Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Марказий осиёликлар Хитойдаги Россия атом электростанцияларига хавотир билан қарамоқда

1627

Россия ўз атом электр станциялари орқали таъсир кучига эга бўлиш ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашга уринса-да, Марказий Осиё собиқ Совет Иттифоқининг минтақадаги ядровий дастурлари оқибатларидан ҳанузгача ўзини ўнглай олгани йўқ.

Марказий Осиёликлар қудратли қўшнилари – Россия ва Хитой ҳамкорликда янги атом электр станциялари қураётганидан хавотирда, зеро тарихдаги ядровий офатлардан олинган сабоқлари унутилмаган.
Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин ўтган ҳафта Хитойда Россияда ишлаб чиқилган иккита атом электр станциясига оид ишларни видеоанжуман режимида бошладилар.

19 май куни давлат раҳбарлари «Тянван» ва «Сюдапу» атом электр станцияларининг янги блокларига пойдевор қўйиш жараёнини очиб беришди. Россия билан ҳамкорликда қурилган Тянван заводи 2007 йилдан буён ишлаб келмоқда, «Сюдапу» станцияси эса қурилиш жараёнида.

Путин ядровий реакторларни «қудратли» ва «замонавий» деб таърифлар экан, уларнинг «барча хавфсизлик талабларига ва энг юқори экологик стандартларга жавоб беришини» таъкидлади.
Янги блоклар 2026-2028 йилларда фойдаланишга топширилади. Россия ва Хитой ҳамкорликда атом электр станцияларини қурилишини янада ривожлантиришга тайёр, деди у.

Атроф-муҳит ва инсонлар ҳаёти учун хавф

Россия табиий бойликларни тўплаш баробарида, Марказий Осиё, Африка ва Европада атом электростанциялари қуриш билан яқин дипломатик алоқалар ва таъсирга эга бўлиш йўлларини излаган.
Аммо кўпчилик Марказий Осиёликлар Украинадаги Чернобил фалокатининг 35 йиллиги арафасида Россиянинг хавфсизлик ва экологияга оид даъволарига шубҳа билан қарамоқдалар.

«Ҳеч бир мамлакат ядровий иншоотлар хавфсизлигини 100 фоиз кафолатлай олмайди», дейди Қозоғистондаги Қарағанда экология музейининг ривожланиш бўйича раҳбари Дмитрий Калмиков.

«Барча хавфсизлик механизмларига қарамай, атом электростанцияси энергия ишлаб чиқаришнинг хавфсиз йўли бўла олмайди», дейди у.

Калмиков – Чернобилдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашганлардан бири.

«Атом электростанциясида қандай фалокат юз бериши мумкинлигига ўзим шахсан гувоҳи бўлганман.»
«Тарихан ядровий фалокатлар юз бериши мумкинлигини кўрганмиз, улар нафақат табиатга, балки аҳоли саломатлиги ва ҳаётига ҳам реал хавф туғдиради»,
дейди Бишкекдаги Жусуп Баласагин номли Қирғизистон миллий университетининг география ўқитувчиси Нурлан Шамсиев.

Қисқа муддатда олиб қарайдиган бўлсак, атом электростанциялари нефт ва кўмир ёқадиган станцияларга нисбатан табиатга камроқ зарар етказади, дейди у. «Аммо атом станциясидан ядровий чиқинди чиқади, у узоқ йиллар давомида юқори хавфсизлик стандартларига мувофиқ изоляция қилиниши ва сақланиши керак.»

«Хитойдаги атом электростанцияси қурилиши бизга алоқадор эмасдек туюлиши мумкин, аммо Хитой бизнинг қўшнимиз», дейди Шамсиев.
«Агар фалокат юз берса, масалан радиация сизиб чиқса, нафақат Хитой, балки унга чегарадош давлатлар ҳам зиён кўради.»

Тошкентлик риэлтор Мухтор Йўлдошев Россия ёки Хитой қуриши мумкин бўлган атом электростанцияга қарши эканлигини айтади. 2018 йилда Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда атом электростанцияси қурилишига оид лойиҳани бошлаган эдилар. Уни молиялаштириш масаласи ҳамон муҳокама қилинмоқда, қурилиш ишлари 2022 йилда бошланиши кутилмоқда.

«Доимий хавф манбаи бизга керакми?», дейди у. «Россия ҳукуматининг атом электростанциялари хавфсиз, деган иддаоларига ишонмайман. Ҳатто юқори технологияларга эга Японияда 2011 йилда Фукусима ядровий фалокати юз берган».

«Шу кунга қадар атом станцияси хавфсизлигини кафолатлаш ёки даҳшатли ядровий фалокат оқибатларини самарали ҳал этишнинг уддасидан чиқа олмаганмиз», дейди у.

«Хавф» ҳам, мажбуриятлар ҳам йўқ

Чернобил фожиаси қозоғистонликларнинг эски жароҳатларни янгилади – бу мамлакат 40 йилдан ортиқ вақт давомида Совет Иттифоқининг ядровий қуролларини синовчи асосий полигон бўлган.

Қозоғистон шимоли-шарқидаги Семипалатинск ядро полигони 1949 йилдан Совет Иттифоқи парчаланишига қадар – 1991 йилгача фаолият юритган.
Полигондан кўрилган зиён, жумладан атроф-муҳит ва маҳаллий аҳоли саломатлигига етказилган даҳшатли оқибатлар ҳали ҳам сезилмоқда ва яна узоқ йиллар давом этади.

Москванинг давомли уринишлари Кремлнинг ресурсга бой Маркази Осиё давлатидаги Россия таъсирини кучайтириш ва унинг суверенитетига путур етказиш ниятларини намоён қилади, дейди таҳлилчилар.
Маҳаллий аҳоли ва Қозоғистон ҳукуматининг кескин қаршиликларига қарамай, Россия Қозоғистонга Олмаота вилояти, Улкен шаҳрида атом электростанцияси қуриш учун босим ўтказиб келган.

Станция қурилишига камида 5 миллиард АҚШ доллари сарфланиши мумкин, Россия бу маблағни Қозоғистонга «яхши ниятда» беришни таклиф қилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йил октябрда станция борасидаги режаларни рад этган. Шунга қарамай, Россия ўз шаштидан қайтмаяпти.

Қозоғистонга «тоза энергия керак» ва «атом электростанцияси самарали энергетик ечимдир», Россиянинг Қозоғистондаги элчиси Алексей Бородавкин 10 феврал куни Қозоғистоннинг Кремлпараст «Комсомольская правда в Казахстане» газетасига берган интервьюсида деб айтган. 

Россиянинг давлат назорати остидаги ядровий энергия ишлаб чиқарувчиси «Росатом» бу лойиҳани амалга оширишга тайёр, шунингдек, бу станция хавфсиз ва атроф-муҳит учун зарарсиз бўлишига кафолат беради, деб қўшимча қилган у ҳеч қандай «хавф йўқлигини» таъкидлаб.

Серхаражат тозалаш ишлари

Бундай хатарлар давомли ва қимматга тушиши тарихий сабоқлардан маълум.
Марказий Осиё собиқ Совет Иттифоқи учун муҳим уран манбаи бўлиб хизмат қилган ва бунинг ортидан хавфсизлик ва экологияга оид бир қатор муаммолар мерос қолган.

Мисол учун, Тожикистоннинг ядровий чиқиндихоналарда «қўлбола бомбалар» ишлаб чиқариш учун кифоя қиладиган уран қолдиқлари мавжудлиги юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2019 йил апрелда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги еттита объектда Совет давридан қолган уран чиқиндиларини тозалаш ишлари учун 85 миллион евролик грант ажратган эди.
2019 йил декабрда Қирғизистон уран ва торий конларига оид изланишлар ва уларни қайта ишлашни тақиқловчи қонунни қабул қилган.

Қонуннинг мақсади «аҳоли саломатлиги, ер, сув ҳавзалари, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраш, Қирғизистонда фуқароларнинг қулай яшаш, ишлаш, дам олиш ҳуқуқларини, шунингдек радиация ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлашдир».

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити Туркманистонда ўтказилади

660 22:20 16.07.2021

Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистон чегарасида ҳарбий машқлар ўтказади

572 20:10 16.07.2021

Марказий Осиё халқаро институтининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

460 17:40 15.07.2021

Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг норасмий йиғилиши бўлиб ўтди

809 08:05 15.07.2021

Ўзбекистон инвестиция жалб қилиш бўйича ҳудуд етакчиси бўлади

791 08:05 12.07.2021

Марказий Осиё ТИВ раҳбарлари Афғонистон масаласини муҳокама қилди

656 22:05 07.07.2021
« Орқага