соқит қилишга ҳам эга бўлмайди. Бу масалани фақиҳлар “Ражъат − орқага қайтиш” мавзусида баён қилишган.

Шунингдек, Шориъ отага ва унинг ўрнига ўтувчи вакили ёки васийига никоҳда мажбурлаш ҳақини берган. Бу мавзуда бир қанча ихтилофлар мавжуд бўлиб, тафсилот ва баҳслар ҳақида “Никоҳдаги валоят” мавзусида тўлиғича сўз юритилади .

14.  Агар она болани тарбия қилишга тайин қилинмаган бўлса, уни бу ишга мажбурлашда фақиҳлар ўртасида турли қарашлар бор. “Тарбия – тарбиячининг ҳаққи”, деб биладиганлар: “Агар она тарбиядаги ҳақини соқит қилса, мажбурланмайди. Чунки ҳақдор ўз ҳақини тўлатўкис олишга мажбурланмайди”, дейишади. “Тарбия – тарбияланувчининг ҳаққи”, деб биладиганлар эса: “Албатта, қози тарбиячини мажбурлаши мумкин”, дейди. Бу масала фақиҳлар тарбия ҳақида сўз юритишган бобда батафсил баён қилинган .

Шунинг учун “Муфаввиза – маҳрининг миқдори баён қилинмасдан никоҳланган аёл – агар яқинлик қилинишидан илгари ўзи учун маҳр белгиланишини талаб қилса, эр шунга мажбур қилинади”, дейишган. Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ: “Имом Шофиъий ҳам шундай деганлар ва бунда бирон мухолиф борлигини билмаймиз”, деганлар.

15.  Ҳанафийлардан бошқалар ва Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ: “Хоҳ муслима, хоҳ зиммия, хоҳ ҳур, хоҳ чўри бўлсин, эр ўз хотинини ҳайз ва нифос ниҳоясига етгач, ғусл қилишига мажбурлаш ҳуқуқига эга. Чунки ҳайз ва нифос эрни ўз ҳақидан фойдаланишдан тўсади. Шунинг учун эр ҳақини ман қилаётган нарсани кетказиш учун аёлини мажбурлаш ҳуқуқига эгадир”, дейишади. Шунингдек, эр балоғатга етган муслима аёлини жанобатдан ғусл қилишга мажбурлашга ҳаққи бор. Зиммий аёлига келсак, шофеъий ва ҳанбалийлардан қилинган бир ривоятда “Эрнинг уни мажбурлашга ҳақи бор”, дейилган. Иккинчи ривоятда эса “Уни мажбурлашга ҳаққи йўқ. 

Чунки аёлдан фойдаланиш бунга боғлиқ эмас”, дейилган. Имом Молик ва Саврий раҳматуллоҳи алайҳларнинг ҳам сўзи шу .

16.  Шериклик молларга нисбатан: “Агар улар бир жинсдан бўлса ва шериклардан бири унинг тақсимланишини талаб қилса, ҳанафий уламоларимиз қози у нарсаларни тақсимлашга мажбур қилишини айтганлар. Чунки тақсимлаш айирбошлаш маъносидан холи бўлмайди. Айирбошлаш ҳам худди қарзни тўлашдаги каби мажбурлаш жоиз бўлган ишлардандир. Қарзлар ўхшаши билан тўланса-да, қарздор уни адо этишга мажбурланади. Натижада, тўлаган нарсаси зиммасидаги қарзига бадал бўлади. Бу алмаштиришдаги қасддан мажбурлашдир ва бу – жоиз иш. Демак, қасддан бўлмаганининг жоизлиги шубҳасиздир.

Агар шериклик моллар туя, қорамол ва қўй каби турли жинслардан иборат бўлса, айирбошлаш узрли бўлгани учун уларни тақсимлашдан бош тортаётган кишини қози мажбурлай олмайди. Агар (шериклари у нарсаларнинг тақсимланишига) рози бўлсалар, унда жоиз . Бунинг тафсилоти “Шериклик” ва “Тақсимлаш” бобларида келади.

17.  Шофеъийлар: “Агар (шериклик моли) катта боғ, катта ҳовли, кенг дўкон ёки бир жинсдан бўлган ўлчанадиган ё тортиладиган ёки шунга ўхшаш тақсимлашда зарар етмайдиган нарса бўлса ва шериклардан бири уни тақсимлашни талаб қилса, қолганлар бунга мажбурланади”, деб таъкидлашган. Мажбурий тақсимлашдан ман қилувчи зарар – бўлинган нарсанинг қийматига нуқсон етишидир. Бир қавлда: “Ман қилувчи зарар – тақсимланган нарсадан фойдаланиб бўлмаслик”, дейилган. Агар шериклардан фақат биттаси зарар кўрса ва у тақсимот талаб қилса, иккинчи шерик бунга мажбурланади. Агар ундай бўлмаса, мажбурланмайди. Яна айтилишича, уларнинг қайси бири талаб қилса ҳам иккинчиси мажбурланмайди. Бунинг ҳам тафсилоти “Тақсимот” ва “Шериклик” бобларида келади.
 

18.  Фақиҳлар таъкидлашича, икки кишидан бири юқоридан фойдаланиш ҳақига эгалик қилса, иккинчиси пастга эгалик қилса, пастки қават эгаси бино қуришга мажбурланмайди.Чунки бунда юқори қават эгасининг ҳуқуқи йўқ бўлувчидир. Зеро, унинг ҳақи − мавжуд бўлиб турган пастнинг юқорисига ўрнашишдир . Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Агар қуйи қават бир кишиники, юқори қават эса бошқа кишиники бўлиб, ўрталаридаги шифт бузилиб кетса ва бири бошқасидан уни қайта қуришни талаб қилса-ю, у бош тортса, икки ривоятга қараганда, бу масала худди икки ҳовли ўртасидаги девор кабидир”. Бу борада имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг икки хил ривоят каби икки хил сўзлари бор.

Агар қуйи қаватнинг деворлари бузилса ва юқори қават соҳиби у деворни қайта қуришни талаб қилса, бу борада икки ривоят бор. Бири: мажбурланади. Бу имом Молик, Абу Савр роҳматуллоҳи алайҳлар ва имом Шофеъий раҳматулоҳи алайҳнинг икки сўзидан биридир. Шу ривоятга биноан пастки қават эгасининг ёлғиз ўзи шифтни қуришга мажбурланади. Чунки бу унинг хос мулкидир. Иккинчиси: мажбурланмайди. Бу Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларидир.

Агар юқори қават соҳиби уни қураман деса, иккала ривоятга биноан ҳам у бундан ман қилинмайди.

Агар қуйи қават соҳиби юқори тараф эгасидан қуришни талаб қилса ва юқори қават эгаси бундан бош тортса, бу хусусда икки хил ривоят бор: биринчиси, у қуришга ҳам, ёрдам беришга ҳам мажбурланмайди. Бу имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзи. Иккинчиси, у ёрдам беришга мажбурланади. Чунки у фойдаланишда иккаласи шерик бўлган девордир . Бунинг тафсилоти “Ўзганинг мулкидан фойдаланиш ҳуқуқлари” бобидаги “Юқорида бўлиш ҳақи” бўлимида келади.

19.  Фақиҳлар шерикли девор ҳақида: “Агар девор бузилиб кетса ва унинг ўрни кенг бўлса, шерикларнинг бири уни қуришни талаб қилса, иккинчиси бунга мажбурланади”, дейишган. Бу ҳанафий, моликий, шофеиъй ва ҳанбалий мазҳаби имомларининг саҳиҳ сўзларига асосланган. Чунки деворни қурмаслик зарар етказади. Шунинг учун улардан бири талаб қилган чоғда тақсимлашга мажбурлангани каби қуришга, агар йиқилиб кетиш хавфи бўлса, бузишга ҳам мажбурланади. Мазҳаблардаги саҳиҳ бўлмаган сўзга кўра эса, улар бунга мажбурланмайди. Чунки девор (ёки шифт) ўзи қадрсиз, арзимас нарса бўлгани сабаб аҳамиятсиз ҳисобланади. Шунинг учун худди деворга ёлғиз ўзи эгалик қилганидаги каби эгасини ҳам унга сарф-харажат қилишга мажбурланмайди. Чунки бу иш деворни (қайта) қуриш бўлиб, аввал бошдан мажбурланмагани каби кейин ҳам мажбурланмайди. Ҳанафийлар, шериклик деворнинг ўрни тақсимланиши мумкин ва шериклардан ҳар бири ўз улушида тўсиқ қуришга имкони бўлса, улар мажбурланмайди, йўқса, мажбурланади,  дейишган.

(давоми бор)

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

«Azon kitoblari» нашриёти

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» Термиз яқинига тушган снарядлар ҳақида муносабат билдирди  

525 23:18 06.07.2022

Маккаи мукаррама: бугун зиёратчилар Тавофи Қудумни адо этишди

68 23:18 06.07.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Нукус воқеалари бўйича махсус баёнот берди

245 22:47 06.07.2022

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

605 21:45 06.07.2022

Украина Европа Иттифоқига қўшилса нима бўлади?

324 21:30 06.07.2022

Хорижда ишга жойлаштириб қўяман деган ҳар кимга ҳам ишонманг!

189 20:45 06.07.2022
« Орқага