Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Манингким ғамларим...

874

Бу байт мушкул байтлар силсиласидан бўлиб, илоҳиёт билан боғлиқ келади. Шундайки, “Осмон ва ерга қараб, бу омонатни (ишқу муҳаббатни) ким кўтаради, деб сўрадик. Улар (фаришталар) буни кўтаришдан қўрқиб, уни қабул қилмадилар; шунда инсон ўртага чиқиб, у омонатни кўтаришни ўз устига олди” деган оят бордир. Бедилнинг бу байтида ана ўша оятга ишора қилинган. Ишқ-муҳаббат омонатини кўтаришда уларда (фаришталарда) қобилият йўқ эди. Чунки улар басит эдилар. Уни кўтариш учун эса таркибли бўлиш шартдир. Одатда, инсон ниҳоятда золим ва жоҳил деб сифатланган. Инсоннинг жоҳиллиги унинг мураккаб хусусиятга эга бўлганидандир. Инсон тўрт унсурнинг аралашганидан яратилган. Шунинг учун у ўйламай, бу омонатни мен кўтараман, деган. Сўнгра уни яхши сақлай олмай, ожизлик қилиб, бу ҳақда қилган аҳду паймонларини бузиб, ўзига зулм қилган. Аммо қудс оламининг аҳлларида, яъни фаришталарда таркиб бўлмаганидан, мартаба камолини талаб қилмаганлар...

Инсоннинг боши ёруғлик оламига туташиб борса, оёғи қоронғулик оламига қараб тортилади. Инсон доим ана шу икки томонга қараб интилишда яшайди. Шу тортилишларни ўзи ҳам сезиб туради. Нур арқони билан унинг бўйнидан бойлаб, юқорига – нур оламига тортадилар; ҳалокат занжирини оёғига солиб, пастга судрайдилар. Шунда одам нима бўлди экан, деб юқорига қараса, ҳамма яхшиликни кўради. Пастга қарар экан, барча ёмонликлар шунда эканини англайди. Ўзидаги таркибий кучларнинг воситаси билан паст-баланд даражаларни ажратгандан сўнг унинг кўнглидан талаб шавқи қайнаб чиқади.

Аҳмад Дониш Бедилнинг юқоридаги байтини мушкул байт деб атаган. Мен унинг ўша мушкул байтлар келтирилган бир китобини ўзбек тилига таржима ҳам қилганман. Топиб ўқисанглар, унда байтларнинг янада кенгроқ шарҳларини кўрасизлар.

Бедилнинг байтини Навоийники деб атаган одамга ҳазрат домла изоҳ бермади. Ўша одам балки ростдан ҳам адашгандир, балки атайин, синаш учун шундай қилгандир. Аммо ҳазрат домла бунга эътибор бериб ўтирмадилар. Домла учун шу пайтда энг муҳими мухлисларнинг саволи эди... Шундан сўнг ҳазрат домла ўтирганлардан яна савол сўрадилар. Аммо бўлиб ўтган воқеадан уялишдими, бошқа савол тушмади. Мен ўша ерда билдимки, ҳазрат домла меҳмондорчиликда бир дона узум ёки бир дона майизни олиб, бошқаларни қани, олинглар деб дастурхонга  даъват қилиб ўзи ҳеч нарса  емай, ўтирганларнинг саволларига жавоб бериб ўтираркан. Ҳазрат домла яна савол йўқми, деб сўрадилар. Ва ўзининг бу саволига ўзи жавоб бериб, шундай деди; савол йўқ эмас, бор. Саволнинг чеки йўқ, саволга жавобнинг ҳам чеки йўқ! Нега десангиз, илмнинг чеки йўқ! Нега десангиз, Аллоҳ Қудратининг чеки йўқ!

 Ўтирганлар бу сўзлардан бир қалқиб олишди...

Яҳёхон қори аканинг юқоридаги хотиралари яна бир ажиб хотираларни ёдимга солди. Ўзининг “Соғунийни даврасидан чиққани, ўша мўътабар инсоннинг суҳбатларида шаклланганини ифтихор билан айтилган сўзларни эсимга туширди. Эшитдимки, бу одам ёшлик чоғларида Соғуний ҳазратларининг суҳбатларида кўп бўлган экан.

Айни ёз пайти. Устоз бемор эди. Йўқлаб бордим. Қўлимда алмисоқдан қолган диктофон. Аммо начора. Айтилган ҳар бир сўз ёдда нақш бўлиб қоладиган даврлар ўтган эди. Ўзим ҳам суҳбатдошимнинг ёшига яқин бориб қолган пайтим. 

Қўлимдаги “шалоқ арава”ни кўриб у киши кулиб қўйди ва Соғуний ҳақидаги қўшиғини бошлади. Бу одам ўзбек халқининг суюкли фарзанди, атоқли шоир Эркин Воҳидов эди. Надоматлар бўлғайким, бузуқ бузуқлигини қиларкан, диктофон иш бермади. Суҳбатнинг ёдимда қолган нуқталари эса булардир:– Хонада ҳеч бир ортиқча нарса йўқ. Бир томонга бўйра, яна бир қисмига шолча тўшаб қўйилган. Биргина кампирлари бор эди: Хушмуомала, пазанда. Мен ана шу оддий, ўша пайтлардаги ўзбек хонадонларига одатий бўлган жиҳозлар билан зийнатланган хонадонга тез-тез бориб турар эдим. Катта тоғам Карим ака Соҳибоев Ўзбекистон ССР Олий суди коллегияси  аъзоси бўлган. У киши уйда бирор йиғин ўтказсалар, Соғуний домлани олиб келишни менга топширардилар. Тоғам пенсияга чиққанларидан сўнг жуда кўп вақтларини Соғуний билан ўтказганларини эслайман. Ихлослари жуда баланд эди. Соғуний домла кичкина жуссали, ҳаракатчан, оёғи ёй нусха, шахдам гапириб, шахдам қадам ташлайдиган одам эди. Юзлари қирғиз-қозоққа тортиб кетарди. Гаплари чиройли, ҳар бир сўзни ўйлаб, тоблаб гапирар эдилар. Ўзбек тилининг, туркий тилнинг ҳамма шеваларини яхши биларди. Араб, форс тилларини айтмайсизми, бу тилларнинг ҳам шеваларигача ажратар эди. Қуръони каримнинг шарҳи, бу муқаддас китобни ким қандай ва қачон тафсир қилганларини айтиб берардилар. Замонасини яхши тушунган. Дунёда қандай воқеалар юз беряпти, хусусан, Европа ва бошқа Шарқ мамлакатларида дунёвий сиёсат қандай кечяпти, халқларнинг турмуши, емак-ичмаги нима билан бўляпти, ҳаммасидан хабардор бўлганлар. Қизиқ бир ҳол. Қайси суҳбатда бўлмасин, у киши даврадагиларга мурожаат қилиб: “савол беринглар”, дер эди. Саволлар бўлавермагач, ўзи савол қилиб, ўзи унга жавоб берардилар.

У киши билан дастлабки кўришган пайтларимизда мен ҳам журъат қилиб, Навоийнинг “Ғаройиб ус сиғар” девонидаги “Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул  – Худо” сатрлари билан бошланадиган ғазали ҳақида сўрадим. Навоийнинг сатрларини ўқирканман, домланинг кўзлари чақнаб кетди, гўё... Мазкур ғазал ҳақида кўп тушунтиришлар берди. Кейин ўйладимки, ўша байтни қилган шарҳлари – мен учун тасаввуфга кириш бўлган экан. Жом, май нима? Ҳаммасини айтиб бердилар. Масалан, ўша ғазалдаги:

Ваҳдати бўлғай муяссар май била жом ичраким,

Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо.

байтларини ўқиб, “жому май лафзидан” мақсад Жамшиддир, деган эдилар. Маълумки, Жамшид Эроннинг қадимги афсонавий подшоҳларидан бири. Ўша Жамшид подшоҳ ривоятларга кўра ҳакимларга буюриб иккита жом ясаттиради. Улардан бирининг номи жоми ишратфизой – бу жомдаги май ичган билан тугамас, бир хилда тураверади; энди эски ғазалиётимизда жоми гитийнамой (жамшид ясаттирган жомнинг иккинчиси – дунёдаги ҳодисаларни кўрсатувчи жом), жоми ҳидоят, мана ниҳоят Навоий айтган ўша жоми ваҳдат ҳақида айтиладики, булар инсонларни тўғри йўлга солиш, бирлик (ваҳдат) йўлига чорлашдир. Агар “Жому май лафзидан” бир исм чиқариш керак бўлса, уларнинг биринчи ҳарфлари, қўшилса “жам” бўлади. Ғазалиётда Жамшидни – “жам “шаклида ҳам ёзишади ва ўқишади.

Алишер Навоийнинг ўша ғазали таҳлили хусусида бўлиб ўтган суҳбатдан кейин домла мени ҳар суҳбатда ёнларига ўтқазиб қўяр эди. Поччаларим, тоғаларим хизмат қилишарди, мен эса домланинг ёнида суҳбатдошман. Ўйлайманки, мени шоир сифатида, энг муҳими ўзимни танишимда ўша суҳбатлар шакллантирди, десам рост гапни айтган бўламан. Бу одамнинг университетдаги домлаларимдан фарқи шунда эдики, улар билмаган нарсаларни бу одам яхши билар эди. Масалан, улар Қуръонни, унинг тафсирини билишмаган, билишга ҳам қизиқишмаган.

Ёдимда Фузулийнинг “Манингким ғамларим...” деб бошланадиган ғазали моҳиятига етиш учуну домладан сўрадим, бу домладан сўрадим, аммо жавоблардан қониқмадим. Бир куни фурсат бўлиб, бу ҳақда Соғуний домлага айтдим. Домла дастлаб Қуръони каримдан оят ўқиб, уни тафсир қилиб тушунтирдилар ва шундан кейингина Фузулийнинг мен сўраган байтига ўтиб, бу байтнинг илоҳият билан боғлиқлигини қайд этдилар. 

– Энди шундай бир воқеани эшитган эдимки,  – деган эди ўша учрашувимизда Эркин ака, – Соғуний домла бир издиҳомда Қуръондаги энг қисқа, уч оятли “Вал аср” сурасини нақ икки соат тафсир қилган эканлар. Шуни ёзиб олган одамлар ҳам бор деб эшитдим. Аммо сўроқлаб топмадим...

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

473 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

767 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

412 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

392 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

305 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

541 15:55 01.10.2022
« Орқага