Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ливияни кимлар талаяпти?

3600

Нефтга бой ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга Ливия 2011 йилда, яъни араб баҳори палласида мамлакатни 42 йил бошқарган Муаммар Қаззофий ағдарилганидан ва ўлдирилганидан бери беҳаловат. Шундан буён Ливия давлатчилиги батамом тиклангани йўқ, сиёсий беқарорлик ҳалигача тугамади, мамлакат парокандаликка юз тутди. 2015 йилнинг декабрида БМТ шафелигида пойтахт Триполида Ливия миллий муроса ҳукумати тузилди ва у халқаро ҳамжамият томонидан тан олинди. Мамлакат шарқидаги Тобурк шаҳрида эса парламент – Вакиллар палатаси жойлашган бўлиб, у Триполидаги ҳукуматни тан олмайди. Шарқий ҳукуматни генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси қўллаб-қувватлаяпти. 

Бир пайтлар Қаззофийнинг сафдоши бўлган ва Совет Иттифоқида таҳсил олган 76 ёшли Ҳафтар 2019 йилнинг апрелидан бери Триполини қўлга киритишга ва шаҳарни “террорчилар”дан тозалашга уринмоқда. Лекин унинг охирги ҳафталардаги ҳаракатлари муваффақиятсизлик билан якунланяпти. Жумладан, 18 май куни Триполининг жануби-ғарбидан 140 километр узоқликдаги “Ватийя” ҳарбий базаси Миллий муроса ҳукумати кучларининг қўлига ўтди. Ҳафтар муҳим бу базадан пойтахтга ҳужум қилиш учун плацдарм сифатида фойдаланиб келаётган эди. 

Афсуски, айрим давлатлар низолашаётган икки томонни яраштириб, ливияликларнинг азоб-уқубатларига барҳам беришга ҳисса қўшиш ўрнига оловга мой пуркаш билан овора. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2011 йилда Ливияга қурол эмбаргоси жорий этганини эса ҳеч ким назарга илгани йўқ. 

Ўтган ҳафтада АҚШ Россияни Ливияга қирувчи самолётлар етказиб беришда айблади. АҚШ Қуролли Кучлари Африка қўмондонлиги (AFRICOM) раҳбариятининг фикрига кўра, МиГ-29 самолётлари генерал Ҳафтарга ёрдам бераётган россиялик ёлланма жангчиларни ҳимоялаш учун керак. “Россия Ливиядаги мувозанатни ўз фойдасига оғдирмоқчи”, – деди AFRICOM раҳбари Стивен Таунсенд. 

Совет Иттифоқи пайтидан бери Москва Ливияга ҳарбий кўмак бериб келади. Аммо 2011 йилдаги воқеалар Москванинг бу мамлакатдаги таъсирини анча камайтириб қўйди. Россия президенти Владимир Путин ана шу таъсирни қайта қўлга киритмоқчи. Таҳлилчиларнинг айтишича, Ҳафтар ҳарбий кўмак эвазига Москванинг Ливия энергетика бозорига ҳамда Тобрук ва Дарна нефть портларига киришига имконият яратишга ваъда берган. Генералга бу кўмак “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг ёлланма жангчилари кўринишида келди. Ливияда 1200 атрофида россиялик ёлланма жангчилар борлиги айтилади. Бироқ Путиннинг иддаосига кўра, улар Россияни тамсил этмайди ва унинг ҳукуматидан пул олмайди. 

Россия Ливиядаги урушда расман қатнашмаётган бўлса-да, аммо билвосита аралашаётганини аллақачон бутун дунё билиб бўлган. Албатта, Россия Ливиядаги вазият унинг зарарига якунланишини истамайди, шунинг учун томонлар Москвага фойда келтирадиган келишувга эришмагунча урушнинг давом этишини қўллаб-қувватлайди. Оддий ливияликларми? Катта давлатларнинг манфаатлари олдида уларнинг сариқ чақалик қадри йўқ. 

Генерал Ҳафтарга ёрдам қўлини чўзганлар орасида Россиядан ташқари Франция, Миср, БАА ҳам бор. Миср президенти – ҳокимиятга ҳарбий тўнтариш орқали келган Абдулфаттоҳ Сисийга Ливиядаги вазиятга Туркиянинг аралашгани ёқмаяпти. Зеро, Сисийнинг турк президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ. Қоҳиранинг фикрича, Анқара Ўрта денгизнинг шарқий қисмидаги нефть ва газ конлари устидан назорат ўрнатишга уринмоқда. Айни пайтда бу конларнинг назорати Греция, Кипр, Исроил ва Мисрнинг қўлида. 

Туркияни ёқтирмайдиган давлатлардан яна бири – БАА ҳам генерал Халифа Ҳафтардан ёрдамини аямаяпти. Жумладан, Ливияга келган суданлик ва чадлик ёлланма жангчиларни молиялаштирди, Россияда ишлаб чиқарилган «Панцыр-С1» тизимлари, Жанубий Африка Республикасида ишлаб чиқарилган “Супер Пума” вертолётлари, ҳарбий самолётлар ва дронлар, авиаёқилғи етказиб берди. Аммо генерал Ҳафтарнинг охирги муваффақиятсизликлари БААнинг ҳафсаласини пир қилаётгани аниқ.

Фаиз Саррож бошчилигидаги Ливия миллий муроса ҳукумати кучларининг охирги ғалабалари Туркиянинг кўмаги билан изоҳланмоқда. Халқаро нашрлар “Туркиянинг Ливияси”, “Ливияда асосий актёр энди Туркия”, дея ёза бошлади. Мавжуд вазият ҳатто “Ливияда Туркия ва Россия тўқнашадими?” деган саволни келтириб чиқарди. Экспетларнинг айтишича, “Вагнер” жангчилари Триполи яқинидан чекинган бўлса-да, Москва Ҳафтарнинг назоратидаги ҳудудларда мудофаани кучайтиришга ҳаракат қиляпти. Албатта, Москва ва Анқаранинг Ливияда тўғридан-тўғри тўқнашиш эҳтимол жуда паст, зеро, икки томон ўзаро тил топиша олиши Сурияда намоён бўлган. Айтиш мумкинки, Туркия ва Россия бир-бирига на дўст, на душман. 

Факт шуки, Туркиянинг Ливиядаги вазиятга аралашуви у ерда кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди. Анқара ва Триполи 2019 йилнинг ноябрида ҳарбий ҳамкорлик ва Шарқий Ўрта денгизда юрисдикцияни чеклаш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳужжат Греция, Исроил ва Мисрнинг Туркияни четлаб ўтган ҳолда Шарқий Ўрта денгиздаги бой углеводород манбаларининг тақсимлаш борасидаги ҳаракатларига Анқаранинг жавоби эди. Бу жавобнинг таъсирини қўлдан бой бермаслик учун эса Ливия миллий муроса ҳукуматига ҳарбий ёрдам бера бошлади. Миллий муроса ҳукумати кучлари турк дронлари ёрдамида Ҳафтар кучларининг ҳаво мудофаа тизимини заифлатишнинг уддасидан чиқди. Ҳолбуки, бир неча ой аввал Триполи генерал Ҳафтар томонидан қуршаб олинган ва кўпчилик унинг ғалабаси аниқ деб ўйлаётган эди.

Хўш, Халифа Ҳафтар энди нима қилади? 

Албатта, унинг бир ўзи қарор қабул қилмайди, балки Москва, Абу-Даби ва Қоҳирадаги валинеъматлари билан маслаҳатлашади. Анқаранинг эса қарори қатъий: Ливия миллий муроса ҳукумати билан келишувга мувофиқ турк мутахассислар 3-4 ой ичида бу ерда нефть қидириш ишларини бошлайди.  

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ливия: сайлов кунини белгилашда бир тўхтамга келиб бўлмаяпти

264 12:05 29.12.2021

Ливия соҳилларига ўнлаб муҳожирнинг жасади чиқиб қолди

437 11:08 27.12.2021

Ливияда узоқ кутилган президент сайлови қолдирилди

612 15:00 23.12.2021

Ливияда россиялик минглаб ёлланма жангчи бор

741 14:21 13.12.2021

Сайфулислом Қаззофий президентликка қайтадан номзод бўлди

730 12:35 03.12.2021

Ливия: президентлик учун 98 киши даъвогар бўлди

469 10:06 24.11.2021
« Орқага