Маълумки, марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг вафотлари юртимиз мусулмонлари учун қаттиқ зарба бўлди. Аллоҳ у зотнинг қилган эзгу ишларини ўзларига ҳамроҳ этган бўлсин.
Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ким раҳбар бўлиши ҳақида турли хил гап-сўзлар, ҳатто айрим тармоқ фойдаланувчиларининг гумонлари ҳам тарқалиб кетди.
Шу сабабли мазкур масалага аниқлик киритиш учун диний идора масъулларига муфтий лавозимига сайлов бўлиш-бўлмаслиги ҳамда кимларнинг номзоди қўйилаётгани ҳақида савол билан мурожаат қилдик.
Диний идора матбуот хизмати вакили Комилжон Бурҳоновга ушбу масала юзасидан мурожаат қилганимизда, у киши саволни телеграмдан бериш кераклигини айтди. Саволни ёзиб юборсак-да, кун бўйи жавобдан дарак бўлмади.
Идора раҳбарлари деярли бир овозда диний идора раҳбарлиги масаласи ҳали кўтарилмагани, бу масала уламолар кенгаши қарори билан ҳал бўлишини айтишди.
Диний идора ишлари юртимиз мусулмонларига тааллуқли ишлардир. Шунинг учун шу каби масалаларни махфийликда сақламасдан вақтида жавоб бериб турилса, омма ичида ҳам бемаъни миш-мишлар тарқалишининг олди олинар эди.
Таҳририятдан