Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Лукашенконинг баёноти расмий Тошкентни хавотирлантириши керак»

7297

Россиялик журналист Владимир Соловьёвнинг Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан интервьюси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Лукашенконинг фикрича, собиқ СССР ҳудудидаги аксарият давлатлар, хусусан Ўзбекистон ҳам 10-15 йиллар ўтиб ҳозирги Россия ва Беларусь иттифоқига қўшилиб, армияси, пул бирлиги ягона бўлган Иттифоқни ташкил қилади.

Соловьёвнинг келгусида 350-450 млн одамдан иборат бирлашган давлат тузиш кераклиги бўйича фикрини давом эттирган Лукашенко қуйидаги фикрларни айтган:

«Қозоқларга яқиндаги воқеалар дарс бўлди, улар ҳам қўшилади. 15 йиллар ичида Украинанинг ҳам қўшилмасдан иложи қолмайди. Арманистон ҳам ҳеч кимга керак эмаслигини тушунди. Аниқ айтаманки, улар ҳам бизга қўшилади. Озарбайжон бироз сўроқ остида, чунки уни Туркия қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам қўшилмасдан бошқа иложи қолмайди».

Ушбу фикрларга ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти фаоллари муносабат билдириб, Ўзбекистон ва бошқа республикаларнинг тақдирини муҳокама қилганларни кескин танқид остига олмоқда.

Хусусан, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев мазкур суҳбатни маҳаллада ўтган-кетганни муҳокама қиладиган, бировларнинг шахсий ҳаёти ҳақида суҳбатлашиб, уларнинг тақдирини ўзича чамалайдиган ғийбатчиларга қиёслаган.

«Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли ва принциплари бор. Ўзбекистон у хоҳ шарқ бўлсин, хоҳ ғарб бўлсин, бошқа давлатлар билан тенг шерикликдаги ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкорлик қилади. Худо хоҳласа, доим шундай бўлиб қолади. Россия ва Беларусь эса ўзининг АҚШ ҳамда Европа билан боғлиқ муаммолари, санкцияларини ўзи ҳал қилсин. Бизни бунга аралаштирмасин. Ва бизнинг тақдиримизни биз учун ҳал қилишни ҳам йиғиштиришгани маъқул. Ўзбекистон тақдирини ўзбек халқи ҳал қилади, илоҳим, бошқаларга кунимиз қолмасин», деган ҳуқуқшунос.

Фейсбук ижтимоий тармоғи фаолларидан бири Баҳодир Ғаниев эса руслар билан иқтисодий жиҳатдан боғлиқлик жиҳатларимиз борлиги учун сиёсатда шахмат ўйнашга мажбур эканлигимиз, аммо мот қилишларига қўймаслигимиз кераклигини қайд этган.

«КХШТдан чиққанимиз тўғри қарор бўлган. ЕОИИдан ҳам четроқ турганимиз яхши. Лукашенконинг гапига келсак, Украинани руслар аниқ қўлдан бой бериб бўлди. Туркия Озарбайжонни бериб қўймайди. Русларни ўзида ҳозир барқарорлик йўқ, яқин 10 йил давомида уларни кўпроқ ўз ички муаммолари ва Ғарбни қаршилиги банд қилиб қўяди. Устига-устак, ўз таркибига биз ёки Қозоғистонни қўшмоқчи бўлса, ҳазм қилолмай ўзи ҳам бўлиниб кетиши мумкин. Унинг ўз таркибидаги мусулмон ҳудудларда сепаратизм кучли, бизда эса руслар кам қолган, – деган Ғаниев.

Шунингдек, Azon.uz’нинг сиёсий масалалар бўйича эксперти Камолиддин Раббимов Лукашенконинг баёноти расмий Тошкентни хавотирлантириши кераклигини билдирди.

«Давлат мустақиллигини Миллат тақдиридаги энг катта ҳодиса сифатида қадрловчи Ўзбекистон учун Белоруссия Президенти Лукашенконинг гаплари ўта хавотирли деб қабул қилиниши керак. 

Белоруссияда 2020 йилда юз берган оммавий намойишлар, Белоруссия геосиёсатида, ташқи сиёсатида кўп нарсани ўзгартирди. Ўтган ўн йилликлар давомида Лукашенко Россия ва Ғарб ўртасида, маълум мувозанатни сақлаб келаётган эди. Расман Белоруссия Россияга яқин эди, лекин стратегик масалаларда Лукашенко В.Путиннинг ташаббуслари ва лойиҳаларига “йўқ” дея эътироз билдириш имкониятини сақлаб келарди. Лекин кейинги икки йилда Лукашенконинг фикрлаш вектори ва ҳаракатлар стратегияси анча ўзгарганини кўриш мумкин. 

Бугун геосиёсий масалаларда Лукашенко В.Путиннинг командасидаги асосий “ҳужумчи”га айланди. Олдин у “ҳимоячи” эди холос. Ҳужумчи бўлганда ҳам В.Путиндан кўра кўпроқ ҳужум қилаётган ўйинчи бўлмоқда. Лукашенко Украинага нисбатан анча агрессив баёнотлар ва амалиётлар қилмоқда. 

Лукашенко Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи, КХШТ борасида, постсовет ҳудудидаги Путиндан кейинги иккинчи “интегратор-мафкурачи” бўлиб майдонга чиқди.

Лукашенконинг Ўзбекистон борасидаги икки баёноти бир-бирини тўлдиради. Қозоғистон воқеалари фонида у “кейинги навбат Ўзбекистонга бўлади!” деб Ўзбекистонни ўзича “огоҳлантиргандек” бўлди. 

Мана энди “Ўзбекистон ҳам иложсизликдан барибир бизнинг иттифоққа қўшилишга мажбур бўлади”, демоқда. Лукашенконинг гапларидан Кремлда собиқ СССРни янги форматда тиклаш борасида аниқ ва пухта ўйланган лойиҳалар борлигини англаш мумкин. Лукашенко “суверенитетинг ўзингда қолаверсин – ички муаммоларингни ўзинг ҳал қиласан. Лекин, мустақил бўлмайсан – ташқи сиёсатда сени тўлиқ Путин/Москва назорат қилади!” демоқда. 

Лукашенконинг бу баёноти расмий Тошкент учун охирги ва ўта жиддий сигнал бўлиши керак: Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг стратегик мақсади – иқтисодий ҳамкорлик, коллектив ўсиш эмас, балки геосиёсий кураш, коллектив ғарб ва бошқалар билан стратегик тўқнашувга тайёрланиш ва ташқи сиёсатда, геосиёсий ҳамкорлик масалаларида Москва назоратида бўлишга тарихий розилик бериш ҳисобланади. 

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ўзиниг геосиёсий мустақиллигини сақлаб, мувозанат ушлаб туришга муваффақ бўлган деярли ягона давлат ҳисобланади. Лукашенконинг бу баёноти Кремлнинг Ўзбекистон геосиёсий мустақиллигига нисбатан агрессив босимини тўлиқ очиқлайди, расмийлаштиради. 

Мана шу фонда, расмий Тошкент ички ва ташқи сиёсатда давлат легитимлигини парваришлаш, жамиятни давлат атрофида жипслаштириш, давлат мустақиллигини ва геосиёсий мустақилликни сақлаб қолиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга ошириш зарурати, тарихий даражада ошиб боради», – деди сиёсатшунос.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь раҳбарининг бу «қилиғи» биринчи марта эмас. Қозоғистондаги воқеалар фонида ҳам Лукашенко ўзича Ўзбекистонни огоҳлантириб,  сабоқ чиқаришга чақирган эди. Бунга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жавоб қайтариб, ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эга эканлигимизни таъкидлаган эди.

Шерали Солиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев Эрдоған билан қўнғироқлашди

283 21:58 15.08.2022

Манингким ғамларим...

217 21:30 15.08.2022

Саҳобалар инсонларнинг энг олийҳимматлисидир

169 20:00 15.08.2022

Латвиялик руслар Россия тажовуз қилса Латвияни ҳимоя қилади(ми?)

455 19:40 15.08.2022

Туркия қурол ва энергия ресурслари соҳасида кучаймоқда – Эрдоған

372 19:25 15.08.2022

Исаак Ньютон: «Атеизм инсоният учун шунчалик беъмани ва жирканчки...»

497 19:10 15.08.2022
« Орқага