Бугундан эътиборан Ливандаги дорихоналарнинг аксари ёпиляпти. “Анадолу” агентлигининг хабар беришича, дорихоналар эгалари уюшмаси ана шундай қарор қабул қилган. Дорихоналарнинг ёпилишига дори воситаларининг тақчиллиги сабаб бўлган.
«Дорихоналарнинг эгалари инқироз бошлангандан бери аҳолини дори-дармон билан таъминлаш учун иложи борича ҳаракат қилишди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори препаратлари импортчилари касаба уюшмаси билан келишув тузмагунга қадар дорихоналар мажбуран ёпиқ бўлади», – дейилади уюшма баёнотида.
Ливан айни дамда оғир иқтисодий инқирозни бошидан ўтказмоқда. Аввалроқ мазкур мамлакатда дори-дармон захираси тугаб бораётгани айтилган эди.
Хорижий валюта йўқлиги сабабли Дори препаратлари импортчилари касаба уюшмаси дори ишлаб чиқарувчиларга 600 миллион доллар қарз бўлиб қолган. Бироқ Марказий банкка боғлиқ муаммолар туфайли қарзни тўлашнинг иложи бўлмаяпти.