Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Кўҳна Хитойнинг янги стратегик позицияси: табассум ортидаги сир

2056

Жорий йилнинг май ойида Пекинда “Хитой-Марказий Осиё” биринчи саммити бўлиб ўтади. Унда ҳамкорликнинг улкан режасини муҳокама қилинади. Бу саммитга расмий Пекин иқтисодий ютуқлар қатори дипломатик муваффақиятлар билан етиб келаётгани диққатга сазовор.

Сўнгги йилларда дунё сиёсатида Хитойнинг ўрни ўзгариб бораётгани сир эмас. Очиқ айтмаса-да, дипломатик ҳаракатларидан “мўлжал” узоқ олинганини бемалол тушуниш мумкин. Унинг “қизиқиш”лари фақат Осиё қитъаси билан чегараланиб қолаётгани ҳам йўқ. Хитойликлар жаҳоннинг гегемон давлатлари, хоссатан, АҚШ билан Тинч ва Ҳинд уммони атрофидагина эмас, ҳатто Африка ҳудудларида ҳам рақобатга киришганини кўриб, хитойликлар ростдан ҳам “ҳазиллашмаётганини” англаш ортиқча ақл талаб қилмайди. Бу ҳаракатлар бошқалар қатори азалдан чинликлар билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлиб келган Марказий Осиё халқлари учун ҳам диққатга сазовор. 

Сўнгги йилларда Россиядек давлатнинг ерлари учун даъвогарлиги ҳақида провакацион хабарлар тарқалаётган, ҳарбий куч билан эмас, иқтисодий қудрат билан босим қилаётган, қисқа ва узоқ муддатли қарзларни аямай бериб келаётган мамлакатнинг хатти-ҳаракатлари атрофдагиларни жиддий ўйга толиши табиий. Дарвоқе, Хитой раҳбарининг куни кеча якунланган Москва сафаридаги масалалар ҳам сиёсатчилар ва сиёсатшуносларнинг эътиборини тортмай қолмади. Хитойликлар Украинага бошлаган уруши туфайли яккаланиб қолган Москвага шунчаки орқа ўгирмасликлари учун бепаён рус ерларидаги бойликларни арзон нархларда ва бунинг устига АҚШ долларида эмас, ўз юанида сотиб олиш бўйича келишувга эришгани ҳам ҳазилакам гап эмас. Хуллас, бир сўз билан айтганда, хитойликлар ҳазиллашмаяпти...

АҚШ билан “яхши-ёмон” муносабатлар

Қисқа муддатда иқтисодини юксалтира олган давлатларидан бири Хитой АҚШга қарши курашни рақиби тенгсиз бўлган ҳарбий платформада эмас, балки иқтисодий ва дипломатик йўллар орқали давом эттиришга ҳаракат қилмоқда. Гарчи Тайван масаласидаги келишмовчиликлар кўпчиликни жиддий хавотирга солган бўлса-да, ҳар тугул “учинчи жаҳон уруши” бошланиб кетмади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида учинчи марта Хитой Коммунистик партияси (ККП) Бош котиби этиб сайланган Си Цзинпин Хитой ва АҚШ ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёткор, кескинликдан холи ташқи сиёсат юритмоқда ва шу тариқа ўз мамлакатига нисбатан босимларни бир-бир юмшатяпти. 

Ўтган йили Индонезияда бўлиб ўтган G20 етакчилар саммитидан сўнг Америка ва Хитой раҳбарлари ўз мамлакатлари ўртасидаги музликни бузишга ҳаракат қилишлари тез-тез айтилганди. Бироқ, ўшандан бери баъзи воқеалар, масалан, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг ҳаво шарлари билан боғлиқ можаро баҳонасида Хитойга сафарини бекор қилиши, юқоридаги тахминларнинг нотўғрилигини кўрсатиш учун етарли бўлди. Устига устак АҚШ маъмурларининг “Хитой Россияга қурол ёрдам беряпти”, деган даъволари Пекинга қаратилган танқид ўқларини янада кескинлаштирди.

Охирги кунларда Хитой бу шубҳалардан халос бўлиш учун халқаро сиёсий саҳнада баъзи ташаббуслар билан чиққанига гувоҳ бўлдик. Россия ва Украина ўртасида давом этаётган урушни тугатиш ва Яқин Шарқнинг икки муҳим давлати – Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик юмшатиш даври бошланиши жараёнида биз Хитой номини тез-тез эшита бошладик. Қўшма Штатларни тинчлантириш ва ўзини кўпроқ кўрсатишни мақсад қилган Хитой дипломатик ва иқтисодий ҳужумга ўтган кўринади.

Хитойнинг халқаро майдонда ортиб бораётган воситачилик фаолияти ортида нима турибди?

Россия-Украина уруши шароитида Хитой томонидан илгари сурилган 12 банддан иборат тинчлик таклифи, шубҳасиз, Ғарб давлатларининг Хитойга қилган стратегик босими билан чамбарчас боғлиқ. Бу босимнинг энг муҳим унсурларидан бири Ғарб давлатларида “Хитой Россиянинг уруш салоҳиятини яхшилаш учун ҳарбий ёрдам беради”, деган даъводир. Маълумки, Хитой ҳақиқатда Россия-Украина урушининг тезроқ тугашини хоҳлайди ва ҳатто бу жараён Хитойнинг глобал имиджига салбий таъсир кўрсатмайди, чунки Россия билан ёнма-ён жой олиш Хитой учун жиддий харажатларни келтириб чиқарди. Европа Иттифоқи мамлакатлари назарида Хитойга нисбатан қарашларнинг ёмонлашиши Пекиннинг АҚШ ва унинг Европа иттифоқчилари ўртасидаги келишмовчиликни юмшатиш стратегиясига ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликка путур етказиши табиий. 

Дарвоқе, Оқ уй миллий хавфсизлик вакили Жон Кирби Москвага сафар қилган Си Цзиньпинни “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурлиги тўғрисида Путинга тўғридан-тўғри босим ўтказишга” ундашини айтди. Қолаверса, у Си Цзиньпин ва Владимир Путин ўзаро ҳурмат эмас, балки қулайлик билан боғланганини писанда қилиб ўтди.

Хитой учун Ғарб ва Россия ўртасида мувозанатни сақлаш тобора қийинлашмоқда. Бир томондан, Пекин маъмурияти Россиянинг “чўкиб” кетмаслигини, Ғарб гегемонлигига қарши курашида ўзининг ёнида бўлишини истаса, бошқа томондан, Украинанинг мустақиллик учун курашини қўллаб-қувватлашни хоҳлайди, шунингдек, Ғарбда ҳам, бошқа минтақаларда ҳам танқид нишонига айланиб қолишдан қочади.

Икки мусулмон давлатнинг яраштиришдан муддаолари

Иқтисодий қуввати ортиши билан халқаро можароларни ҳал қилишда ўзини кўрсатишга интилаётган Хитой охирги кунларда Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик келишув жараёнида ҳам эътиборни тортди. Энергияга бўлган эҳтиёжининг деярли ярмини Яқин Шарқ давлатларидан импорт қилаётган Хитой ўзининг анъанавий ташқи сиёсати тушунчасига кўра, минтақавий иштирокчилар билан ўзаро манфаат кўриш ва уларнинг ички ишларига аралашмасликни маъқул кўради.

Хитой минтақадаги давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларда бирор бир тарафнинг ёнини олиш ўрнига, ўзининг иқтисодий қудратини ҳар бир иштирокчи билан бирлаштириш учун ишлатяпти. Бу билан ўзининг стратегик манфаатларини катта харажатларсиз, арзонроқ амалга оширишга ҳаракатида. Иқтисодий кучидан геосиёсий “очко” олишда фойдаланаётган Хитой глобал муаммоларга бефарқ эмаслигини, Ғарб давлатларидан, хусусан, АҚШдан анча муваффақият қозона олишини исботлашга уринмоқда. 

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, Шарқий Туркистон масаласидир. Бир қатор ҳаракатлари билан Ғарбнинг Пекиннинг мусулмонларга қилаётган зулмига эътибор қаратаётгани ва бу борадаги ахборотлар таъсирини бартараф этишни истаётгани, диний ва миллий ҳуқуқлари камситилаётган уйғурларни қамоқхоналарда, қийноқ лагерларида эмас, гўёки тарбия масканларида “қайта ўқитаётгани”ни иддао қилиб, буни турли йўллар билан исботлашга уринаётгани сир эмас. Икки мусулмон давлатни яраштириш орқали мана шу айбловларни ҳам енгиллатишни кўзлаётган бўлса, ажабмас. 

АҚШнинг Яқин Шарқдаги анъанавий иттифоқчиларидан бири Саудия Арабистони ва АҚШ ўз хавфсизлигига таҳдид деб белгилаган Эрон Хитой воситачилигида бир жойга тўпланиб, охирги 7 йил давомида музлатилган ўзаро дипломатик муносабатларни қайта тиклашга қарор қилди. Бу натижага эришишда Хитойнинг ташаббускорлиги ҳал қилувчи омил бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Бу Хитойнинг ички ва ташқи сиёсатига қандай таъсир қилади?

Охирги ойларда Хитойнинг ички сиёсатидаги ўзгаришларга назар ташлайдиган бўлсак, Пекин маъмурияти мамлакатни АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари ўраб олишга ҳаракат қилмоқда деган фикрда эканини ойдинлашади. Ғарб давлатларининг Хитой ривожланишини сусайтиришга қаратилган қатъий сиёсати уларни турли маневрларга қарши туришга мажбур қилади. Бу икки муаммони ҳал қилиш йўлидаги фаолияти билан бир қаторда Хитой раҳбари Си Цзинпин сўнгги ойларда иккита муҳим ташқи сиёсат ташаббусини эълон қилганига гувоҳ бўлдик. Глобал тараққиёт ва хавфсизлик ташаббуси доирасида Хитой Ғарб давлатлари ёндашувларига муқобил сифатида ўзининг ривожланиш, модернизация ва хавфсизликни шакллантириш моделини жаҳон жамоатчилиги эътиборига тақдим этади. 

Хитойнинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари давом этади, десак хато бўлмайди. Ўзгармас ва сирли табассуми билан ёдда қоладиган Си Цзинпин кетма-кет учинчи бор президент этиб сайлангач, мамлакат ичкарисида комунистик партиянинг мафкуравий ҳукмронлигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, халқаро майдонда Хитойнинг тарафдор ва хайрихоҳлари сонини орттиришга устуворлик берилган сиёсат юритмоқда. Ним табассум сиёсати ортида эса чуқур маъно мужассам.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жума табриги ва диний масалаларни тарқатиш атрофидаги гап-сўзларга диний идора муносабати

191 12:01 30.05.2023

Косово шимолида серблар ўнлаб тинчликпарвар аскарларни жароҳатлади

319 09:29 30.05.2023

Хожа Аҳрори Валий, Али Қушчи, Амир Темурларнинг Истанбулга қандай алоқаси бор?

2894 14:14 29.05.2023

Чегарадаги отишма: Эрон ва Афғонистон ўртасидаги кескинлик нега кучайди?

3430 11:41 29.05.2023

Ўзбекистон Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади

1660 22:17 28.05.2023

Туркияда президентлик сайлови қизғин давом этмоқда

1895 15:03 28.05.2023
« Орқага