(давоми, боши бу ерда)
5. Мустақил лафз эътиборидан таржиҳ қилиш:
Икки далилдан бири (ҳукмни) ифода этишда мустақил бўлади. Унга қарши келаётган ҳадис замирни ёки хазфни тақдир қилиш билангина (ҳукмни) ифода этади. Бу эса мустақилга кирмайдиган қўшимча чалкашликлар унга кириб қолишини англатади. Мана шунинг учун тақдир қилиш ва замир қилишга муҳтож бўлмаган ҳадис унинг акси бўлган ҳадисга муқаддам қилинади. Чунки асл нарса ҳар бир насс (ҳукмни) ифода этишда ўзи мустақил бўлишидир.
Мисол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: إِنَّمَا جُعِلَ اْلإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فإذا قرأ فأنصتوا “Имом фақат унга эргашилмоғи учун қўйилган. Бас, қачон у қироат қилса, жим туринглар” ҳадиси لاَ صَلاَةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ “Ким “Фотиҳа” сурасини қироат қилмаса, унинг намози бўлмас” ҳадисидан таржиҳ қилинади.
Татбиқ: аввалги ҳадис замир қилишга эҳтиёж бўлмасдан қасд қилинган маънога далолат қилмоқда. Ҳадиснинг зоҳири жим туришга буюрмоқда. Яъни, имомдан кейин “Фотиҳа” сурасини ўқимасликни англатяпти. Демак, ҳеч қандай тақдир қилишга эҳтиёж йўқ.
Иккинчи ҳадис “Фотиҳа” сурасисиз намоз жоиз бўлмаслигини тақозо этмоқда. Бироқ бунда музоф тақдир қилиб “намознинг саҳиҳлиги бўлмайди” дейиш лозим.
Замир келтиришга муҳтож бўлинмаган ҳадис унинг аксига муқаддам қилинади. Шунинг учун бу ерда аввалги ҳадис иккинчисига таржиҳ қилинади.
6. Икки ҳадисдан бирини бирон сабабга кўра айтилгани эътиборидан таржиҳ қилиш:
Яъни икки ҳадисдан бири бирон сабабга кўра айтилган бўлиб, бошқаси сабабсиз айтилган бўлади. Сабабга кўра айтилган ҳадис сабабсиз айтилган ҳадисдан таржиҳ қилинади.
Мисол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизнинг олдида турган (ўлик) қўйнинг олдидан ўтиб: أَيُّمَا إِهَابٍ دُبِغَ فَقَدْ طَهُرَ “Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур”, деган ҳадислари у зотдан ривоят қилинган: لا تنتفعوا من الميتة بإهاب ولا عصب “Ўлимтикнинг терисидан ҳам, пайидан ҳам фойдаланманглар” деган ҳадисларига таржиҳ қилинади.
Татбиқ: биринчи хабар гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг териси борасида таржиҳ қилинади. Чунки унда сабаби баён қилингани учун мазкур ҳукмда насс каби бўлиб қолган.
(Давоми бор)
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс