Савол:
Мавлид қилишга Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида рухсат берилганми? “Мавлид қилиш мумкин эмас” дейилса, диндан чиқиб қолган саналадими?
Мавлид қилишга Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида рухсат берилганми? “Мавлид қилиш мумкин эмас” дейилса, диндан чиқиб қолган саналадими?
Жавоб:
Аслида, бу мавзуда баҳс-мунозарани ёқтирмайман. Аммо бу борада менинг фикримни сўрашса, уни билдириб ўтишим мумкин. Лекин бу фикримни бошқа инсонга сингдиришдан йироқман.
Мавлид Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш саналади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни севмагунча, ҳеч қайси мўмин банданинг иймони комил бўлмайди. Шундан келиб чиқадики, бу иймонга бориб тақаладиган масаладир. Бир ривоятда келишича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг расули, мен сизни ўзимдан ташқари дунёдаги ҳамма нарсадан яхши кўраман” деганларида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, бу нотўғри. Ўзингдан ҳам аввал мени яхши кўришинг керак” дейдилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу гапларини тўғрилаб: “Ё Расулуллоҳ, мен сизни ўзимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман” дейдилар. Уларнинг бу гапларидан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Мана бу энди тўғри гап бўлди” деган эканлар.
Яъни инсон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзидан ҳам ортиқ яхши кўриши керак бўлади. У зотни севишни турли хил усулда ифодалаш мумкин. Бу ҳолат ҳатто Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан бошланган. Саҳобиялардан бир аёл Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотдан келганликларидан қувониб, “Назр қилиб қўйгандим” деб мадҳ қилишлик масаласини сўраганларида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назр қилиб қўйган бўлсанг, майли” деб жавоб берганлар.
Ёки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мана шу кунда туғилганман деб, шу кунни рўза тутишлик билан ўтказар эдилар. Лекин биз буни "Мавлид" учун тўғридан тўғри далил демаймиз. Шунга ишора қиладиган маънолари борлиги учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат, у зотни танишликка бир қадам ташланганлигининг белгиси сифатида бу кунни Қуръони карим тиловат қилиш, у зотнинг суннатларини ўрганиш ёки ҳеч бўлмаганда битта суннатларини бажариш, одамларни чақириб амри маъруф қилиш билан ўтказиш мумкин бўлади. Ва буни устозларнинг таълимотларига кўра жоиз ҳисоблаймиз. Жоиз дейиш бошқа ва уни қилишга мажбурлаш бошқа нарса ҳисобланади. Жоиз деганда қилиш мумкин бўлган, рухсат берилган ҳолатлар тушунилади.
Баъзи ҳолатларда бидъат деб ҳам айтишади, аммо бидъат бўлса ҳам, динимизнинг таълимотлари доирасидан чиқмаган ҳолда нишонлаш мумкин дейишган. Олимларнинг бир жамоаси "Мавлид" ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб, назмий, насрий йўналишда китоблар ҳам ёзишган. Буюк уламоларимизнинг бу борадаги фикрлари ижобий бўлганлиги учун, биз ҳам бунга ижобий қараймиз.
Бу мавзуда гапирмасликни маъқул кўраман дейишимдан асосий сабаб, мана шу нарса туфайли, тушунчадаги фарқлар туфайли мусулмонлар иккига бўлиниб олишини хоҳламайман. Истаган одам, шариат доирасида "Мавлид" қилсин, буни истамаган, бидъат деб биладиган одам қилмасин. Бу борада тортишиб ўтириш шарт эмас. Асосийси, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга, уларнинг суннатларига муҳаббат бўлсин. Бу тўғрисида биз очиқ-равшан гапирамиз, ўз позициямизни аниқ қўямиз ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишлик борасида баҳс қилишимиз ҳам мумкин. Аммо бу муҳаббатни қандай изҳор қилишни ҳамманинг ўзига қолдирган маъқул деб ўйлайман.
Мубашшир Аҳмад