Мисрнинг вақф вазирлиги мамлакатдаги барча масжидлардан хайрия қутиларини олиб ташланиши ҳақида қарор қабул қилган.
«Масжидларда бирон-бир сабабга кўра пул йиғиш, хайр-эҳсон ва моддий ёрдам пулини йиғиш тақиқланади, масжид ичкарисида ва ташқарисида бирон-бир партия ва жисмоний шахслар томонидан эҳсон қутиларини қўйиш қатъиян ман этилади», — дейилади қарорда.
Қарор бажарилиши учун вақф вазири Муҳаммад Мухтор Жума масжидларга ўн кун вақт берди.
Масжидларга нақд пул эҳсон қилиш энди махсус жараён билан амалга оширилиши керак бўлади. Бунга кўра, эҳсонлар Миср Марказий банкининг Масжид ва зиёратгоҳлар қурилиши жамғармасига ёки банкдаги махсус хайрия ҳисобига ўтказилади
Extra News телеканалида чиқиш қилган вазирликнинг диний шуъбаси раҳбари Ҳишом Абдул Азизнинг тушунтиришича, таъқиқ «юқори даражадаги шаффофликка эришиш» учун қилинган.
Унинг тушунтиришича, бу қарор хайрияларни тақиқлашни англатмайди, аксинча, маблағ йиғиш жараёнини қонунийлаштиради. «Ушбу ҳаракат молияни рақамлаштириш ва молиявий қулайлик нуқтаи назаридан амалга оширилмоқда», дея қўшимча қилди у.
Шанба куни Ислом ишлари бўйича Олий кенгаш аъзоси Холид ал-Жундий бу ҳаракатни маъқуллаб DMC телеканалига хайрия қутилари коррупцияга йўл очишини ва миллий хавфсизликка таҳдид солишини айтган.
Бироқ ҳозирда маблағлар давлат ҳисоб рақамлари орқали йўналтирилаётгани ва уларни масжидларга сарфланмаслиги ҳақида хавотирлар бор.