Юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабат билан Ўзбекистон халқига байрам табригида ана шундай дейилган.
Қайд этилишича, маъмурий судлар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат арбитражи фаолияти йўлга қўйилди.
Бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
“Халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олижаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам қўлланмоқда. Шу борадаги ишларимизнинг давоми сифатида Конституция куни арафасида яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра, шу тоифага мансуб 182 нафар шахс муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилмоқда”, – дейилади табрикда.