Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Латвияда “Дождь” телеканали жаримага тортилди

764

Латвияда фаолият ориб бораётган "Дождь" телеканали Қрим Россия Федерацияси таркибига киритилган харитадан фойдалангани ва Россия қуролли кучларига нисбатан “бизнинг армиямиз” сўзларини ишлатгани учун жаримага тортилди. Вазият юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати суриштирув ишларини бошлаб юборган.

Латвия Миллий Электрон ОАВ Кенгаши “Дождь” телеканалини Қрим Россия таркибидаги харитадан фойдалангани ва Россия армиясига нисбатан “бизнинг армиямиз” сўзлари учун 10 минг евро жаримага тортди. Бу ҳақда кенгаш раиси Иварс Аболиньш  ўз Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.

Унинг сўзларига кўра, бу сўнгги ойларда “Дождь” томонидан содир этилган иккинчи жиддий қоидабузарликдир. Биринчи қоидабузарлик ҳақида маълумот берилмаган. Унинг таъкидлашича, учта бундай қоидабузарлик учун Миллий кенгаш томонидан радиоэшиттириш лицензияси бекор қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, “Дождь” телеканалига нисбатан Россия армиясини қўллаб-қувватлаш эҳтимоли ҳақидаги хабар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатилди, деди Аболиньш. У телеканал Латвия қонунларини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади. Кейинроқ эса Латвия Давлат хавфсизлик хизмати “ушбу телеканалнинг Россия босқинчи кучлари аскарларига кўрсатаётган ёрдамига шубҳа уйғотадиган”, деган баёнотлар юзасидан тергов бошлагани маълум бўлди.

Гап бир кун аввал чиққан “Здесь и сейчас” дастури ҳақида кетмоқда. Унда бошловчи Алексей Коростелев томошабинларни сафарбарлик пайтидаги қонунбузарликлар ва уруш жиноятлари ҳақида ёзишга чақириб, шундай деган: “Умид қиламизки, биз кўпчиликка, шу жумладан ҳарбий хизматчиларга, масалан, фронтдаги бор қурол-аслаҳалар билан энг оддий шароитда ҳам ёрдам бера олдик". Бунинг ортидан телеканал журналист билан шартномани узгани маълум бўлди.

"Дождь" бош муҳаррири Тихон Дзядконинг айтишича: "Телеканал Россия армиясини таъминлашда ҳеч қачон ёрдам кўрсатмаган ва бундай бўлмайди ҳам".

Телеканалнинг ахборот хизмати раҳбари Екатерина Котрикадзе эфирда Коростелев ишдан бўшатилганини маълум қилди. "Эфирда бизнинг позициямизга шубҳа уйғотадиган сўзларни қабул қила олмаймиз, шунинг учун биз бугундан бошлаб Алексей Коростелев билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилдик. Бу биз учун жуда оғир қарор. Лекин "Дождь" раҳбарияти буни ягона ва энг тўғри йўл деб ҳисоблайди. Бир кун олдин эфирда берилган баёнотлар учун узр сўраймиз", деди у.

Кейинроқ Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс ўзининг Twitter'ида “Дождь” телеканалига нисбатан тегишли суд бошланганини маълум қилди. Аввалроқ у Россиянинг “Дождь” телеканали ходимлари Россия Федерациясига қайтиши, уларнинг яшаш учун рухсатномалари бекор қилиниши кераклигини айтган эди.

Журналист Роман Супер ўзининг телеграм каналида "Дождь" журналистларининг Латвияда яшаш учун рухсатномалари йўқлигини айтди.

6 июнь куни телеканал Латвиядан трансляция қилиш учун рухсат олган. Таҳририятнинг ёзишича, биринчи босқичда телеканал студиялари Рига, Амстердам, Тбилиси ва Парижда жойлашган. Латвияда "Дождь" ТVZ, Грузияда эса Formula телекомпаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

"Дождь" телеканали 2010 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Канал илк фаолиятини кўнгилочар эшиттиришлар билан бошлаб, бирданига ижтимоий-сиёсий йўналишга ўтиб кетган. Шундан сўнг у Россиянинг кабел ва сунъий йўлдош операторларидан чиқариб ташланган эди. 2017 йилда телеканал Украинада ҳам блокланган эди. 2021 йилда Россияда у "чет эл агенти" деб эълон қилинган, аммо таҳририят буни инкор қилган эди.

2022 йилнинг 1 мартида, Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши бошланганидан бир ҳафта ўтиб, Бош прокуратура “Дождь” веб-сайтини “Россия армиясининг ҳаракатлари ҳақидаги сохта маълумотлар ва экстремистик ҳаракатларга чақириқлар” туфайли блоклашни талаб қилган эди. Шу сабабли 3 март куни телеканал ўз фаолиятини тўхтатди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Human.uz раҳбар ва ижодий гуруҳини «орган ходимлари» олиб кетди

51 15:35 27.01.2023

Эрондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужум уюштирилди

140 15:05 27.01.2023

Эрон хакерлари сиёсатчилар ва журналистларга тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда

139 14:20 27.01.2023

Германияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди

206 13:50 27.01.2023

Ражаб ойининг фазилатлари

150 12:15 27.01.2023

Руслар Украинага янги ракета зарбалари бера бошлади

464 11:35 27.01.2023
« Орқага