(давоми, боши бу ерда)
Маъно ила ривоят қилиш жоизлигига жумҳурнинг далили
Жумҳур уламолар мазкур шартлар топилганда маъно ила ривоят қилса бўлаверишига ақлий ва нақлий далиллар билан ҳужжатланишади.
Биринчидан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: إذا لم تحلوا حراما ولم تحرموا حلالا وأصبتم المعنى فلا بأس “Агар ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилмасангиз ва маънони тўғри топсангиз, зарари йўқ”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур сўзлари ҳадисни маъно ила ривоят қилиш жоиз эканини очиқ‑ойдин баён қилмоқда. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъносини яхши билган кишига ҳадисни маънан нақл қилишдан қайтармаганларига очиқ далолат бор. Унга “маънони тўғри топсангиз” деган сўзлари ишора бўлмоқда. Мана шу нарса ҳанафийлар шарт қилган – ҳадис лафзларини билиш, мужтаҳид фақиҳ бўлиш кабиларга ишора қилади.
Иккинчидан: саҳоба розияллоҳу анҳулар ҳадисларни маъно ила ривоят қилганлар. Жумладан: نَهَى النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم عَنْ بَيْعِ وشرط “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бай ва шартдан қайтардилар”, نَهَى النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم وَعَنْ بَيْعِ الْغَرَرِ “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтардилар”.
Ибн Масъуд, Анас ва бу кишилардан бошқа саҳоба розияллоҳу анҳулар ҳадис ривоят қиладиган бўлсалар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари каби”, дер эдилар. Уларнинг бу ишларини бирон киши инкор қилмас эди. Мана шу нарса ҳадисларни маъно ила ривоят қилиш жоизлигига ижмоъ ҳисобланади.
Учинчидан: Ибн Можа ва Доримийлар ривоят қилади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилганида أو دون ذلك – “ёки бундан камроқ”, أوفوق ذلك – “ёки ундан кўпроқ”, أو قريبا من ذلك –“ёки шунга яқин” أوشبيها بذلك – “ёки шунга ўхшаш” дер эди”.
Тўртинчидан: имом Доримий ўзининг тариқи ила Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирон ҳадис айтадиган бўлса: هذا – “мана шу” نحوه – “шу каби” شبهه – “шунга ўхшаш” شكله – “шу шаклда” дер эди.
Бешинчидан: ҳадиснинг назми муъжиз эмас. Ундан талаб қилинган нарса назми эмас, балки маъносига таъаллуқ топган ҳукмдир. Лафзни ўзгариши билан ана шу маъно ўзгариб қолмайди. Қуръонда эса ундай эмас. Чунки Қуръоннинг лафзи ва маъноси муъжиз ҳисобланади. Зеро, Қуръоннинг назмидан эъжоз мақсад қилинади. Эъжоз назмга ҳам, маънога ҳам таъаллуқ топади. Ҳадис нақлида ундай эмас.
Олтинчидан: киши сўзининг маъносини тўлиғича адо қилган инсонни гарчи лафзи бошқа бўлса ҳам эшитганидек етказган деб сифатланади. Таржимонда ҳам шундай. Чунки таржимоннинг луғати таржима қилинмишнинг луғатидан бошқа бўлса‑да, эшитганидек адо этувчи ҳисобланади.
Еттинчидан: уларнинг кучли ҳужжатларидан яна бири – ажамлар тилини билганга шариатни уларнинг тиллари ила шарҳлаш мумкин эканлигига ижмоъ қилинганидир. Демак, араб тилини бошқа тилга ўзгартириш жоиз бўлганидан кейин, уни бошқа араб сўзига ўзгартириш батариқа авло бўлади. Ким инсоф қилиб ўйлайдиган бўлса, ҳадис билан унинг арабий таржимаси орасидаги тафовут у билан бошқа тил орасидаги тавовутига қараганда жуда оз эканлигини билади.
Ҳадисни маъно ила ривоят қилиш мумкин эмас, деб айтувчиларнинг далиллари:
1. Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинаётган ҳадис лафзи бошқа лафзга ўзгартирилмасдан келтирилмоқлиги лозим. Фақат ривоят қилаётган шахс ҳадисни пухта ўрганган, маъносини аниқ билган бўлса, ундан ҳадис ҳақида сўралган вақтда унинг маъноси ва тақозосининг фатвосини бериб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ҳукм қилганлар. Бундан қайтарганлар...” деб айтадиган бўлса, ўша кишига ҳадисни маъно ила риоят қилиши жоиз. Аммо ҳадис ривоят қилиб, иснодини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бераётган шахс у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганидек етказишни мақсад қилган бўлса, маъноси бир бўлса‑да, бир ҳарфини бошқасига ўзгартирмасдан, бирини бошқасидан олдин келтирмасдан, қандай эшитган бўлса шундай етказишлиги лозимдир.
2. Таъвилни эҳтимол қиладиган лафзларга келсак, аслнинг лафзидаги маънодан бошқа маънонинг эҳтимоли бўлиб турганда унинг лафзини ўзгартириб ривоят қилиш керак, деб билмаймиз. Кўпинча оҳод хабарларнинг фасод бўлишига, уларнинг бир‑бирига зид келиб қолишига мана шу услуб сабаб бўлган. Чунки ровийлардан бири бир неча маъноларни эҳтимол қиладиган ҳадис лафзини эшитиб, уни ўзининг тушунчасидаги маъони англатувчи ва битта маънонигина эҳтимол қиладаган лафз билан таъбир беради. Натижада, ҳадис бузилади.
Ҳадис лафзининг айни ўзини нақл қилиш вожиблигига далил. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مقالتي فوعاها ثم أداها كما سمعها رُبَّ حَامِلِ فِقْهٍ لا فقه له وَرُبَّ حَامِلِ فِقْهٍ إِلَى مَنْ هُوَ أَفْقَهُ فيه. “Менинг сўзимни эшитиб, уни тушуниб сўнгра эшитганидек етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин. Бас, баъзи фиқҳни олиб юрувчи борки, ўзи тушунмайди. Баъзи фиқҳни олиб юрувчи ўзидан кўра фақиҳроққа етказувчилар бор”, деган ҳадисларидир.
Рожиҳ гап:
Тўғриси шуки, агар ровий биз юқорида айтиб ўтган сифатларга эга бўлиб, ўзига етган лафзнинг маъносини адо қилаётганига аниқ ишонса ҳадисларнинг барча турида маъно ила ривоят қилиши дуруст. Зеро, саҳоба розияллоҳу анҳулар ва аввалги салафларнинг ҳаётлари бунга далолат қилади. Улар бир иш борасидаги бир маънони турли лафзлар ила нақл қилишар эди. Бу нарса эса уларнинг лафзга эмас, балки маънога эътибор қаратганларини билдиради.
Мазҳаблар ўртасини солиштириш:
Уламолар ҳадисни маъно ила ривоят қилиш борасида ихтилоф қилишган. Жумҳур саҳоба ва тобеъинлар, улардан кейин фақиҳлар ва ҳадис имомлари ҳадисни маъно ила ривоят қилиш, умумий олганда, жоизлигини айтишган. Башарти, ровий лафзлар далолатини ва уларнинг турли жойлардаги ихтилофларини биладиган бўлсин. Лекин шундай бўлса‑да, ҳадиснинг айни лафзи билан ривоят қилиш унинг маъноси ила ривоят қилишдан афзал ҳисбланади.
Баъзи аҳли ҳадислар: “Ҳадисни маъно ила ривоят қилиш мутлақо мумкин эмас”, дейишган. Бу гап саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг, тобеъинлардан Муҳаммад ибн Сирийн ва бир жамоанинг ҳамда зоҳирийларнинг мазҳабидир. Ҳанафийлардан Абу Бакр Розий Жассоснинг ҳам ихтиёр этган шу.
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс
(давоми бор)