Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Душманга тузоқ қўйилади

1092

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

Мамадали тез-тез қадам ташлар, ундан қолиб кетишдан чўчибми ёки бошқа ўй-хаёл, Пахомич ҳаллослаганича ва нафаси бўғзига тиқилганича унга эргашган эди. Уларнинг ортида Воронцевичи қишлоғи оқсоқоли кекса Тихон Матвеевич кетарди.

Тихон Матвеевич қишлоқ халқи, ён-атрофнинг алоҳида хусусиятлари тўғриларида маълумот берган бўлсада Мамадали эшитганлари билан қаноатланмади. Қишлоқ уйларини, диққатини тортган иҳоталарни ўз кўзи билан кўришни маъқул топганди. У шошарди. Ҳадемай немислар етиб келади. Унгача бирор чора топиши керак. У қишлоқ одамлари – ёш болалар, аёллар ва кексалар билан қочишни хаёлига ҳам келтирмасди. Немисларнинг итларини кўрди. Итлардан эса қочиб қутулиб бўлмайди.

– Балки, узоқроққа бориб яшириниб турармиз, – Мамадалига етиб олиш илинжида шошиб кетаётган Тихон Матвеевич сўз қотди.

– Қочишдан фойда бўлганда, ота, қочардик! – юришдан тўхтамай деди Мамадали. 

– Немисларни ҳам художўй, дейишди, – ҳансираганича қадам ташларкан, давом этди Тихон Матвеевич. – Худони таниган бўлса қуролсиз одамларга қасд қилмаса керак.

Мамадали йўлда кўрган воқеани айтгиси ва уни қўрқитгиси келмади. Унинг хаёлини қароргоҳга қайтиш эмас, балки бу ҳимоясиз ва ожиз инсонларни қутқариш қайғуси эгаллаб олганди.

– Қурол кўтара оладиганлар борми? – оғир ўйларидан юлқиниб сўради Мамадали.

– Милтиқни назарда тутаётган бўлсанг, ўғлим, мен билан кекса Никифор бор... Қолганлар аёллар ва болалар.

Мамадали яна ўйланиб қолди. Юз чамалик немис аскари. Уларга қарши икки киши, иккита ППШ билан. Бу кексаларни ҳисобга қўшмаса ҳам бўлади. Балки немислар Воронцевичига кирмай ёнлаб ўтиб кетишар? Агар қишлоққа юзланса, унда уларнинг аҳволи оғир.

– Отахон, қишлоқдагиларнинг ҳаммасини йиғинг! – бирдан юришдан тўхтаб буюрди Мамадали.

– Нима қилмоқчисан?! – ажабланди Пахомич. “Эсингни едингми!?” деган маъно ҳам сезиларди унинг овозида.

Мамадали унга эътибор бермай қарияга тикилганича тураверди. Унинг кўзларидан қатъият ва аллақандай босимни ўқиган Тихон Матвеевич “хўп!” дедида шошганича юриб кетди.

Мамадали ўгирилмоқчи бўлганида Пахомич унинг билагидан ушлади.

– Нима қилмоқчисан!? – саволини яна такрорлади Пахомич.

– Ҳали ҳам тушунмадингми, Пахомич! Уларни ҳимоя қиламиз. Яъни, сен ва мен!

– Эсингни йиғ, Воронцевичига келаётган немисларни ўз кўзинг билан кўрдингку! Қуролингдаги ўқлардан ҳам кўп! Улар билан жанг қилмоқчимисан?! Икки киши бўлиб уларга қарши чиқмоқчимисан!?

– Гап бундай, Пахомич! – Мамадалининг кўзлари ёнди. – Рухсатимсиз ҳеч қаёққа кетмайсан! Ёт, десам ётасан, тур, десам турасан! Сўроқсиз бир қадам ташласанг, ўз қўлим билан отаман, соқолингнинг ҳурматини ҳам қилмайман. Тушундингми? Энди, бор, одамларга ёрдам бер. Кейин нима қилишингни ўзим айтаман!

Мамадалининг авзойи бузилган, сиёқида ваҳший бир қиёфа бор эди. Шу аҳволида унга қарши чиққан ҳар бир кишини мажақлашга тайёр эди. Буни тушунган Пахомичнинг нафаси ичига тушиб кетди ва индаёлмай қолди. Одамлар томон кетаётган Мамадалининг ортидан қараб тураркан, у билан разведкага чиққани учун ичида ўзини сўкмоқда эди. Пахомичнинг назарида Мамадали жаллоднинг кундасига ўз ихтиёри билан бошини қўйган эди.

Ибодатхонанинг чоғроқ майдонига йигирма-ўттиз чоғлиқ қишлоқ аҳли – Тихон Матвеевич ва унинг қария улфати, яна ёш болалар, аёллар йиғилишди. Мамадали Тихон Матвеевичдан сўради:

– Отахон, ибодатхонанинг ертўласига бу одамлар сиғадими?

– Ҳа... бемалол... Эшиги... эшиги ўрмон томонга қараган... Айтгандек, кўринмайди ҳам. Агар устига тахталарни ташлаб қўйилса умуман сезилмайди.

– Шундай қиламиз. Немислар қишлоққа келишса ертўлага яширамиз одамлар, отахон.

Мамадали тезда одамларни кўздан кечириб, нигоҳи бир аёлнинг қўлидан маҳкам ушлаб олган болада тўхтади. Уларнинг ёнига келди.

– Исмингиз нима? – аёлдан сўради Мамадали.

– Зинаида... Зинаида Васильевна.

– Зинаида Васильевна, ўғлингиз бизга ёрдам бера оладими?

Аёл қўрқиб кетди. Бир ўғлига, бир Мамадалига қаради. Негадир лабларини қаттиқ тишлади. Агар Тихон Матвеевич аралашмаганида ўнғайсиз жимлик узоқ чўзилган бўларди.

– Қизим, Зиночка, ўғлинг бизни ҳимоя қила оладими-йўқми, деб сўради, холос.

Аёлнинг лаблари титради. Худди биров тортиб оладигандек, ўғлини маҳкам қучоқлаб олди. Мамадали аёлдан ижозат бўлмайди, деган хаёлда нари кетаётганида аёл сўради:

– Ўғлимнинг ўрнига мен борсам бўладими?

Тихон Матвеевич “нима дейсан?” деган маънода Мамадалига қаради. У тасдиқ ишорасида бош ирғади.

– Нима қилишим керак? – анча енгил тортиб сўради аёл.

– Ҳозир тушунтираман, Зинаида Васильевна.

– Оддий қилиб Зина, деяверинг.

– Яхши, Зина, – аёлни анча ўзига яқин ҳис қилиб деди Мамадали. – Энг баланд қарағай дарахтига чиқасиз. Немислар қишлоққа юрса ишора берасиз...

– Қандай қилиб?

– Масалан... рўмолингизни силкийсиз, – Мамадали аёлнинг бошидаги оқ рўмолга ишора қилди.

– Розиман.

– Катта раҳмат сизга, Зина.

– Сизга раҳмат!

Мамадали бош ирғади, аёлнинг бу сўзларига жавоб бермади.

– Зина, мен черковнинг қўнғироқхонасида бўламан. Шу ердан сизни кўришим керак, тушундингизми?

– Сайхонлик бошланадиган жойда катта эман дарахти бор, – тушунтира кетди аёл. – Қўнғироқхонадан ўша эманнинг учи кўринади. Яқин-яқинларгача ўша эман шоҳларига чиқиб ўйнардик. Қўнғироқхонадаги катта-кичик қўнғироқларни санардик.

– Жуда яхши, Зина. Ўша жойда ўтирасиз. Немислар кўринса рўмолингизни силкийсиз.

– Хўп...

Мамадали бир муддат сукут қилгач, деди:

– Сиз... бораверинг...

– Яхши... Ўғлимнинг исми Миша... Михаил, агар менга бирор нарса бўлса қишлоқда қариндошларим бор.

Аёл ўғлини яқинларига қолдирдида ўрмон томон юриб кетди. Мамадали энди уни эсидан чиқариб, одамларга юзланди. Тихон Матвеевичдан уларни черков ертўласига олиб тушишни илтимос қилди.

– Пахомич, мен билар бирга қўнғироқхонага чиқасан! – буюрди Мамадали, нарироқда одамларнинг ертўлага тушишларини жимгина кузатиб турган Пахомичга.

Бояги аччиқ суҳбатдан анча ўзига келиб қолган Пахомич шоша-пиша деди:

– Хўп бўлади, ўртоқ командир!

Асаблари таранг тортилган бўлсада Мамадали унинг бу сўзларидан кулиб юборай деди. Унга эътибор бермай ППШни елкасига қайтадан осиб, черков қўнғироқхонасига олиб чиқадиган зинапоя томон ошиқди. Пахомич эса, худди бирор нарсадан қуруқ қолаётган кишидек, унинг ортидан лўкиллаб чопди. Тихон Матвеевич ва унинг шериги ертўланинг оғир ёғоч эшигини ёпиб, уни эски-туски тахта-ёғочлар билан тўсиб ташлашди.

Воронцевичи немис аскарларини қарши олишга ҳозир эди.

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

460 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

768 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

178 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

270 21:00 01.07.2022

Хотира

294 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

250 20:00 01.07.2022
« Орқага