Куала-Лумпур ва Путражая масжидлари кучли ёмғир ва сув тошқини туфайли қийин вазиятга тушиб қолган юзлаб аҳолига бошпана бўлиш учун ўз эшикларини очди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича вазир Идрис Аҳмад маълум қилди.
“Масжидлар одамларни қабул қилишга тайёр ва тегишли ёрдам ҳам беради. Масжидларда, шунингдек, Dapur It'am ва Jawi Food Bank озиқ-овқат банки дастурлари орқали озиқ-овқат ёрдами кўрсатилмоқда”, – деди у.
Малайзияда кучли ёмғир туфайли юзага келган сув тошқини 15 мингдан ортиқ одамни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилди, ўнлаб йўллар ёпиб қўйилди ва кемалар қатнови тўхтатди. Мамлакат бўйлаб 66 мингдан ортиқ полициячилар, аскарлар ва ўт ўчирувчилар сув тошқинида қолган одамларни қутқариш учун сафарбар қилинган.
Малайзияда сув тошқинлари октябрдан мартгача бўлган йиллик муссон мавсумида, айниқса мамлакатнинг шарқий қирғоғида тез-тез учрайди. Жума куни эрталаб бошланган ва шанба кунигача давом этган ёмғир пойтахт Куала-Лумпурни ўраб турувчи, энг бой ва аҳоли гавжум ҳудуд ҳисобланувчи Селангор штатига кучли зарба берди.