Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: хоинлар суҳбати

1154

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

Александр Данилевский белорус ўрмонларида аввалига жон сақлаб, фурсат пойлаб, йўқотган қуролию журъатини топган, энди эса дадил майдонга чиқаётган, талафотлар етказаётган, нафас ростлашга имкон бермаётган партизанлар орасида фақатгина бир қиёфани кўрарди. У энди бошқариб бўлмайдиган бир куч, ёввойи қудратнинг тимсоли. Подберезний яқинидаги ҳарбий гарнизонга юрак ютмай кириб борган, немис зобитини тутиб кетган ўша қиёфа – Казбек эканига шубҳаси қолмаган. Ҳозир қаршисидаги суҳбатдоши ҳам буни тасдиқлаган, бироқ у эшитган сўзларига қаноат ҳосил қилмай саволларни қайтадан берди:

– Немис майорини ўша йигит қўлга туширди, дейсанми?

– Ҳа... командир билан гаплашаётганида ўз қулоқларим билан эшитдим. Подберезний атрофида тутишибди.

– Аниқ Казбекмиди?

– Казбек, дейсизми?! Ҳа, ҳа, ўша! Уни Толик ҳам дейишади. Худди ўша Толик разведкачилар билан Подберезнийга боришган, буни уч-тўрт кишидан эшитдим.

– Немис майори қаерда, Сметянкиннинг қароргоҳидами?

– Йўқ! Бригада қўмондони Герасим Петрович олиб қолибди. Кейин нима бўлди, билмайман. Биласизку, қароргоҳда қора ишларни қиламан. Мендақа одамларни у томонларга қўйишмайди, борсам дарров шубҳаланишади. Ўзи шундоқ ҳам Толик, анави Казбек менга ола қараб юрибди. Мени кўрса қовоғи тушиб кетади, еб қўйгудек ўқраяди. Менимча, бирор нарсани сезиб қолган-ов...

– Шунақа юрак билан қандай юрибсан! – таҳдид оҳангида деди Данилевский. Аммо, юрагида Казбек – Мамадалига нисбатан аллақандай қўрқув борлигини ҳис қилдию бундан ғашланди. Қўрқуви қаршисига кибри чиқиб, улар бир-бирлари билан кураша кетишди. Ниҳоят, тарозининг кибр босган палласи оғир келди ва лабларини истеҳзоли бурди. Нигоҳида такаббур бир маъно ғолиб келди.

– Қўрқоқ жангдан олдин ўлади, шуни эшитганмисан?

– Йўқ...

– Ундай бўлса, шу мақол эсингдан чиқмасин. Яна бир нарсани қўлоқларингга қуйиб ол: биз қўрқоқларни шерик тутмаймиз, уқдингми?

– Уқдим... Сиздан бир нарсани сўрасам майлими?

– Сўра!

– Биз... яъни, сиз ва мен славянлармиз. Немислар славянларга қарши урушяпти. Славянларнинг душмани бизнинг ҳам душманимиз эмасми?..

– Бизнинг душманимиз немислар эмас! – бирдан тутақиб кетди Данилевский. – Бизнинг душманимиз болшевиклар! Славянларнинг, диннинг душмани болшевизм! Отангни ким қулоқ қилди? Немисми ёки болшевикларми? Қишлоғингдаги черковни ким ёқди? Немисларми ёки болшевикларми?

Данилевскийнинг қаҳр ва ғазабдан ёнган нигоҳига дош беролмаган суҳбатдош кўзларини олиб қочди.

– Нега индамайсан!? Тилингни ютдингми? Ким ўлдирди? Ким ёқди?

– Болшевиклар!

– Душман кимлигини энди тушунгандирсан?

– Тушундим.

– Болшевикларни қўллаб-қувватлаб немисларга қарши курашаётганлар отангнинг қотиллари тарафдорлари! Черковларнинг кулини кўкка совурганларнинг давомчилари! Энди танла! Ким билансан? Болшевиклар биланми? Немислар биланми?

– Болшевикларга қаршиман!

– Мана энди ўзингга келдинг! Бундан кейин хаёлингни бўлма, асло! Тушундингми?

– Тушундим...

– Сен Казбекни кузат. Сенга яқинда бир вазифа юклаймиз. Ўшанда ўша Казбекни ҳам қўлга туширамиз. Казбекни йўқ қилсак, мана кўрасан, партизанларнинг шашти пасаяди, руҳи тушади. Шунинг учун, нима қилиб бўлса ҳам уни йўқ қилишимиз шарт!

– Ҳаммасига энди тушундим.

– Баракалла! Энди бор, ишингни давом эттир!

– Хўп...

...Данилевский ёлғиз қолди. Хаёлидан “славянларнинг душмани бизнинг ҳам душманимиз эмасми?” деган савол кетмай қолди. Қалбининг туб-тубларида бу иккиланишга “ҳа, душманимиз!” деган жавоб милтилларди. Аввалда кўнглида қўрқув ва кибр курашган бўлса, энди уларнинг ўрнини чуқур аросат, сўнгсиз иккиланиш эгаллади. “Немис бизнинг душманимиз эмас, аммо дўстимиз ҳам эмас!” деган фавқулодда ўй ўтди.
 

“Ҳаммасини вақт кўрсатади! – қатъий фикрга келди у. – Аввал немислар ёрдамида халқни болшевизм вабосидан қутқарамиз, сўнг немисларсиз давлат тузамиз! Мана, генерал Власов ҳам шу гапларни айтяпти. Рус Озодлик Армияси Вермахт билан иттифоқда болшевизмга қарши курашяпти. Мен каби болшевизмга қарши бўлган рус аскар ва зобитлари кўп, улар минглаб. Вақти келиб миллионларга айланамиз! Аввалги улуғ Россия империясини тиклаймиз! Болшевизмни Россия тарихининг энг чиркин, қабоҳатли саҳифалари каби эслаймиз!..”

Данилевскийнинг томирларида қон жўшди, кўзларига ёрқин кўрина бошлаган келажакнинг ҳаяжони, эҳтиросидан юраги тез-тез ура кетди. Аҳди қатъийлашди: “қайтиш йўқ!”

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

433 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

720 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

164 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

255 21:00 01.07.2022

Хотира

284 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

245 20:00 01.07.2022
« Орқага