Бугун Президент Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яқинда юз берган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашди. Президентимиз қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда вазиятнинг авж олишини тўхтатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини чин дилдан олқишлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўтказилган тадбирларнинг сермаҳсул якунларини муҳокама қилдилар.
Устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларни рўёбга чиқариш, шу жумладан “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Бўлажак олий даражадаги, шу жумладан минтақавий тузилмалар доирасидаги учрашувларга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.