Россиянинг Киев атрофидаги ҳарбий фаолликни пасайтиргани ва бу ҳудуддан айрим бўлинмаларни олиб чиқиб кетиши тўғрисидаги маълумотлар Кремлнинг минтақадаги ташаббусни қўлдан бой берганини англатади. Бу ҳақда Буюк Британия разведкаси маълум қилди.
Махсус хизмат ҳисоботига кўра, россияликларнинг муваффақиятсиз ҳаракати ҳамда Украина қўшинларининг қарши ҳужумлари Москванинг асосий мақсади – Киевни ўраб олишга муваффақ бўлмаганини англатади. “Катта эҳтимол билан шарқдаги Донецк ва Луганск вилоятидаги ҳужумини кучайтириш учун Россия шимолдаги кучларни жалб қилади”, – деб қайд этилган ҳисоботда.
Аввалроқ Украина бош штаби рус қўшинларининг олиб кетилиши сабабларини очиқлаганди. Бу орқали Москва Киевни ўраб олишдан воз кечгани тўғрисида ёлғон тасаввур уйғотмоқчи. Бундан аввал АҚШ қўмондонлиги Россия Киев атрофидан қўшинларини олиб кетишни бошлагани ва Украина жануби ҳамда шарқидаги марраларга эътибор қаратаётганини маълум қилганди. Пентагон тахминига кўра, Киев ва Чернигов йўналишларидаги кучларнинг камайтирилиши янги зарбалар бериш мақсадида кўшинларнинг қайта гуруҳланиши учун амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Путиннинг ёрдамчиси Владимир Мединский юқоридаги икки йўналишда армия контингенти камайтирилишини айтганди.
Бир неча кун аввал РФ мудофаа вазирлиги “махсус операция”нинг биринчи босқичи якунланганини ва Донбассда ҳужумлар кучайтирилишини эълон қилди. Украина президенти офисининг масъул ходими Алексей Арестович рус армиясининг бу манёврларини изоҳлар экан “Кремлнинг пойтахтни ишғол қилиш бўйича режалари барбод бўлган”ини таъкидлаган.
Ҳозирда Украина қуролли кучлари Суми, Харковь ва Киев вилоятларининг бир қисмини озод қилмоқда. Бу ҳудудларни Россия армияси колонналари тарк этмоқда.