CАВОЛ:
Айрим масжидлар ҳовлисида мушки анбар, атирлар, диний китоблар сотилади. Масжидлар ичида савдо қилиш жоизми?
ЖАВОБ:
Бу масалада уламоларимизнинг жавоблари турлича бўлган. Баъзи уламолар эътикофда бўлмаган кишининг масжидда савдо қилиши мутлақо макруҳ деганлар. Баъзилари, ўша савдо-сотиқ масжидда жойни банд қилса, макруҳ, жой банд қилмаса макруҳ эмас, деганлар (“Раддул мухтор”).
Масжид деганда – масжиднинг ичи ва айвони тушунилади. Масжиднинг ҳовлиси эса баъзи масалаларда масжиддан ҳисобланса, бошқа масалаларда масжиддан ҳисобланмайди.
Макруҳлик ва хилофдан қутилиш учун савдо сотиқни масжиднинг дарвозасидан ташқарида қилиш афзалдир. Валлоҳу аълам.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази