Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“Миллий тикланиш” вакили: “Яна 30 йил шунақа “бағрикенглик” қилсак...”

2857

Шов-шув бўлган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 12-моддаси бўйича Халқ демократик партияси фракцияси ўз сайтида  тушунтириш берди. Бу тушунтириш хатига “Миллий тикланиш” демократик партияси вакили Бекзод Шоназаров ўз изоҳ ва фикрларини билдириб азон.уз мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.

Тушунтириш яна ўша-ўша эски гаплар, бошқа миллат вакилининг касал бўлиб қолса, “тез ёрдам” мурожаат қилса қийналиб қолиши ҳақидаги чўпчакларга асосланган.

“Аниқлаштирамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Ушбу қонуннинг 6-моддасида мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкинлиги белгиланган”, дейилади ХДП тушунтириш хатида.

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилган 12-модда таҳририда:

«жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши” дейилмоқда. Кўриниб турибдики, таклифнинг қонунга хилоф жойи йўқ. 

ХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова Миллий тикланиш фракциясини давлат тили тўгрисидаги қонун лойиҳасига таклифни эътиборни ўзига қаратиш мақсадида киритганликда айблаган.
Ўз тилининг шаъни, қадри учун ҳаракат қилиш “эътиборни ўзига қаратиш” деб ҳисобланса, барча партиялар “Миллий тикланиш”дан ўрнак олсалар арзийди. Яна ХДП эълон қилган хатда: “Халқ демократик партияси фракцияси давлат тилининг мавқеини кўтаришга хизмат қиладиган қонун лойиҳасига эмас, “Миллий тикланиш” партияси фракциясининг юртимиздаги бошқа миллат вакилларини камситишга қаратилган таклифига қарши овоз берган”, дейилади.

Ҳеч бир давлатда ўз тилида давлат идорасида иш юритилсин, деган таклиф берилса, “бошқа миллат вакилларини камситишга қаратилган таклиф” деб қаралмайди. Аксинча, дунёнинг кўплаб давлатларида расмий давлат тилидан бошқа тилда мурожаат қилиш қонун билан тақиқланган, ҳатто бунинг жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.

Хатнинг давомини ўқиймиз: 

“Қодировчилар Конституциямизнинг 8-моддасидаги Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши, 18-моддасидаги Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ҳақидаги меъёрлар билан танишиб, мағзини чақиб кўриши тўғри бўлади”.

Юртимизнинг энг йирик партияларидан бири бошқа партияни “қодировчилар” деб аташи юмшоқ қилиб айтганда сиёсий этикага тўғри келмайди. “Миллий тикланиш” Алишер Қодировнинг шахсий партияси эмас!

Конституциядан мисол келтирилган бўлса, Асосий қонунимизда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деган моддасиям бор. Шунингдек, русийзабон қариялар ва эҳтиёжмандлар мурожаат қилишга қийналиши, уларга шароит яратиш кераклиги яна рўкач қилинди. Бошқа тил эгаларига “шароит яратиш кераклиги” ҳақида фикр юритилади-ю нега ўз миллатимизга қулайлик қилиш ҳақида ўйламаймиз? Нида Муҳаммад исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси “Ўзбекистон аэропортида рус ёки инглиз тилини билмайдиган ўзбек кампири, қайтараман ўзбек кампири аэропорт ходимларига (Ўзбекистон аэропорти ходимларига) жомадони алмашиб қолганлиги бўйича мурожаат қилиш учун  рус тилини биладиган таржимон қидириб юрган аянчли ҳолат ҳақида ёзган. Буни ўқиб автобусда рус тилини билмаган бир ўзбек онахонни кондуктор аёл “баран” деб ҳақорат қилгани ва у аёл узоқ йиғлагани эсимга тушиб кетди.

Баъзан тилимизнинг мавқеини кўтариш ҳақида гап кетса, нариги томонни ваҳима босади: гўёки дунёдаги илмий, илмий-техникавий маълумотлар базасининг 90 фоизи инглиз ва рус тилларида эмиш. Шунинг учун рус тилини (!) ўрганиш керак экан.

Ҳеч бир давлат аҳолисининг 10-15 фоизидан ортиғига хорижий тил ўргата олмайди, 90 фоиз аҳолисини замонавий билимлар билан таъминлаш каби муаммо давлатларни ўз тиллари соҳасида ислоҳотлар қилишга ундайди. Буни мисол билан тушунтирсак, японлар рус тилини ўрганмаса-да руслар илм-фан тараққиётида уларнинг яқинига ҳам йўлай олмайди. Японлар бу муаммони дунёда чет тилларида янги чоп этилган илм фан ва замонавий кашфиётлар ҳақидаги мақола, адабиётлар ва бошқа материалларни япон тилига таржима қилиш ва уларни Япониянинг барча таълим даргоҳларига, кутубхоналарга тарқатиш орқали аҳолисининг саводхонлигини ошириб ҳал қилган.

Руслардаги илмий адабиётлар ҳам инглиз тилидан таржима қилинган асарлар. Ҳатто рус олимларининг асарлари ҳам дунёга кенгроқ тарқалиши учун инглиз тилига таржима қилинади. Демак, олимларимиз инглиз тилини кўпроқ ўрганиши лозим экан.

Латвияда ҳам янги адабиётлар латиш тилига таржима қилинади, ҳатто атамаларни ҳам ўз тилларига таржима қилишади ёки латиш тилида муқобил атама яратишади, уларда компютер, телефон каби интернационал сўзларнинг латиш тилидаги таржимаси бор.

Қардош халқлар: қорақалпоқ, туркман, тожик, қирғиз ва қозоқ ватандошларимиз орасида ўзбек тилини билмайдигани топилмаса керак. Ҳатто улар ўз тилида мурожаат этганда ҳам муаммо топилмайди: ҳамма бир-бирини тушунади. Рус, айниқса корейслар орасида ҳам ўзбекчани айрим "ўзбексимон"лардан яхши биладиганлари кўплаб топилади. Таклифга қарши чиқаётганлар муаммонинг асл моҳиятини тушунмайди, халқ ичида юрмаган, идорадан чиқмаган айрим партия мутасаддилари ҳалиям 30-40 йил олдинги ҳаёт билан яшамоқдалар.

Яна 30 йил мана шунақа “бағрикенглик” қилиб турсак ўз-ўзидан чала инглизча, чала хитойча, чала русча тилда иш юрита бошлаймиз. Лекин бу тилларни билмайдиган аҳоли яна қайси давлатда яшаётганини, ўзини кимлигини аниқлаш билан овора бўладими?

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрон ва Ўзбекистон: маданий ва зиёрат туризми тараққий топиши лозим

212 21:05 27.01.2022

Россияда ўзбекистонликларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш бошланди

263 15:11 27.01.2022

Фуқаролар чанг бўронидан огоҳлантирилмоқда

742 13:51 27.01.2022

«Ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди» – Президент Шавкат Мирзиёев

175 12:45 27.01.2022

Давлат ва жамиятга сохта олимдан кўра хавфлироқ киши йўқ

627 12:15 27.01.2022

Ўзбекистоннинг коррупция бўйича халқаро рейтингдаги ўрни яхшиланди

435 17:33 26.01.2022
« Орқага