Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Миноралар ҳақида қизиқарли фактлар

2950

Масжид ва миноралар мусулмон мамлакатларидаги ибодатлар учун қурилган бинолардир. Бу бинолар эстетик жиҳатдан чиройли меъморчилик намуналари бўлиш билан бирга, ҳайратланарли тарихга ҳам эга.

Минора — масжидларнинг бурчак ёки бошқа бирор қисмида қад ростлаган баланд иншоот. У азон товушларини узоқроққа тарқатиш, баъзан эса ёритиш учун ҳам қўлланилади.

Ҳар куни беш маҳал Ислом олами шаҳарлари узра мусулмонларни Аллоҳ таолога ибодат қилишга чорловчи муаззин овози янграйди.

Қадимда шаҳар қанчалик катта бўлса, унинг масжидлари ҳам шунчалик кўп ва катта қилиб қурилган. Минора қанчалик баланд бўлса, муаззиннинг чақирган азони шунчалик узоққа етиб борган.

Миноралар мусулмон меъморчилигининг бир кўриниши бўлиб, аниқ ҳисоблашлар асосида қурилгани, шаклий уйғунлиги ва гўзал пардози билан ажралиб туради. 

Миноранинг айланма зинаси

Минора ичида айланма зинаси бўлади. Муаззин зинадан миноранинг энг тепасига кўтарилади ва шарафа деб аталадиган балконга чиқади.

Кичик миноралар битта, баланд миноралар иккита, энг баланд миноралар учта шарафали бўлади.

Араб тилидан таржима қилинганда "минора" сўзи "маёқ" маъносини англатади. Бу ўтган асрларнинг мероси бўлиб, соҳилбўйи шаҳарларнинг минораларида оқшом чоғида олов ёқилган. Уларга асосланиб, кема капитанлари портга тўғри йўлни танлаганлар.

Ислом дини пайдо бўлгандан кейинги дастлабки ўн йилликларда миноралар йўқ эди. Азон айтувчи ё масжиднинг томига ёки яқин атрофдаги бошқа баланд бинога чиқарди.

Ўрта асрларнинг энг йирик шаҳарларидан бири, ҳозирги Қоҳиранинг тарихий салафи – Фустатдаги Амр ибн Ос масжидида биринчи марта миноралар қурилган дейилади. Айрим тарихий маълумотларга кўра, биринчи марта Миср ҳокими Маслама ибн Муҳаллад (ваф. 682) Фустатдаги Амр ибн Ос масжидининг ҳар бир бурчагида минора қуришга буйруқ берган.

Эрон ва Ироқдаги масжидларнинг миноралари одатда битта шарафали, думалоқ кесма ва дубулға шаклидаги гумбазларга эга.

Туркиядаги миноралар

Туркияда Месопотамиядагига қараганда торроқ айлана кесмали, учи конуссимон миноралар кенг тарқалган.

Минораларнинг квадрат кўндаланг кесими Шимолий Африка мамлакатлари учун хосдир.

Ҳатто модернистик услубдаги миноралар ҳам бор - уларнинг кўпчилиги сўнгги ўн йилликларда Европада пайдо бўлди.

Дунёдаги энг баланд минора Марокашда, Касабланка шаҳрида жойлашган. Атлантика океани соҳилида қурилган, Марокаш қироли Ҳасан II номи билан аталган, асос кесими тўртбурчак миноранинг баландлиги 200 метрга етади.

Бу миноранинг тепасига махсус ёруғлик мосламаси ўрнатилган бўлиб, намоз вақти киргач, лазер нури мўминларга Маккадаги Каъбага аниқ йўналишни кўрсатиб, Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун юзни қаёққа буриш кераклигини билдиради. Уни 30 километр масофадан кўриш мумкин.

Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги "чайқалувчи миноралар"

Эроннинг Исфаҳон шаҳрида Шоҳ Аббос даврида вазир Шайх Баҳоий томонидан лойиҳалаштирилган “чайқалувчи минорали” масжид мавжуд.

Бу масжиднинг икки минорасидан бирини туртсангиз, иккала минора ҳам чайқала бошлайди. Бу минораларнинг зилзилабардошлиги учун қурилган.

Узоқ вақт давомида бу минораларнинг сирини ҳатто у ерга келган европаликлар ҳам оча олмаган.

Турк масжидининг стандарти – Селимия масжиди Эдирне шаҳрида жойлашган бўлиб, XVI асрда қурилган. Унинг кўкка ўрлаган минораларининг баландлиги 80 метр.

Бу масжиддаги учта спирал зинапоялар уч шарафага олиб боради. Бироқ агар муаззинлар бир вақтда бу зинапояларга кўтарилишса ҳам бир-бирларини кўра олишмайди. Лекин улар ўзаро гаплаша олишади.

Истанбулда Султон Сулаймон Қонуний (1520-1566) даврида меъмор Синон томонидан қурилган Сулаймония масжидининг 4 та минораси бор. Улардан иккитаси 3 та, иккитаси эса 2 та шарафали, жами 10 та. 

Айтишларича, Сулаймония масжиди қурилишининг кечикаётганини эшитиб, Сафавийлар шоҳи Таҳмасп I (ўша пайтда Эрон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар жуда таранг эди) Султон Сулаймонга қимматбаҳо тошлар солинган қути юборган экан. Султон Сулаймон бундан ғазабланиб, қутини меъмор Синонга топширган ва тошлардан қурилиш материали сифатида фойдаланишни буюрган. Қимматбаҳо тошлар оҳак билан аралаштириб, миноралардан бирига суртилган. Минорадаги қимматбаҳо тошлар бир неча йиллар давомида қуёш нурида товланиб тургани айтилади.

Деҳлидаги Қутб минор дунёдаги энг катта фақат ғиштдан қурилган минора ҳисобланади. Баландлиги 72 метр бўлган минора 12-аср бошида қурила бошланган ва фақат 15-аср ўрталарида қуриб битказилган.

Бу минора беш қаватдан иборат бўлиб, энг қуйи қаватида ғишт деворларига Қуръон суралари ўйиб ёзилган. Бундан ташқари, бу қаватдаги ғиштлар қумтошдан, икки энг юқори қават эса мармардан қилинган.

Истанбулда Султон Аҳмад I (1603-1617) даврида қурилган олти минорали Аҳмадия масжидининг тарихи жуда қизиқ.

Ўша пайтларда фақат Маккадаги Масжидул Ҳарамда 6 та минора бўлган, қолган барча масжидларда эса уларнинг сони камроқ эди. Аҳмадия қурилиши тугаллангач, Султон миноралари сони Байтуллоҳга тенг келадиган масжид қурдиргани учун қораланган. Султон кераксиз гап-сўзларга йўл қўймаслик учун миноралардан бирини бузиб ташлашга қарор қилди, аммо Султон Аҳмад масжидидаги минорани бузиб ташлагандан кўра, Маккада яна битта минора қуришни маъқул кўрди. Шу тариқа Султон Аҳмад Байтуллоҳ масжидида еттинчи минора қурдирган. 

Замонавий ҳаёт минораларни тартибга солишга ўзига хос тузатишлар киритди. Энди аксарият ҳолларда муаззинга шарафага кўтарилишнинг ҳожати йўқ – дунёнинг ҳар бир томони учун биттадан тўртта карнай ўрнатилган бўлиб, улар азон товушини бутун атрофга тарқатади.

Бир қатор Ғарб давлатларида миноралар қуриш тақиқланган. Швейцария бу ишни 2009 йилда бошлаган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

953 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1041 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

688 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1367 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

721 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1472 15:30 07.06.2023
« Орқага