Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидаги миллий уйғониш ва миллий ғоя ҳозиргидан кўра анча мазмунли ва юксак бўлган:
1. Эрк ва мустақиллик учун чанқоқлик жуда ўткир, миллат эса саводли ва савияли эди. Собиқ Иттифоқ мустабид ва зулмат эканини кўпчилик тушунган бўлган. Ҳозир мустақилликдан кайфиятлари анча сезилиб қолган.
2. Тил, Орол муаммоси, мустақил яшаш орзуси ва очиқ дунёнинг жилваси каби тушунчалар анчайин жозибадор бўлган. Ҳозир мазкур оҳанраболар ўз қувватини йўқотган ёки сўндирилган. Мусаффо ғоялар хиралаштирилган ё обрўсизлантирилган.
3. Кучли шахсиятлар юзага чиққан ва кучли жамият шаклланган. Халқнинг виждони - Ёзувчилар уюшмаси йўналтирувчи хусусиятга эга бўлган, забардаст диний олимларга эргашилган, миллий ва демократик ҳаракатлар эса обрўсизлантирилмаган. Ҳатто санъат ҳам аллалаб ухлатишга эмас, эркка чорлаган. Биргина Дадахон Ҳасановнинг "Нега йиғламайсан, она Туркистон" қўшиғи миллатга қанчалар мотивация берганди. Ҳозир шулардан бирортаси қолмаган ёки қолдирилмаган.
4. Миллатнинг руҳи, орзу-умидлари ҳозир анча синган. У тушкун, хорғин ва энг асосийси савиясиз. Кўпроқ оломонни англатади. Пароканда ва ҳайрон.
Шу маънода олдинги тўлқинни миллий уйғониш даври дейилса, ҳозиргисини эса миллий мудраш-ғафлат ё таназзул даври деса ҳам бўлади.
Яна кўп жиҳатларни батафсил ёзсам ҳам бўлади. Шунчаки эриндим ва энди бефойда. Фақат бир нарса қолди. Касаллигимиз ташхисини тўғри қўйиш, ўзликни (тўғрироғи унинг таназзул ва инқирозини) англаш ва буни тан олиш лозим. Шунда умумий тавба даври бошланади ва миллат яна қайта уйғониши мумкин.
Устоз Мубашшир Аҳмад