Малайзия подшоҳи Абдуллоҳ II бугун Исмоил Сабрийни бош вазир лавозимига тайинлади, дея хабар бермоқда «Евроньюс». Янги бош вазир шанба кундан эътиборан ишга киришиши кутилмоқда.
Аввалги бош вазир Муҳиддин Ёсин парламентда аксар депутатларининг қўлловини ололмаслигига кўзи етгач, душанба куни истеъфо берди. Парламентда бош вазирга ишонч билдириш масаласини 7 сентябрда кўриб чиқиш режалаштирилган эди. Эндиликда Малайзия ҳукуматини бошқарадиган Исмоил Сабрийнинг сиёсий карьераси 2004 йилда бошланган. У ўз вақтида Ёшлар ва спорт масалалари, Ички савдо, Қишлоқ хўжалиги ва Минтақавий ривожланиш вазирликларига бошчилик қилган.
61 ёшли Сабрий аввалги бош вазир даврида Мудофаа вазири лавозимини эгаллади ва жорий йил 7 июлида бош вазир ўринбосари этиб тайинланди.