Дунё иқтисодиёти пандемиядан азият чекаётган ва глобал ЯИМ 3.9 фоизини йўқотган бир пайтда Миср рекорд даражада ўсди. 2020-2021 йилларда иқтисодий ўсиш 3 фоизни ташкил этди. Натижада, Миср ҳукумати Вашингтондан узоқ кутилган мақтовни эшитди.
Миср иқтисодий ўсиши модели узоқ йиллар давомида давлатнинг инфратузилма ва кўчмас мулкка инвестиция киритишига боғлиқ бўлиб келди. Бу лойиҳаларни молиялаштириш эса кредитлар орқали амалга оширилди: оқибатда, давлат қарзи мисли кўрилмаган даража – 137 миллиард долларга етди.
Коронавирус пандемиясидан кейин бошланган Россия - Украина уруши бу “молиявий ҳийла”ни пучга чиқарди. Бир томондан ҳар йили Миср ғазнасига 13 миллиард доллар даромад келтирадиган туризмга оғир зарба берилди. Иккинчи томондан эса, буғдой ва ёғ нархининг ўсиши бюджетга жуда катта молиявий босим кўрсатди.
Миср – нефть ва нефть маҳсулотларининг нетто-импортери бўлиб, ҳар йили 120 миллион баррель “қора олтин” сотиб олади. Сўнгги йилларда ҳукумат нефтнинг 61 доллар атрофидаги нархига боғлаб, бюджетни ишлаб чиқаётган эди. 1 баррель нефтнинг 120 долларга чиқиши ва 150 долларгача кўтарилиши ҳақидаги прогнозлар эса Миср бюджетига ассигнацияларнинг икки баробар кўпайтирилишини тақозо этади.
Яна бир муаммо: буғдой ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи билан боғлиқ. Миср дунёнинг йирик буғдой импортёрларидан бири. 2021 йилда мамлакатга 11.6 миллион тонна буғдой олиб келинган. Миср таъминот масалалари вазири Али Мусалҳийнинг маълум қилишича, ҳукумат 1 тонна буғдой баҳоси 255 доллар атрофида бўлишини тахмин қилган. Aммо ҳозир 350 доллар тўлашга мажбур бўлмоқда. Бу нуқтада муаммо янада чуқурлашиши мумкин: Миср 86 фоиз ғаллани Россия ва Украинадан сотиб олади. Оқибатда, Қоҳира янги буғдой манбаларини қидиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, янада қиммат нархларда ғалла харид қилишни тақозо этади.
Бу вазият ҳукуматнинг нархларни янада оширган, маошлар музлатиб қўйилган ва субсидиялар бекор қилинган пайтида вужудга келди. Ҳозирда Мисрда электр, сув ва ёқилғига субсидиялар амалда бекор қилинган, озиқ-овқат маҳсулотларига эса ажратилган субсидия озайган. Бундан ташқари, нон вазни камайгандан сўнг нонга бўлган дотацияларни кисқартириш режалаштирилган.
1977 йилда Анвар Садатнинг "Истеъмол маҳсулотлари нархини кўтариш тўғрисида"ги қарори одамларни кўчага чиқишга мажбур қилган эди. Шунинг баробарида, Мисрнинг янги тарихидаги энг йирик ижтимоий характердаги норозилик намойишларига сабаб бўлганди. Мисрда "нон исёнлари" номини олган ҳодиса 80-йилларда минтақадаги бошқа араб давлатларига ҳам ёйилди. 1984 йилда Тунис ва Марокашда, 1988 йил Жазоир ва 1996 йил Иорданияда "нон исёнлари" юз берган.
Эндиликда Миср бу ҳодисани яна бир бор бошдан кечириши мумкин. Мисрлик бизнесмен-диссидент 2019 йилда президент Абдулфаттоҳ Сисий билан боғлиқ коррупциявий схемаларни фош этгач, мамлакатни 2015 йилда бошланган иқтисодий ислоҳотлардан норози одамларнинг намойишлари қамраб олади.
Шундай бўлса-да, юқорида тилга олинган ҳолатларда сиёсий ва ижтимоий кучлар жамиятни ортидан эргаштириш, намойишларга бошчилик қилиш ва сиёсий талаблар ишлаб чиқишга тайёр эди. 1977 йилда Мисрда "Янги сўллар"нинг талабалар ва ишчилар орасида бошланғич гуруҳлари бўлган. Шунингдек, диний ҳаракатлар тобора кучайиб бораётганди. Шу давр фаоллари Мисрнинг кейинги ўн йилликдаги сиёсий ва маданий ҳаётига бошчилик қилди. Тунисдаги 1984 йилги қўзғолон Нахда ҳаракатининг бошланиши бўлди. Жазоирдаги исён эса Қутқарув Фронтининг 1991 йилдан бошлаб давлатни бошқаришига йўл очди.
Сисий 2013 йил ҳокимиятга келгандан сўнг ўзининг сиёсий рақибларини йўқ қилишни бошлади. 2013-2015 йилларда мамлакатда турли диний ҳаракатларга зарба берилди. Шундан кейин дунёвий сиёсий фаолларга эътибор қаратилди. Оқибатда, Миср ҳукмдор овозидан бошқа овоз бўлмаган полиция давлатига айланди.
Хавфсизлик органлари фуқаролик жамияти фаоллари ва хуқуқ ҳимоячиларини доимий равишда таъқиб қилади.
Бундай шароитда норозилик доимий равишда тўпланиб борди. Аммо бирлаштирувчи куч йўқлиги учун ташқарига чиқмади. Шу сабабли, бу сафар қашшоқ аҳоли сиёсий эмас, балки "нон исён"ларини кўтариши мумкин.