Россия ҳукумати Украинада қирилиб кетаётган аскарлари ўрнини тўлдириш учун кенг кўламли ёллаш кампаниясини бошлади. Ғарб маълумотларига кўра, руслар тарафидан 200 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ва яраланган.
Кремль Қуролли Кучлар сафига 400 минг шартнома бўйича хизмат қилувчи ҳарбийларни жалб этиш вазифасини қўйди ва ҳудудларга тегишли буйруқлар берилган, дея хабар бермоқда Bloomberg нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.
Уларнинг сўзларига кўра, расмийлар такрорий мажбурий сафарбарлик эълон қилмаслик учун шундай ёллаш усулидан фойдаланишмоқда. Маълумки, сафарбарликнинг биринчи тўлқини Россия халқининг норозилигига ва миллионга яқин фуқароларнинг чет мамлакатларга қочиб кетишига сабаб бўлди.
Аввалги тўлқинда мобилизация қилинганларнинг деярли барчаси — 300 минг киши аллақачон Украина фронтига ташланган, деб ҳисоблайди нашр манбалари.
Генераллар барча мумкин бўлган захиралардан фойдаланган бўлса-да, кенг эълон қилинган ҳужумлар натижа бермади. 31 январдан 28 февралгача рус армияси атиги 234 квадрат километр ёки Украина ҳудудининг атиги 0,039 фоизини босиб олишга муваффақ бўлди.
Иккинчи Жаҳон уруши қўмондонлари услубида минглаб аскарларни аямасдан аниқ ўлимга, жумладан, миналаштирилган майдонларга ташлаб ҳужум қилган рус генераллари Украинанинг бирорта ҳам шаҳрини ҳам эгаллаб ололмади ва фақат йўқотишлар бўйича янги рекордлар ўрнатди.
Айни пайтда Киев Ғарб танклари ва қуролларининг келишини кутмоқда, улар билан яқин ойларда муваффақиятли қарши ҳужумга ўтишни режалаштирмоқда.
Bloomberg манбаларига кўра, янги ёллаш кампаниясидан мақсад Украинада жуда тез йўқ қилинаётган қўшинлар сонини ҳеч бўлмаганда доим бир миқдорда ушлаб туришдан иборат. Уларга кўра, расмийлар 2024 йилга белгиланган президентлик сайловлари арафасида иккинчи оммавий сафарбарлик тўлқинини ўтказишдан чўчимоқда. Чунки келаётган сайловда Путин бешинчи муддатга қайта сайланади.
Ҳозирча ёлланма жангчилар асосан уруш ветеранлари ва қишлоқда яшовчи аҳоли орасидан олинмоқда. Шу билан бирга, бир қатор амалдорлар улкан режа бўлган 400 000 кишини йиғиб бериш принципиал жиҳатдан қийинлигини айтишмоқда.
Rand Corp таҳлилчиси Дара Массиcотнинг таъкидлашича, Россия армияси ҳарбий-техикавий активларини исроф қилиб тугатди, аммо улар катта тирик куч захирасига эга.
Таҳлилчининг фикрича, Кремлнинг режаси амалга ошмайди. Чунки агрессор армиясига фақат чалажон ватанпарварлар ёки энг камбағал фуқаролар пул учун ихтиёрий қўшилиши мумкин. Аммо улар билан Бош штаб фронтда олдинга силжиши даргумон.