Марокаш Ғарбий Саҳрои Кабир масаласида БМТ шафелигидаги сиёсий жараёнларга содиқдир. Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI мамлакатнинг Жазоир билан муносабатлари кескинлашуви фонида халққа мурожаатида ана шундай деди.
Ғарбий Саҳрои Кабирдаги вазият ўнлаб йиллар давомида халқаро баҳс-мунозараларнинг мавзуси бўлиб келмоқда. Жазоир ўтган ҳафта Мавритания билан чегарада уч кишини ўлдирганидан сўнг Марокашни давлат терроризмида айблади.
“Миллий ғоямиз тўхтатиб бўлмайдиган ижобий ҳаракатнинг бир қисмига айланди. Саҳродаги марокашликлар – бу ўзгартириб бўлмайдиган ва эътироз билдириб бўлмайдиган ҳақиқат. Ғоямизнинг қонунийлиги биринчи навбатда тарихий манбалар, шунингдек, Саҳрои Кабир халқининг интилиши ва халқаро эътироф орқали маъқулланган”, – деди Муҳаммад VI.
Марокаш Ғарбий Саҳрои Кабирни ўзининг ажралмас қисми деб билади ва унга фақат подшоҳлик ҳудуди доирасида кенг мухторият берилиши мумкинлигини айтади. Жазоир қўллаб-қувватлайдиган ПОЛИСАРИО жабҳаси эса ҳудуднинг мустақиллигига интилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг августида Жазоир Марокаш билан дипломатлик алоқаларни узди. Бунга эса Марокашнинг икки террорчи гуруҳни қўллаб-қувватлашини сабаб қилиб кўрсатди.