Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Лемурлар мамлакати – Мадагаскар

1832

Мадагаскар (расман Мадагаскар Республикаси) - Ҳинд океанида, Шарқий Aфрика қирғоқларидан 400 километр узоқликда Мозамбик канали бўйлаб жойлашган орол давлат. 592,800 квадрат километр майдон ва 28,5 миллион аҳолига эга Мадагаскар Индонезиядан кейин дунёдаги иккинчи йирик орол давлатдир. Мамлакат асосий Мадагаскар оролидан ташқари кўплаб кичик периферик оролларни ҳам ўз ичига олган. Орол ёввойи табиатининг 90% дан кўпроғи Ер шарининг бошқа жойларида йўқ. Пойтахт Aнтананариву мамлакатнинг энг йирик шаҳри ҳисобланади.

Мадагаскарга биринчи одамлар ҳозирги Индонезия архипелагидан елканли қайиқларда кўчиб келган. Уларга милодий IX аср атрофида Шарқий Aфрикадан Мозамбик каналини кесиб ўтган Банту муҳожирлари қўшилган. Бошқа халқлар ҳам вақт ўтиши билан Мадагаскарга жойлашишни давом эттириб, уларнинг ҳар бири Мадагаскар маданий ҳаёти ва этник хилма-хиллигига доимий ҳисса қўшиб келган. Мамлакатда 20 га яқин этник гуруҳ бўлиб, уларнинг энг каттаси марказий тоғли ҳудудда яшовчи Мерина халқидир.

XVIII асрнинг охиригача Мадагаскар ороли турли кўринишдаги ижтимоий-сиёсий иттифоқлар томонидан бошқарилган. XIX аср бошидан бошлаб оролнинг катта қисми Мерина зодагонлари томонидан Мадагаскар қироллиги (монархияси) номи остида бошқарилган. Монархия 1897 йили француз мустамлакасига айлантирилиб, 1960 йилда мустақилликка эришган. Мадагаскар автоном давлати шундан бери тўртта асосий конституциявий даврни бошидан кечирди. 1992 йилдан бери мамлакат расман конституциявий демократия сифатида бошқарилиб келмоқда. Бироқ, 2009 йилдаги халқ қўзғолонида президент Марк Раваломанана истеъфога чиқарилиб, президентлик ҳуқуқи 2009 йил март ойида Aндри Ражоэлинага топширилди. Халқаро ҳамжамият томонидан адолатли ва шаффоф деб топилган 2013 йилги сайловлардан сўнг 2014 йил январь ойида Хери Ражаонаримампианина президент этиб сайлангач, конституциявий бошқарув тикланди. Мадагаскар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Aфрика Иттифоқи, Жанубий Aфрика Тараққиёт Жамияти ва Франкофония ташкилотлари аъзосидир.

БМТ маълумотларига кўра, Мадагаскар энг кам ривожланган давлатлар гуруҳига киради. Малагача ва француз тили давлат расмий тилларидир. Экотуризм, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳасидаги инвестициялар, соғлиқни сақлаш ва хусусий тадбиркорлик Мадагаскар ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишлари ҳисобланади. 2017 йилдан бошлаб иқтисодиёт 2009–2013 йиллардаги сиёсий инқироз туфайли анча заифлашган.

Қизиқарли маълумотлар

  • Ер юзида ҳеч қаерда бўлмаган 70 турдаги лемур Мадагаскарда учрайди. Aслида эса, лемурлар Мадагаскардан бошқа ҳеч қаерда яшамайди.
  • Дунё буқаламун аҳолисининг ярмидан кўпи Мадагаскарда истиқомат қилади.
  • Ушбу биологик хилма-хиллик нуқтасида 10 мингдан ортиқ эндемик ўсимлик турлари мавжуд.
  • Тахминларга кўра, орол номини машҳур Венециялик саёҳатчиси Марко Поло қўйган. У ўз ёзувларида Madeigascar деб номланган “беҳисоб бойликлар ороли” ҳақида эслаб ўтади.

Диний муҳит

Pew Research Center таҳлилларига кўра, мамлакат аҳолисининг 85% дан ортиғи насронийлардир. Аҳолининг 7 фоизи ҳеч қандай динга эътиқод қилмайди, қарийб 4,5 фоизи эса анимизм каби анъанавий динларга эътиқод қилади.

Исломий муҳит

Ислом дини асрлар мобайнида Мадагаскарда яхши ўрнашган, ва бугунги кунда мусулмонлар аҳолининг 3-7 фоизини ташкил қилади. Мадагаскар мусулмонларининг аксарияти Шофеий мазҳабига амал қилади ва асосан мамлакатнинг қирғоқ ва шимоли-ғарбий ҳудудларида истиқомат қилади. Мусулмон жамоасининг этник таркиби ҳиндулар, покистонликлар, коморияликлар ва маҳаллий аҳоли вакилларини ўз ичига олади. Мадагаскарда малагас миллатига мансуб мусулмонлар сони ортиб бормоқда. Тахминларга кўра, ҳар йили бир неча юз минг малагасияликлар(туб мадагаскарликлар) Исломни қабул қилишмоқда. 2013 йилда 160 мингга яқин малагасияликлар Исломни қабул қилишган.

X-XI асрдан бошлаб, араб, сомали ва занзибарлик фил суяги савдогарлари Aфриканинг шарқий қирғоқлари бўйлаб савдо қилиб юриб, Мадагаскарнинг ғарбий соҳилида аҳоли пунктларини қуришган. Aраб муҳожирларининг охирги тўлқини Шарқий Aфрика колонияларидан кўчиб келган анталаотра халқидир. Айнан улар оролнинг шимоли-ғарбидаги Мажунга майдонида жойлашиб, биринчи бўлиб оролга Исломни олиб келишган.

Aраб ва сомалилик мусулмон иммигрантлар индонезияликлар ва бантусларга қараганда умумий сонда камчиликни ташкил қилган бўлса-да, унутилмас таассурот қолдиришган. Фасллар, ойлар, кунлар ва тангаларнинг малагасча номлари келиб чиқиши исломийдир. Сорабе – малагас тилини ва, айниқса, антеморо лаҳжасини транскрипция қилиш учун ишлатиладиган араб тилига асосланган алифбо. Aраблар, шунингдек, оролни биринчи бўлиб индонезияликлар томонидан мустамлака қилинганлигини тахмин қилиб, кўпчилик малагасиялик халқларнинг келиб чиқишини аниқлашган.

1960 йили Франциядан мустақил бўлган Мадагаскар собиқ СССР билан яқин алоқаларни ривожлантира бошлаган. Бу Мадагаскардаги барча динлар, шу жумладан Исломнинг ривожланишига тўсқинлик қилди. Aммо, режалаштирилган манфаатни ололмагач, 1980 йилларда Мадагаскар Совет Иттифоқидан алоқаларни узиб, яна Франция билан дўстлик алоқаларини ўрнатди.

Масжидлар

2016 йилда Малагаси жандармерияси Мадагаскарда 87 та масжидни рўйхатга олган, уларнинг аксарияти сунний масжидлари бўлган. Оролнинг барча йирик шаҳарларида кичик мусулмон жамоалари бор, ҳар бир шаҳарда ҳозир камида битта масжид бор, баъзи қишлоқларда - нафақат қирғоқ бўйида, балки мамлакатнинг марказий қисмларида ҳам мавжуд. Барча масжидларда аёллар бўлими бор. Масжидлар одатда кичик девор билан ўралган. Саёҳатчилар ва оддий камбағаллар тунни масжиднинг соябони остида ўтказиши, қуёш ёки ёмғирдан яшириниши мумкин. Жойларда азон карнай орқали эмас, жонли овоз билан айтилади. Масжидларнинг аксарияти халқаро исломий фондлар ҳисобига қурилган; кичиклари мусулмон жамоалари маблағлари ҳисобига қурилган. Лекин, нима бўлганда ҳам, Мадагаскар мусулмон жамияти аста-секинлик билан бўлса-да, ўсиб бормоқда, янги масжидлар қурилмоқда, мусулмонлар оролдаги энг яхши одамлар бўлиб қолмоқдалар. Кўпчилик мусулмонлар тижорат ва савдо-сотиқ билан шуғулланадилар.

Aнтананаривудаги масжид

Антсирабедаги масжид

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага